АҚШ ва Канада ўзбек ҳуқуқшуносларини бирлаштирувчи ассоциация ташкил этилди

14:12 | 18.10.2026
•
21
АҚШ ва Канада ўзбек ҳуқуқшуносларини бирлаштирувчи ассоциация ташкил этилди
Катталаштириш

2026 йил 15 октябрь куни Вашингтон шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонасида Америка–Канада ўзбек юристлари ассоциацияси — ACULAнинг таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Ушбу ташаббус АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган ўзбек ҳуқуқшуносларини ягона касбий ташкилот атрофида бирлаштиришга қаратилган.

photo_2026-10-18_14-31-59.jpg

photo_2026-10-18_14-32-53.jpg

Таъсис йиғилишида ассоциациянинг асосий мақсадлари, устувор фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалари муҳокама қилинди. Жумладан, ҳуқуқшунослар ўртасида тажриба алмашиш, касбий ҳамкорликни ривожлантириш, ёш мутахассислар ва талабаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон билан АҚШ ва Канада ўртасидаги ҳуқуқий ва академик алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Ассоциация фаолияти доирасида мунтазам касбий учрашувлар, семинарлар ва ўқув машғулотларини ташкил этиш, устоз-шогирд дастурларини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳуқуқий форумлар ўтказиш режалаштирилган. Бу орқали хорижда фаолият юритаётган ўзбек ҳуқуқшуносларининг салоҳиятини бирлаштириш ва ёш мутахассисларнинг касбий ривожланишига кўмаклашиш кўзда тутилган.

Қурултой доирасида ассоциация президенти сайлови натижалари ҳам эълон қилинди. 14 октябрь куни ўтказилган овоз беришда етти нафар номзод иштирок этди. Якуний натижаларга кўра, 44 фоиз овоз тўплаган ҳуқуқшунос Эркинбай Абдуллаев ACULA президенти этиб сайланди.
Эркинбай Абдуллаев Ўзбекистонда давлат идоралари, банк тизими ва юридик таълим соҳаларида фаолият юритган. У халқаро ҳамкорлик ва ҳуқуқий маслаҳат бериш йўналишларида ҳам тажрибага эга. Айни пайтда АҚШнинг Огайо штатида тадбиркорларга бизнесни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатади. Шунингдек, Огайо штати давлат нотариуси лицензиясига эга.
ACULA президенти тавсиясига кўра, директорлар кенгаши томонидан Канадада истиқомат қилаётган ватандош ҳуқуқшунос Раҳматжон Собиров вице-президент этиб тасдиқланди.
Ассоциациянинг ташкил этилиши АҚШ ва Канадада яшовчи ўзбек ҳуқуқшунослари ўртасида касбий алоқаларни кенгайтириш, ҳуқуқий билим ва тажриба алмашиш учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ташкилотнинг Ўзбекистондаги юридик таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантириши ҳам режалаштирилган.
ACULA ташаббускорлари АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган ўзбек ҳуқуқшунослари, шунингдек, ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олаётган талабаларни ассоциация сафига қўшилишга ва унинг фаолиятида иштирок этишга таклиф этмоқда.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади