Ўзбекистонда янги пенсионерларнинг 61 фоизи тўлиқ иш стажига эга эмас

Ўзбекистонда тўлиқ иш стажига эга бўлмаган ҳолда пенсияга чиқаётган фуқаролар улуши сўнгги йилларда сезиларли даражада ошган. Пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, 2010 йилда янги тайинланган пенсиялар орасида тўлиқ иш стажига эга бўлмаганлар улуши 6 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 61 фоизга етган.

10:00 | 25.08.2026
205
Ўзбекистонда янги пенсионерларнинг 61 фоизи тўлиқ иш стажига эга эмас
Катталаштириш

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, тўлиқ пенсия тайинланиши учун эркаклар камида 25 йил, аёллар эса 20 йил иш стажига эга бўлиши керак. Ушбу талабга жавоб бермайдиган фуқароларга эса мавжуд иш стажига мутаносиб равишда тўлиқ бўлмаган иш стажи билан пенсия тайинланади.

Шу тариқа, бугун ҳар уч нафар янги пенсионернинг қарийб икки нафари тўлиқ иш стажисиз пенсияга чиқмоқда. Умумий пенсионерлар таркибида ҳам тўлиқ иш стажига эга бўлмаганлар улуши ошган: 2010 йилда бу кўрсаткич 3 фоиз бўлган бўлса, 2025 йилда 39 фоизни ташкил этган.

Пенсия жамғармаси бу ҳолатнинг асосий сабаблари сифатида норасмий меҳнат муносабатлари, иш ҳақининг «конверт»да тўланиши, ижтимоий солиқнинг тўланмаслиги, меҳнат фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатларнинг архивга топширилмаслиги ҳамда айрим даврларда фуқароларнинг расмий иш билан таъминланмаганини келтирмоқда.

Маълумотларга кўра, пенсионерларнинг 47 фоизи ойига 820 минг сўмдан 1 миллион сўмгача пенсия олади. Пенсия миқдори фуқаронинг расмий иш стажи, меҳнат фаолияти даврида олган иш ҳақи ва тўланган ижтимоий солиқ миқдорига бевосита боғлиқ.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

415 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади