Суд касб касаллигига чалинган ўқитувчига қарийб 77 миллион сўм ундириб берди
Узоқ йиллар мактабда ишлаб келган ўқитувчи Ибодат Искандарованинг соғлиғи бирдан ёмонлашди. Тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида унда сурункали ларингит аниқланди. Демак, энди у ишни давом эттиролмайди.
Меҳнат кодексининг 321-моддасига кўра, иш берувчи ходимнинг соғлиғига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаб бериши керак. Аммо иш берувчи Ибодат Искандарова учун берилиши лозим бўлган тўловларни пайсалга солди.
Бундан норози бўлган фуқаро Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгашига шикоят йўллади.
Ходимнинг муддаоси батафсил ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, ходимнинг зарар пулларини тўлаб бериш мақсадида 18-мактаб директори Сайхунобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига бир неча маротаба оғзаки ҳамда ёзма равишда йўллаган мурожаати эътиборсиз қолдирилган.
Шундан сўнг масъуллар фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига ариза киритишди. Ниҳоят, суднинг тегишли қарори билан Ибодат Искандаровага иш берувчи ҳисобидан жами 76 миллион 928 минг 291 сўм ундириб бериладиган бўлди.
Баҳор ХОЛБЕКОВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0