Ўзбекистонда қарийб 3,7 миллион киши камбағалликдан чиқди

Камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2025 йилда 5,8 фоизга тушган. Натижада қарийб 3,7 миллион киши камбағалликдан чиққан. Бу Жаҳон банкининг янги ҳисоботида қайд этилган.
Ҳисоботга кўра, 2021–2025 йилларда аҳоли истеъмоли ва даромадларининг ўсиши камбағаллик қисқаришида асосий омиллардан бўлган. Айниқса, иш ҳақи эвазига бандликнинг ортиши ва реал иш ҳақларининг кўпайиши муҳим роль ўйнаган. Шу даврда ўрта синфга мансуб аҳоли улуши 37 фоиздан 72 фоиздан зиёдга ошган, иқтисодий жиҳатдан заиф қатлам улуши эса 46 фоиздан 22 фоизга камайган. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2019–2024 йилларда аҳолининг қарийб ярми юқорироқ иқтисодий тоифага кўтарилган, 11 фоизи эса пастроқ тоифага тушган.
Бироқ Жаҳон банки камбағалликдан чиққан аҳолини барқарор ва юқори даромадли иш ўринларига ўтказиш муҳимлигини таъкидламоқда. Ҳисоботда янги иш ўринларининг катта қисми ҳануз қурилиш ва малакаси паст, норасмий фаолият турларига тўғри келаётгани қайд этилган. Мутахассислар кейинги босқичда ишчилар малакасини ошириш ва юқори маошли иш ўринларини кўпайтириш зарурлигини таъкидлаган.







