Поранинг энг кам миқдори қанча?

Кўпчилик бирон идорага иши тушса, тўғридан тўғри мурожаат қилмайди. Таниш излайди.
- Келиним институтни тамомлади. Ишга жойламоқчиман. Бирон мактабда танишингиз йўқми, сизни ҳам рози қилардим.
- Ўғлим нуфузли идорада ишласа дейман, пули нақд.
Бундай мурожаатларга жавобан масалани қонунуий асосларда ҳал қилишни маслаҳат берсангиз, сиздан хафсалалари пир бўлишади. Нега шундаймиз? Бу ўзимизга ишончимиз камлигиданми ёки давлатга?
- Коррупция қонимизга сингиб кетган,-дейди узоқ йиллар мактабда таълим берган бир отахон.
Отахоннинг майда олди-бердилар ҳақидаги фикри ўйлантириб қўйди. Дарҳақиқат, ҳамшира «Қон олганим учун ҳеч бўлмаса 5000 сўм ташлаб кетинг» деса, тўғри қабул қиламиз. Кассир иш ҳақимиздан 10 000 сўм олиб қолса, «қоидаси шундай» деймиз. Буёғига рақамлар сал катталашади. Шифокорга рецепт ёзиб бергани учун 50-60 минг, талаба “нб”ни “отработка” қилиши учун 100-200 минг, электрикка ҳисоблагичнинг кўрсаткичини камайтириб бериши учун 200-300 минг ва ҳоказо. Кимгадир 50 минг сўм пора бериш эвазига давлатга камида 5 миллион сўм зарар етказишимизни ҳеч ўйлаб кўрганимизми? Пинагимизни ҳам бузмасдан бировларнинг чўнтагига пул солиб, жамиятда алолат йўқлигидан шикоят қилиш инсофдан бўлмаса керак.
Коррупциянинг яна бир кўриниши борки, бу “откат” ёки “бонус” дейилади. Кимнингдир чўнтагига кирадиган 10 сўм эвазига аслида баҳоси 1000 сўм бўлган буюмнинг 2000 сўмга сотиб олиниши корхонага озмунча зиён етказадими?
Яқинда бир танишим «Поранинг энг кам миқдори қанча экан, билмайсизми?» деб сўраб қолди. Ўзимча мушоҳада қилиб, «100 минг сўмдан кам бўлса пора саналмаса керак» дедим. Кейин 50 минг, сўнг 10 минг сўмга тушдим. Ўйлаб қаралса, таъмагирлик мақсадида олинган 1 сўм ҳам пора. Биз пора олиб, пора берар эканмиз, ўз оёғимизни тушовлайверамиз. Маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда 1 триллион АҚШ долларидан зиёд маблағ исрофкорона сарфланар экан. Бунда биз тилга олган 5000 сўмнинг ҳиссаси йўқ деб кўринг-чи. Коррупция давлатнинг камбағаллашувига, ҳаёт сифатининг пасайишига олиб келувчи иллат сифатида баҳоланиши бежиз эмас. Нафақат мамлакатимизда, балки бутун жаҳонда коррупцияга барҳам беришга эҳтиёж пайдо бўлганки, мақсадга ҳар биримизнинг иштирокимизсиз эришиб бўлмайди. Коррупциядан биринчи навбатда ижтимоий соҳа азият чекаркан. Дори-дармон, таълимга ажратиладиган маблағлар камайиши турмуш даражасининг пасайишига сабаб бўлади. Маълумотларга кўра, коррупцияга қарши кураш олиб борилган мамлакатда узоқ келажакка мўлжалланган даромадлар тўрт баробар ошаркан. Коррупциянинг камайиши эвазига болалар ўлими 75 фоизга камайиши кузатилган.
Коррупция қачон ривожланади? Мутахассислар фикрича, тизим қониқарсиз фаолият кўрсатганда, фуқаро ўз мақсадига эришиш учун қонундан ташқари ҳолат излашга мажбур бўлади. Шунингдек, давлат бошқарувида шаффофликнинг йўқлиги, айтайлик мутасаддилар ўз фаолияти билан кенг жамоатчиликни таништириб бормаслиги оқибатида ҳам коррупцияга йўл очилади. Тегишли маълумотга эга бўлмагандан кейин шахс ўз мақсадига қандай эришишни яхши билмаганлиги оқибатида кимдандир ҳиммат кутишга мажбур бўлади. Таҳлилчилар шунингдек, мутасаддиларга тўланадиган иш ҳақининг камлиги ҳам коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлишини билдиришган. Ушбу омилларни бартараф қилиш учун барчамиздан бирдамлик, муросасизлик, билим ва матонат талаб қилинади.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Ishonch.uz







