Тошкентда яна тўртта кўчада BRT йўлаклари қурилади

09:03 | 17.10.2026
•
12
Тошкентда яна тўртта кўчада BRT йўлаклари қурилади
Катталаштириш

Тошкентда жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш мақсадида яна тўртта участкада автобуслар учун алоҳида BRT йўлакларини қуриш режалаштирилмоқда. Уларнинг умумий узунлиги 17,9 километрни ташкил этади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, янги йўлаклар Муқимий, Қоратош ва Кўкча Дарвоза, Паркент ҳамда Мирзо Улуғбек кўчаларида барпо этилади. Қизиғи, илгари ушбу йўналишларда трамвайлар ҳаракатланган. Трамвай қатнови 2016 йил май ойида тўхтатилган эди.

Лойиҳа доирасида Муқимий кўчасида 4,6 километр, Қоратош ва Кўкча Дарвоза кўчаларида 4,2 километр, Паркент кўчасида 2,8 километр, Мирзо Улуғбек шоҳкўчасида эса 6,3 километр BRT йўлаги қурилиши кўзда тутилган.

Ҳокимликка кўра, мутахассислар жамоат транспорти йўналишлари ўтадиган, умумий узунлиги 150 километрдан ортиқ кўча участкаларини таҳлил қилиб, ушбу йўналишларни танлаган. Лойиҳанинг асосий мақсади автобусларни тез, қулай ва хавфсиз транспорт воситасига айлантириш ҳамда шахсий автомобилларга қарамликни камайтиришдан иборат.

Ҳозирда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун бюджет шакллантирилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу ишларга тахминан 6,5 миллиард сўм сарфланиши мумкин. Маблағларни Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ажратиш режалаштирилган.

Қурилишдан олдин муҳандислик коммуникациялари ва коммунал тармоқлар ҳолати текширилади. Шунингдек, лойиҳада пиёдалар учун қулай йўлаклар, бекатлар, йўл кўрсаткичлари ва ёритиш тизимини ташкил этиш кўзда тутилган.

Айни пайтда Шаҳрисабз кўчасида 3,2 километрлик BRT йўлаги қурилмоқда. Кейинчалик ушбу тизимни Амир Темур шоҳкўчаси ва Янги Сергели кўчаси бўйлаб ҳам давом эттириш режалаштирилган.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади