Айб фирибгардами ёки жабрланувчида?
Негадир нафс ботқоғига тобора чуқурроқ ботаётганга ўхшаймиз. Саъй-ҳаракатларимизнинг барчаси унинг хожатини чиқаришга қаратилгандай. Даромад илинжида кеча-кундуз ишга муккамиздан кетиб, саломатлигимизга зарар етказганимиз, яқинларимиздан узоқлашганимиз ўз йўлига. Бир-биримизни алдаётганимиз, панд бераётганимиз, жиноятга қўл ураётганимиз ачинарлидир.
Ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари бир фуқарога иккита “Кобальт” ва битта “Спарк” автомашиналарини ҳеч қандай фоизларсиз кредит эвазига олиб беришни ваъда қилган фирибгар аёлни фош қилди. Бу хотамтойлиги учун, олдиндан амалга ошириладиган тўлов ва “хизмат ҳақи” эвазига ҳисоблаб жами юз миллион сўм сўраган.
Ким нима деса ишонаверадиган соддадил одамлардан Ботир исмли шахс ҳам уддабурролик билан фойдаланган. У ўзини соҳибкаромат фолбин сифатида эълон қилган. Буни исботлаш учун ҳамқишлоқларининг қорамолларини ўғирлаган. Сўнг эса катта миқдордаги пул эвазига “каромат” кўрсатиб уларни топиб берган.
Бундай ажабтовур мисолларни яна келтириш мумкин. Ачинарлиси, бугун рўй бераётган фирибгарликлар орасида булар жуда жўн ва “беозор”дай таассурот қолдиради. Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарликлар, телефон рақамларига турли хабарномалар юбориш орқали одамларни чув туширишлар, кимлардир ўз уйини, бисотидаги бор пулини ўз қўли билан бировга бериб юбориши... Гоҳида ўйланиб қоласан киши “фирибгар айборми ё жабрланувчи?” деб. Нафсимиз сабаб қопқонга илинмаяпмизми?
Эҳтиёжларимиз чегараси тобора кенгаймоқда. Чўнтагида хемири йўқ ҳам қимматбаҳо машина миниш илинжида. Калласида алиф йўқ эса олий маълумот олиб, банкда ишламоқчи. Кўрпамизга қараб оёқ узатмаслигимиз, бировнинг қаричи билан ўлчашимиз оқибатида ҳаётни мураккаблаштириб юборяпмиз. Бошқаларнинг ялло қилиб юрганини кўрган ёшларда ҳар қандай йўл билан даромад қилиш, тез бойиб кетиш истаги кучаймоқда. Натижада қанча иқтидорли ёшлар ўз салоҳиятини илм-фан, жамият тараққиёти йўлида сарфлашдан кўра, даромад йўлида қурбон қилишмоқда.
Оддий турмуш кечиришнинг ҳам ўз гашти бор. Минг долларлик кийим ҳам, юз минг сўмлик кийим ҳам бир хил вазифани бажаради. Қимматбаҳо машинада борадиган манзилга автобусда ҳам бориш мумкин. Уйингиз неча хона бўлмасин, бир хонасида яшайсиз. Шундай экан, нафсга эргашиб, ҳаётингизни мураккаблаштирманг.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0