Суюлтирилган газ нархини 1 кг учун 2000 сўмдан 5000 сўмгача ошириш таклиф этилмоқда
Ҳукумат қарори лойиҳасида аҳолига сотиладиган суюлтирилган газнинг чакана нархини ҚҚС билан бирга ҳар бир килограмм учун 5 000 сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, «LPG-Trade» МЧЖ ва лойиҳада иштирок этувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати учун чекланган нархни ҚҚС билан бирга килограммига 1 300 сўм этиб белгилаш кўзда тутилган. Қарор лойиҳасида бу ўзгариш 1 октябрдан амалга киритилиши белгиланган, аммо сана 1 ноябрь бўлиши мумкин.
Таклифга кўра, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида суюлтирилган газ харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Бунинг учун 2030 йил 1 январга қадар ҳар бир килограмм газ учун 3 000 сўмдан компенсация тўланади. Бироқ компенсация бир ойда кўпи билан 20 килограмм газ хариди учун берилади.
Ушбу ёрдам Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга, шунингдек, реестрга киритилмаган бўлса-да, моддий аҳволи бўйича ундаги оилалар мезонларига мос келадиган ва жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилаларга татбиқ этилади. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам компенсация олиши мумкин.







