Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги “Навоий” чегара божхона пости очилди
ДБҚ, шунингдек, 2025 йил 1 феврал санасидан бошлаб 3 ой муддатга “Довуд ота” чегара ўтказиш пункти фаолият кўрсатмаслигини маълум қилган.

Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган ва янгидан буёнд этилган “Навоий” чегара божхона пости (“Зангиота” чегара ўтказиш пункти) 2025 йил 27 январдан эътиборан синов режимида иш бошлади.
Божхона қўмитаси берган маълумотга кўра, божхона постига туташ ҳудудда бир вақтда 500 дан ортиқ енгил автотранспорт воситалари, 100 дан ортиқ автобусларни қабул қилиш имкониятига эга замонавий автотураргоҳ барпо этилиб, унда халқаро йўналишда ҳаракатланаётган автобус ва енгил автотранспорт воситалари, шунингдек маҳаллий йўналишдаги йўналишли жамоат транспортлари ҳамда такси хизматлари йўлга қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси “Қоплонбек” (Ўзбекистон томонида “Навоий”) ўтказиш пункти очилиши ҳақида хабар берган эди.
Шунингдек, Қўмита “Навоий-Қоплонбек” назорат-ўтказиш пунктида 27 январдан 5 февралгача жисмоний шахслар, йўловчи транспорт воситалари ва автобусларнинг ўтиши чекланиши, 5 февралдан эса назорат-ўтказиш пункти тўлиқ қувват билан ишлай бошлашини қўшимча қилган. Кейинчалик, томонлар келишувига эришгандан сўнг, иккинчи босқичда ушбу ўтказиш пунктларида юк ташувчи транспорт воситалари ўтиши маълум қилинган.
Қайд этилишича, ушбу назорат-ўтказиш пунктида жисмоний шахсларни ўтказиш имконияти кунига 20 мингтага, автомототранспорт воситалариники эса 800 тагача ошиши кутилмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Божхона қўмитаси Қозоғистоннинг “Тажен” (Ўзбекистон Республикасининг “Довуд ота”) чегара ўтказиш пункти орқали шахслар, енгил автомобиллар, автобуслар ҳамда рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобиллари ҳаракати 2025 йил 1 феврал санасидан бошлаб 3 ой муддатга вақтинча тўхтатилиши ҳақида хабар бермоқда.
Мазкур чекловлар чегара ўтказиш пунктларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан Қозоғистон Республикаси томонидан жисмоний шахслар ва транспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган.
Маълумот учун, бунда рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларининг “Тажен” (Қозоғистон) – “Довут ота” (Ўзбекистон) чегара ўтказиш пункти орқали ҳаракати узлуксиз давом эттирилади.







