Дунёда болалар ўртасида ортиқча вазн муаммоси 4 баробар ошди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги 35 йил ичида дунёда 5–19 ёшли болалар ва ўсмирлар ўртасида семизлик даражаси 4 баробар ошиб, 2 фоиздан 8 фоизга етган.

17:35 | 12.10.2026
•
15
Дунёда болалар ўртасида ортиқча вазн муаммоси 4 баробар ошди
Катталаштириш

Масалан, 2024 йилда сайёрамиз бўйича 170 миллион нафар ўғил-қиз шу муаммодан азият чеккан. Уларнинг 70 миллион нафари 5–9 ёшли болалар, 100 миллион нафари эса 10–19 ёшли ўсмирлардир.

ЖССТнинг огоҳлантиришича, семизлик оғир тиббий ва ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган сурункали касалликдир. Хусусан, у болаларда юрак-қон томир хасталиклари, 2-тур қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликлар ривожланиши хавфини оширади.

Бундан ташқари, семизликка чалинган болалар тенгдошлари томонидан камситилиши мумкин. Бу эса уларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

Шу муносабат билан ташкилот болалар ва ўсмирларда семизликни даволаш бўйича илк глобал тавсияларини эълон қилди. Унга кўра, муаммога қарши курашишда, аввало, соғлом овқатланиш, мунтазам жисмоний фаоллик ва турмуш тарзини ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

ЖССТ 10 ёшгача бўлган болаларда вазн камайтириш учун дори воситалари ва жарроҳлик амалиётларидан фойдаланишни тавсия этмайди. 10–19 ёшли ўсмирларда эса мутахассислар назоратидаги комплекс дастурлар кутилган натижани бермаган тақдирдагина, тасдиқланган дори воситаларини қўллаш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.

Бундан кўзланган асосий мақсад шунчаки вазнни камайтириш эмас, балки уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини яхшилаш, соғлом ривожланиши ҳамда ҳаёт сифатини таъминлашдан иборат.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади