Жорий йилда Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади
Ўзбекистон Президентининг тегишли қарори билан буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш белгиланди.
Қарорга кўра, 2026 йил давомида Ҳаким Термизийнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилади.
Жумладан, аллома меросига бағишланган халқаро илмий конференция ўтказилади, унинг асарлари ва илмий меросига оид тадқиқотлар тайёрланади. Ҳаким Термизий асарларининг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашр этилади.
Шунингдек, алломанинг ҳаёти ва илмий меросини кенг ёритувчи ҳужжатли фильм, эсдалик буюмлари, почта маркалари ва бошқа кўргазмали ахборот воситалари тайёрланади.
Қарор асосида Ҳаким Термизий ёдгорлик мажмуаси ва унга туташ ҳудудлар ободонлаштирилади. Алломага оид қўлёзмалар, қадимий китоблар ва ноёб асарлар тадқиқ этилиб, реставрация қилиниши ҳамда зарур даражада сақланиши таъминланади.
Ёшлар ўртасида Ҳаким Термизий асарлари бўйича «Ҳаким Термизий асарлари билимдони» танлови ўтказилади.
Шунингдек, алломанинг 1200 йиллиги муносабати билан 2026 йил ноябрь ойида «Мардлар майдони» шиори остида юқори савияда кураш турнири ташкил этилади. Турнирнинг халқаро нуфузини ошириш ва халқаро брендга айлантириш чоралари кўрилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0