ШУШАДА ЯНГИ ТАШКИЛОТГА АСОС СОЛИНДИ
Озарбайжоннинг маданий пойтахти Шуша шаҳрида Қозоғистон, Озарбайжон,
Туркия ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида Туркий давлатлар
касаба уюшмалари ташкилотини тузиш тўғрисида Битим имзоланди
Туркий тилли давлатлар ўртасидаги ўзаро мулоқотлар, муаммо ва ривожланиш истиқболларини биргаликда белгилаш, алоқаларни ривожлантиришга устувор масала сифатида қаралаётгани эътирофга лойиқ иш, албатта. Шуни алоҳида айтиш керакки, ташкил этилган илк йилларда, фақат мафкуравий руҳият асосига қурилгандек таассурот уйғотган мазкур ташкилот — Туркий давлатлар ташкилоти бугунга келиб, чин маънода иқтисодий, ижтимоий-маданий халқаро институтга айланиб бораётганини кўришимиз мумкин. Бирлашманинг нуфузи, характери ва унга бўлган эътиборнинг ортишида Ўзбекистоннинг сезиларли таъсири бор. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас.
Гап айни ташкилот ўз фаолиятини жадал кенгайтираётгани ҳақидадир. Бир замонлар қизиқиш доираси мафкуравий, очиқроқ айтганда, кўпроқ этномаданий характерни акс эттирган бу ташкилот айни дамда барча жабҳаларда жуда фаол. Буни ташкилотга аъзо давлатлар касаба уюшмалари федерациялари ҳамкорлиги мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шу йилнинг 27-30 июль кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Озарбайжонга ташрифи айни нуқтаи назардан тарихий аҳамият касб этди, дейиш мумкин.
Қирғоқларини Каспий денгизи ювиб турадиган Боку бир қарашда, ўзида ҳам Шарқ, ҳам Ғарб меъморий анъаналарини уйғунлаштирган шаҳар ўлароқ таассурот қолдирди менда. Кейинги йилларда шаҳарсозлик хийла ривожланган. Буни барча йирик постсовет кентларида учратадиганимиз совет анъанавий архитектурасининг кўздан панароққа ўтганида ҳам англаш мумкин. Кенг ва равон кўчалар, шаҳарнинг сокин ва озодалиги, бошкентнинг ўта маданият ва дид билан лойиҳалаштирилгани Боку ўзининг янги умрини бошлаётганидан дарак бериб турарди, гўё.
Ҳарорат Тошкентга нисбатан беш-олти даража пастроқ бўлса-да, ҳаво дим. Бу намликнинг юқорилиги ҳисобига бўлиши мумкин.
Делегациямиз пойтахтдаги «Fairmont» меҳмонхонасига жойлашди. Бу ерда биздан ташқари, туркиялик, қозоғистонлик ҳамда қирғизистонлик меҳмонлар, ҳамкасбларимиз ҳам қўним топишди. Вақт тиғиз бўлгани учун ишга тез киришилди. Федерациялар раҳбарларининг мулоқотларига тармоқ касаба уюшма вакиллари ҳам қўшилишди.
28 июль куни тонгдан меҳмонларнинг Озарбайжоннинг биринчи президенти Ҳайдар Алиев мангу қўним топган Хотира майдонига ташрифи уюштирилди. Ушбу майдоннинг маҳобати қардош элнинг ўз улуғларига бўлган чексиз эҳтироми рамзи ўлароқ кишида чуқур таассурот уйғотиши табиий. Меҳмонлар майдонда дафн этилган Ҳайдар Алиев, умуман, Алиевлар сулоласи вакиллари, ушбу халқ тарихида ўзидан катта из қолдирган азиз инсонлар хотирасини ҳам ёдга олдилар.
Ушбу манзилга узоқ бўлмаган яна бир зиёратгоҳ — Шаҳидлар хотираси майдони меҳмонларнинг иккинчи қадамжоси бўлди. Мазкур майдон Озарбайжоннинг мустақиллиги ва озодлиги учун жонини қурбон қилган миллат қаҳрамонлари хотирасига барпо этилган. Суратлари қаторлаштирилиб тизиб чиқилган марҳум қаҳрамонларнинг ёшлари, ижтимоий мавқелари турлича бўлса-да, уларни бирлаштириб, бир жойга жамлаб турадиган бир сана бор: 1990 йил, 20 январь. Улар шу куни ҳаётдан кўз юмганлар...
Албатта, «қайта қуриш» оёқлаб собиқ иттифоқ «қулаётган» кезларда бу ўлкада юз берган суронли воқеаларни кўпчилигимиз яхши эслаймиз. Озарбайжон халқига мустақиллик, бугунги озодлик ўз-ўзича келмаган. Унга катта йўқотишлар, ситамли айрилиқлар эвазига эришилган. Майдондан 1992 йилда Тоғли Қорабоғда бўлиб ўтган қонли тўқнашувлар қурбонларига ҳам алоҳида ўрин берилган.
Озар дўстларимиз ўзларига яқин деб билган биз қардошларни шу куни Озарбайжон халқининг қалб қўри тикилган Тоғли Қорабоққа таклиф этишди. Бунда катта рамзий маъно бор эди, албатта. Очиғи, пойтахтдан қарийб 400 чақирим нарида жойлашган бу ўлкага сафар Ватанни, унинг бир қарич ери, бир сиқим тупроғини муқаддас биладиган халқларимизнинг юртга бўлган садоқати, меҳрини ифода этиш учун ҳам арзирли манзил эди, назаримда. Манзил бўйлаб ўтган йигирма саккиз йиллик можароларнинг изларини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ҳа, бу даҳшатли уруш ва нотинчликлар оқибати ўлароқ, минглаб хонавайрон қилинган уй-жойлар, бутун-бутун қишлоғу овуллар, ҳалигача «ёпиқ» муҳри урилган минглаб гектар минадан тозаланмаган ёки хавфли ҳисобланган далаю қир-адирларнинг кўз олдингизда намоён бўлиши одамни кўп ўй-хаёлларга етаклаши табиий эди. Бир пайтлар бу манзилларда еттита аҳоли пункти бўлган ва уларда қарийб бир миллион аҳоли яшаган.
Тоғли Қорабоғ деб номлашга ўрганилган ушбу ҳудудга кираверишда ҳар бир киши жиддий текширувдан ўтказилар экан. Буни тушуниш мумкин. Аммо қатъийлаштирилган тартиб-қоидалар ўз йўлига, бу ҳудудда ҳаётнинг қайта изга тушишига, хусусан, бунёдкорлик, қуриш-қурилишга таъсир этаётгани йўқ. Қарийб юз километрдан кўпроқ масофада мамлакатнинг қурилиш салоҳияти бўй кўрсатиб турибди. Энг аввало, йўл инфратузилмаси яхшиланмоқда. Баланд тоғли ҳудудларга етгач, Озарбайжон йўлчиларига офарин, дейишдан бошқа баҳо топмадик.
Очиғи, оз фурсатда тоғлараро ўта сифатли, нишабликлар, паст-у баландликларнинг барча инжиқликларига ва замонавий шартларга жавоб бера оладиган йўл бизни ажиб хаёлларга чорлади. Балки, мавриди эмасдир, аммо биргина шу йўлнинг ўзиёқ қардош дўстларимизнинг ушбу тарихий ғалаба боис мустаҳкам бирдамликка эришганидан далолат бериб турар эди. Йўл ҳар қандай даврда ҳам мамлакатнинг иқтисодиётида, ривожланишида муҳим белги бўлиб хизмат қилади. Муҳим белгики, унга жуда кўп муаммоларнинг бош ечими сифатида ҳам қаралади. Шу маънода, Озарбайжон йўлчилари миллат ва халқнинг ишончини тўла оқлай олаётган мард ва жасоратли кишилар эканига гувоҳ бўлдик ва уларнинг меҳнатига таҳсинлар айтдик.
Шуша шаҳри бугун ушбу ўлканинг маданий маркази ҳисобланади. Ушбу шаҳарнинг қияликлар ва пасту баландликлар устида қурилаётган маъмурий ва маиший-маданий бино-иншоотлари, мактаб ва боғчалари, сайёҳлик объектлари ҳам дид билан ҳамда узоқни ўйлаб, пишиқ-пухта ва замонавий талаблар даражасида бунёд этилмоқда. Мени, айниқса, шаҳар аҳлининг маданияти хурсанд қилди. Ҳали тўла асфальт ётқизилмаган кўчаларга чанг кўтарилмаслиги учун пешма-пеш сув сепилмоқда. Меҳмонхоналардаги шароитлар эса Европа стандартлари билан бемалол бўйлашади. Иморатлар яқин чорак асрда қайта таъмирга эҳтиёж сезмайдиган даражада кўркам, салобатли ва энг муҳими, мустаҳкам қурилмоқда. Бу катта ютуқ.
Шуша тумани маъмурияти биносида Туркий давлатлар касаба уюшмалари Федерациялари ташкилотига асос солинди. Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистон касаба уюшмалари раҳбарлари ва вакиллари бу хусусдаги шартномани имзоладилар. Қирғизистон вакиллари кузатувчи мақомида бўлишди.
Ушбу ҳужжатни мамлакатимиз томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев имзолади. У маросимда сўзга чиқиб, қардош ҳамкасбларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов ва беш ярим миллион аъзоси бор ташкилотимиз номидан қизғин салом ва табрикни етказар экан, янги ташкилотнинг таъсис йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш таклифини илгари сурди.
Бу воқелик муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Зеро, илдизи бир бўлган қардош халқлар ўртасидаги яна бир ҳамкорликка асос солинмоқда. Бундан буён ушбу ташкилотнинг мақоми белгиланиб, ўзаро ҳамжиҳатликда низоми ишлаб чиқилади. Озарбайжон касаба уюшмалари федерацияси раиси Саттор Муҳибалиев ўз сўзида мазкур тарихий битимнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, бу қадам давлат раҳбарларининг яқинлик ва ҳамжиҳатлик сари юз тутаётган изчил сиёсатига ҳамоҳанг тарзда амалга ошаётганини қайд этди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилотини янада ривожлантириш борасидаги ташаббусларини эътироф этар экан, ушбу шаҳарда Ўзбекистон томонидан қурилаётган мактаб айнан мана шу якдилликнинг ўзига хос намунаси эканини таъкидлади.
Шушадан катта таассуротлар билан қайтаётганимизда кўнгилимиздан ажиб ҳиссиётлар кечди. Халқимизда пурҳикмат ва асрлар оша ўз исботини топган гап бор: «Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади». Агар юртда уруш бўлса-чи?.. Озарбайжон қарийб 30 йиллик жароҳатдан энди тикланиш сари юз тутаётган бир оила, хонадон янглиғ намоён бўлмоқда эди.
Дарҳақиқат, юрт тинчлигига тенг келадиган бойлик йўқ.
Жараёнлар эса давом этади. Муҳими, биз ўз дўстларимизга янада яқинлашмоқдамиз.
Хайрли бўлсин!
Ҳусан ЭРМАТОВ
Тошкент — Боку — Тошкент
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0