ТИЛ ФИДОЙИЛАРИ ҚАЕРДАСИЗ?
Халқимиз иродаси билан ўзбек тили 1989 йил 21 октябрь куни юртимизда Давлат тили мақомига эга бўлди.

Ҳали Шўро давлати қудратда бўлган замонда содир бўлган бу тарихий ҳодиса - истиқлол баҳорининг илк ғунчаси - илм аҳли, ижод аҳли учун чинакам байрам эди. Қалбларимиз нурланди, дўппини осмонга отдик ва... хотиржам бўлдик.
Ваҳоланки, тилга Давлат мақомининг берилиши узоқ йиллар давом этадиган, барча касб эгаларининг сафарбарлигини, айниқса, зиёлиларнинг тинимсиз меҳнатларини талаб қиладиган умуммиллий жараённинг бошланиши бўлган эди.
Ўша қалтис ва шукуҳли йилларнинг жўшқин баҳсларига, жонбозликларига шоҳид бўлган бир қаламкаш сифатида бугун афсус ва ўкинч билан ўйлайман: Она тилимиз фидойилари қанилар? Ҳар йили 21 октябрни табаррук кундай нишонлашимиз, тил байрамларини ўтказишимиз дуруст.
Лекин Она тилимизни бойитиш, атамалар устида ишлаш, чет тилларидан кирган сўз ва терминларга муносиб ўзбек сўзларини топиш устида ғайрат ва жонбозлик ҳали етарли даражада эмас.
Тилшунос олимларимиз, таржимонларимиз, айниқса ижодкорлар олдида улкан вазифалар бор.
Тилимизнинг Навоий замонидаги қудратини тиклаш, бадиий, илмий, расмий тил бойлиги учун астойидил жон койитишимиз керак.
Тилимизни чинакам давлат тилига айлантириш ҳаммамиз ва ҳар биримизнинг, мен ўзбекман деган ҳар бир инсоннинг шарафли вазифасидир.
Эркин ВОҲИДОВнинг
“Сўз латофати” китобидан
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият"Ўзбекистон санаторийлари билан танишиб, Озарбайжондаги имкониятларни ҳам тарғиб қиляпмиз," – Лейла ФАТХИ делегация аъзоси
Жамият




