Москвада Ўзбекистон ва Россия ТИВ расмийлари учрашуви бўлиб ўтди
Москва шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон томонидан мамлакат ТИВ вазири ўринбосари Бобур Усмонов бошчилигидаги делегация Россия ТИВ ўринбосари Михаил Галузин ҳамда унинг делегацияси билан учрашган.
“Музокараларда бўлажак икки томонлама тадбирларга тайёргарликнинг бориши, энг аввало сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди”, – дейилади Ўзбекистон ТИВ тарқатган хабарда.
Россия ТИВ эса мазкур музокаралар ҳақида тўталиб, жумладан “Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик масалалари” ҳам муҳокама қилинганини ёзади.
“Давлатлараро мулоқотни янада чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари масалалари кўриб чиқилди. Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик, МДҲ, БМТ ва бошқа кўп томонлама платформаларда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Бўлиб ўтган фикр алмашиш Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни изчил мустаҳкамлашга интилиш руҳида ўтди”, – дейилади Россия томонининг расмий билдиришида.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0