Ўзбекистон ва Қозоғистон сув ресурсларини биргаликда бошқаришнинг янги босқичига ўтди
9 июль куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.
Мазкур битим 2025 йил 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган бўлиб, у икки мамлакатнинг умумий сув ресурсларидан адолатли ва самарали фойдаланиш, уларни биргаликда бошқариш ҳамда давлатлараро аҳамиятга эга сув хўжалиги объектларининг ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳужжатга мувофиқ, трансчегаравий сув объектларини бошқариш бўйича Ўзбекистон–Қозоғистон ҳукуматлараро комиссияси ташкил этилади. Ушбу комиссия умумий сув ресурсларидан фойдаланиш, давлатлараро гидротехника иншоотларини эксплуатация қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга оид масалаларни мунтазам муҳокама қилиб боради.
Шунингдек, томонлар сув хўжалиги соҳасида ахборот алмашинувини кенгайтириш, сув ресурсларини бошқариш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олган.
Мутахассислар фикрича, мазкур битим трансчегаравий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув танқислиги билан боғлиқ хавфларни камайтириш, эҳтимолий келишмовчиликларнинг олдини олиш ва минтақада сув соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Маълумки, Ўзбекистон ва Қозоғистон Сирдарё ҳавзасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланади. Ушбу сув манбалари икки мамлакатда қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш, аҳолини ичимлик ва техник сув билан таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда экотизимлар барқарорлигини сақлашда муҳим ўрин тутади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур битим Ўзбекистон томонидан ҳам тасдиқланган. Шу муносабат билан 2026 йил 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-88-сон қарори қабул қилинган.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0