Қyлупнайдан асло ютқазмайсиз
Уйчи туманининг Файзиобод маҳалласида яшовчи Қодиржон Алиев иссиқхонада қулупнай етиштиришиб нафақат оилавий даромадни оширмоқда, балки маҳаллий бозорларни ҳам янги ва сифатли маҳсулот билан таъминламоқда.
20 сотихлик замонавий иссиқхонада тадбиркор “Чарли” навли қулупнайни парвариш қилмоқда. У иссиқхона хўжалиги билан салкам ўн йилдан буён шуғулланиб келади.
— Илгари асосан помидор ва бодринг етиштирардим. Эндиликда Ўтган йили сентябрь ойидан 5 минг туп “Чарли” навли қулупнай экиб, гидропоника технологияси асосида ҳосил етиштиришни йўлга қўйдим. Бу усул сув ва ўғит сарфини тежаб, ҳосилдорликни ошириш имконини беради, — дейди Қодиржон Алиев.
Дастлабки ҳосил декабрь ойида олинган. Айни пайтда эса кунига 20 килограммдан ортиқ сара маҳсулот маҳаллий бозорларга етказиб берилмоқда. Ҳар бир килограммини бозорда 40-50 минг сÿмдан бўлган харидоргир маҳсулотни даромадини ÿзингиз ҳисоблаб олаверинг. Режага кўра, июль ойига қадар яна беш марта ҳосил олиш мумкин.
Албатта, қулупнай парвариши осон эмас. Ҳарорат ва намлик меъёрини доимий назорат қилиш, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоялаш, сифатли озуқа бериш катта эътибор талаб қилади. Шу боис иссиқхонада оиланинг тўрт аъзоси доимий меҳнат қилмоқда. Бу эса нафақат мўмай даромад, балки бандлик манбаи ҳамдир.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, қиш фаслида маҳаллий қулупнайга талаб юқори бўлади. Четдан келтирилган маҳсулотга нисбатан янги узилган, табиий таъмга эга қулупнай доим харидоргир.
Анваржон Ҳалимов
“Ishonch”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0