Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 968.34-6.64

  • EUR

    13 492.26-48.43

  • RUB

    132.32-0.74

+1C

+1C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+1c

  • Hozir

    +1 C

  • 18:00

    +1 C

  • 19:00

    +0 C

  • 20:00

    +0 C

  • 21:00

    -0 C

  • 22:00

    -0 C

  • 23:00

    -0 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Payshanba, 30-January

+1C

  • Hozir

    +1 C

  • 18:00

    +1 C

  • 19:00

    +0 C

  • 20:00

    +0 C

  • 21:00

    -0 C

  • 22:00

    -0 C

  • 23:00

    -0 C

  • Payshanba, 30

    +1 +20

  • Juma, 31

    +2 +20

  • Shanba, 01

    +4 +20

  • Yakshanba, 02

    +6 +20

  • Dushanba, 03

    +6 +20

  • Seshanba, 04

    +7 +20

  • Chorshanba, 05

    +8 +20

  • Payshanba, 06

    +10 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Германиядан қайтгач, отилган ўзбек ёшлари изидан...

Адабиёт фақат тарбия воситаси, эмас, бунинг учун педагогика фани бор. Адабиёт санъат, у сизни даволаб қўймайди, лекин умум оғриқлар, асрий касалликлар илдизини топади ва уни кўрсатади. Ёзувчи миллат оғриқларининг ташҳисчисидир.
Маданият ва маърифат
776 15:02 | 11.03.2024 15:02


Абдулла Қаҳҳор бир замонлар «Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас», – деганида фавқулодда бугунги кунларимизни назарда тутмаганмикан, деган хаёлга ҳам бориб қоласан, киши. Ҳар қалай, у яшаган замонларда адабиётга қараш бугунгидек жўн бўлмаган.


Масалан, у даврларда истаган кимдир истаган одами ҳақида роман, ўзи ҳақида чучмал достон ёзиш учун адабиёт остонасини бемалол хатлаб ўтиб кетавермаган. Бу даргоҳга киришнинг маълум қонун-қоидалари бўлган.


Ўша қоидаларнинг бугун йўқолиб қолгани, адабиёт баайни дарвозасиз бир қўрғонга айланиб қолаётганини бугун бизга “адабиёт”, деб тақдим этилаётган кўплаб китоблар мисолида кўриш мумкин. Ўз легитимлигини миқдор ва оломон тафаккури қўллови билан мустаҳкамлаб бораётган “кўча адабиёти” бугунги глобал маданий дунёнинг тан олинган “қадрияти”. Аммо бу дунёда санъат, деган тушунча бор ва у ўлиб битмаган экан, адабиётнинг, сўзнинг ўрни муваққат эмас.


Гап сўз, очиқроғи, ижодкорнинг ўқувчига айтадиган гапи ҳақида кетар экан, бугун бадиий пишиқ-пухта, одамларнинг дардини, орзу умидларини ўзида ифода эта оладиган, кўнгилларга эстетик завқ улаша оладиган қувватга эга асарлар ҳам ёзилаётганини ва бундай китоблар қўлма-қўл бўлиб ўқилаётганиниям эътироф этиш керак, албатта.


Бундан бир неча йил илгари ўзининг илк романи – «Қўрқма» билан кўпчиликни ҳайратлантирган, “қўрқитган” ёш ижодкор Жавлон Жовлиевга ана шундай мақом насиб этди, назаримизда.


Дарҳақиқат, унинг романи жавонлардан жавонларга ўтди, қўлма-қўл бўлди, катта эътирофларга эришди. Хусусан, «Қўрқма» 2021 йилнинг май ойида Афғонистоннинг «Олтин қалам» мукофотига сазовор бўлди. Муаллиф Президентимиз томонидан «Келажак бунёдкори» давлат мукофоти билан тақдирланди.


Яқинда Жавлон Жовлиев Германияда бўлиб қайтди. Ёзувчи билан кечган суҳбатимиз сафар, бугунги адабий жараёнлар, ижтимоий ҳодисалар ҳақида бўлди.


– Жавлон, «Қўрқма» романини ёзиш вақтида ўз қаҳрамонларингиз билан бирга ғойибона бўлса-да, Германияга саёҳат қилгансиз. Яқинда ўша давлатда бўлиб, асарда ўзингиз тасвирлаган жойларни кўриб келдингиз. Хўш, таассуротлар қалай?


– Дарҳақиқат, тасаввур қилиш бошқаю, уни ўз кўзингиз билан кўриш ўзгача экан. Сафар мобайнида Германия ҳақидаги фикрларим бутунлай ўзгарди. Биз учун доим Овропа сеҳрли маскан ўлароқ кўрсатилган, лекин асл ҳаётни кўриш доим қизиқ, айниқса, каминага, яъни Олмонияга бир учи боғланган асар ёзган одамга. Ташриф чоғида Германиянинг олтита шаҳрида бўлдик. Ўзбекистонлик талабалар, ишчилар, умуман, бу мамлакатда яшаётган ўзбеклар билан кўришдик. Ëшлар ишлари агентлиги бир хайрли ташаббусни бошлаган. Шу ғояга биз ҳам қўшилиб қолдик. Мақсад – Германиянинг нуфузли ташкилотларига ёш кадрларни жўнатиш, ёшларни ўқитиш.


Сафар асноси Ëшлар ишлар агентлиги томонидан шу пайтгача жўнатилган ёшлар ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинди.


Хулосаларим ҳақида айтадиган бўлсам, Германияда ҳаммаси қандайдир режага асосланганлигини кўрасиз, қишлоқ хўжалиги ҳам, саноати ҳам, ижтимоий ҳаёт ҳам тўлиқ тартибга солинган, фақат фикр эмас, у турфа хил. Ҳамма жойда шаҳар ва табиат уйғунлигини кўрасиз, шундай катта ишлаб чиқаришларга эга давлатнинг экологияси бунча яхшилигидан ҳайратланасиз, ҳатто. Хўш, улар бу даражага қандай эришган, дея ўз-ўзингизга савол берасиз.


Шундай бўлса-да, бу давлатнинг ҳам ўзига яараша камчиликлари йўқ эмас. Масалан, туғилишнинг камлиги, ишчи кучи етишмаслиги, вақт босими ва турли жиноятлар, бир жинсли никоҳ хуружлари кабилар. Лекин немис халқи бизнинг онгимизга сингдирилганидай қўпол ва «фашист» эмас экан, улар бир-бирига ҳушмуомала билан сўзлашади, қўлдан келганча ёрдам беришга тайёр, энг муҳими, сизнинг шахсий ҳуқуқларингиз, шаънингизга таъсир қиладиган бирор нарса демайди. Мени қувонтирган нарса айниқса, шу бўлди.


Биронта бўш, ташландиқ жойни учратмайсиз. Шаҳар марказларида йўллар тор, унчалик катта эмас, аммо тирбандлик йўқ. Ижтимоий транспорт яхши йўлга қўйилган. Дабдабали уйлар деярли йўқ. Муҳими ҳавоси жуда тоза.


Аслида бу давлат мен учун анча олдин, яъни романни ёзишга киришган вақтимда қадрли бўлиб қолганди. Ўша кезларда, албатта, қачондир у ерга боришимга ишонардим.


Буни қатор суҳбатларда ҳам айтганман. Тасаввур қилиб, қоғозга туширган шаҳарларни ўз кўзим билан кўрарканман, мени ажиб бир ҳис-туйғулар қамраб олди. Уларни сўз билан ифодалаб беришим мушкул.


Сафар чоғи Ҳайделберг шаҳрига поездда бордик, буни қарангки, бир пайтлар мана шу поездда менинг қаҳрамоним ҳам борарди. Ўша машҳур кўприк, қалъа, университет… Мен у ерларни қайта кўраётгандай бўлдим.


Ҳайделберг шаҳри ҳақида ёзаётганганимда тез орада бу ерга келиш хаёлимга ҳам келмаганди. 100 йил олдин ўзбек талабалари шу ерда ўқиганига ишониш қийин, лекин бу ҳақиқат.


Шаҳар яшаш учун дунёнинг энг қулай ҳудудларидан бири ҳисобланаркан. Табиати, тарихи, тузилмаси жуда зўр – таърифга тил ожиз. Муҳими бу ерларда бугун ҳам ўзбек ёшлари, талабалари бор. Улар ўқиб, ишлаб, ўз келажагини бунёд этмоқда.


Умуман, Германияда кўп соҳалар анча илгарилаб кетган. Айниқса, таълим, медицина соҳаси. Шу боис ўша вақтда етмиш нафар талабамиз бу мамлакатга юборилган эди. Гарчи ўша пайтда бу ишларнинг натижаси хайрли якун топмаган бўлса-да, ҳозир вазият ўзгарди. Агар улар тирик қолганда бугун кўп нарсалар ўзгарармиди. Шукрки, бугун давлатмиз раҳбарининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан нафақат Германияда, балки дунёнинг исталган жойида ўқиш, ўрганиш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.


Бизга берилган маълумотларга биноан, бугунги кунда Германияда 300 минг нафар тиббиёт ходимига эҳтиёж бор экан. Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари билан Германияда тиббиёт йўналиши бўйича саккизинчи ўринда турадиган университет ва унинг ҳузуридаги поликлиникада бўлдик. Касалларга эътибор ва докторлар малакаси жуда зўр. Шифохона тўлиқ IT нинг энг юқори технологиялари билан жиҳозланган. Болалар бўлимларида улар касалхонада эмас, қандайдир дам олишда.


Мени ажаблантирган ҳолат шундаки, бу ерда беморларни кимёвий гармонлар билан даволашдан воз кечилган, аксинча, уларнинг руҳиятига жиддий эътибор қаратилар, шунинг устида жиддий изланиш олиб борилар экан. Қувонарлиси, ушбу шифохонанинг раҳбарларидан бири ватандошимиз, яъни ўзбек экан. 20 йилдан буён шу ерда ишларкан ва у бугун беш минг ишчига эҳтиёж борлигини айтди.


Шунингдек, бу ердаги ватандошлар орасида ресторан бизнеси йўналишида катта ютуқларни қўлга киритган инсонлар борлигини эшитиб, кўриб, ғоят қувондик.


– «Қўрқма» романи жадидлар, жадидчилик ҳаракати ҳақида эди. Хусусан, 70 нафар талабани Германияга ўз ҳисобидан ўқишга жўнатганлар ҳам жадидлар эди. Ҳозир жадидлар, жадидчилик ғояларига ҳукумат алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу бўйича мақташга арзигулик ишларга ҳам улгурдик. Хусусан, Олий суд томонидан жадидлар номи оқланди. Сизнингча энди бу борада қандай йўл тутишимиз керак? Вақт ўтиб, бу бўйича олиб бораётган саъй-ҳаркатларимиз ҳам шунчаки пиар учун қилингандек бўлиб қолмасмикан?


Жадидларга муносабат тубдан ўзгаргани рост. Узоққа бормайлик, ҳатто 2015-2016 йилларда ҳам устозлар билан ўзаро суҳбатларда шу мавзуда фикр алмашиш, баҳслашиш хавотирли эди. Шу мавзуда гап кетгудек бўлса, улар хавотирга тушиб қолган вақтларини кўп кўрганман.


Жадидлар ҳақида гапиришга ҳамон тўсқинлик борлиги ҳақидаги миш-мишлар туфайли кўпчилик бунга эҳтиёткорлик билан ёндашарди. Ачинарлиси, ўша пайтлар жадидлар ҳақида гапирманг, эскилик, деган одамлар бугун «жадид-жадид» деб оғиз кўпиртирмоқда.


Аслида бу ҳам бизга ёпишган бир касаллик, тутумсизлик, уятсизлик. Лекин жадидлар борасида ҳақиқатлар тикланаётгани жуда яхши иш бўлди. Зотан, улар бизга мустабид тузумнинг аянчли оқибатларини ҳамиша эслатиб туради. Назаримда, жадидлар хусусида қанча кўп гапирсак, тарғиб қилсак, шунча оз. Айниқса, рус шовинистлари таҳлика кўтараётган бир пайтда жадидлар мавзуси долзарблашгани ҳам айни муддао бўлди.


Бугун ҳақиқат қарор топиб, шахсан давлат раҳбарининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан жадидларга катта урғу берилмоқда ва улар орқали қайсидир маънода бугунги куннинг гаплари ҳам айтиляпти. Улар тимсолида бугунги йўналишимиз, мақсадимиз ойдинлашмоқда.


Айниқса, Олий суд томонидан жадидларнинг оқланиши кўп йиллардан буён кутилаётган иш эди. Тўғри, бу жараён ҳар хил талқин қилинди. Кимлардир энди уларни оқлашдан нима наф деди. Бироқ бу жуда ҳам муҳим масала. Чунки зулм ҳеч қачон унутилмайди, тарихни ёқиб бўлмайди. Бугун қилган қилмишингиз юз йилдан кейин бўлса ҳам фош бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда айбсиз одам оқланиши, адолат қарор топиши керак.


Шу жиҳатлардан олиб қараганда, жадидларга бундан-да кўп эътибор қаратилиши тарафдориман. Аммо мазкур хайрли ташаббусдан айримлар шахсий манфаати учун фойдаланиши, кампаниябозликка айлантиришига қаттиқ қаршиман. Жадид сўзини чуқур англаган ҳар бир шахс ватанга худди улардек хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилиши даркор ва «агар мен мустабит тузум даврида яшаган бўлганимда худди улардек иш тутган бўлардим, нободо бундан кейин мамлакат озодлигига таҳдид туғилса, улар каби ҳамма нарсага, ҳатто жондан кечишга ҳам тайёр туришим керак», деган қатъий позицияда турмоғи жоиз, деб ҳисоблайман.


– Сизнингча замонивий адабиётимиз жадидлар орзу қилган поғонага кўтарилдими? Айрим ёши катта ижодкорлар бугунги адабиётни қандайдир турғунликка тушиб қолган, деб ўйлашяпти. Уларнинг наздида замонамизни акслантирадиган залворли асарлар яратилмаяпти…


– Яхши асарлар доим бўлган ва ҳар қандай шароитда бўлади. Фақат тан олишни билиш керак. Шу жумладан, охирги йилларда ўзбек адабиётида яхши асарлар яратилмади десак ижодкорларга нисбатан сал адолатсизлик қилган бўламиз. Адабиёт деҳқончилик бўлса-ки, бу йил мунча ҳосил олдик, келаси йил бунча оламиз дейдиган.


Аслида ижодкорларга қўллов, эътибор жуда муҳим. Ҳозир бозор иқтисодиёти, ҳам ишлаш, ҳам ижод қилиш жуда қийин. Абдуқаюм Йўлдошевнинг «Пуанкарре» қиссасида бу жараён жуда ўринли очиб берилган. Қорни тўқ одам ижод ҳақида ўйлайди. Яхши асар устида бош қотиради. Маиший муаммолари кўп, уйи йўқ, болалари оч ва юпун бўлса, ҳар қандай ижодкорнинг кўнглига адабиёт сиғмаса керак. Қалам ҳақи яхшиланиши керак. Адабиётчи инсонларнинг таъминоти яхши бўлса, ижод зўр бўлади, дейиш ҳам тўғри эмас. Унинг кўнгли, юраги, қалби тўқ бўлиши керак, у ижод учун келганини, ижод учун яшаётганини англаши керак. Турмушнинг қаттиқ тишлари эса доим ўткир, у кўпчиликни кесиб, майдадалаб ташлайди. Шундан омон чиққанлар тирик қолади. Адабиётни қўллаш, аслида келажакни қўллашдир.


– Умуман, адабиёт инсонни тарбиялашга хизмат қилиши керакми?


– Адабиётга фақат тарбия воситаси, эмас, бунинг учун педагогика фани бор. Адабиёт санъат, у сизни даволаб қўймайди, лекин умум оғриқларга, асрий касалликларнинг илдизини топади ва уни кўрсатади. Ёзувчи миллат оғриқларининг ташҳисчисидир. Адабиётда ҳамма нарса бор, тарбия, сиёсат, ижтимоий ҳаёт, дин, лекин нима бўлганда ҳам, у биринчи навбатда, сўз санъати, ижодкорлик, гоҳида унга биз бошқа нарсаларни юклаб ёки ундан кутиб хато қиламиз.


Маъжозий маънода айтганда, адабиёт бизнинг дардимизни, қаеримиз оғриётганини кўрсатиши, даволаш учун ечимлар беради. Кимдир даво топади, кимдир йўл, кимдир эса ҳеч нима.


Мухтасар айтганда, адабиёт миллатнинг юраги, Чўлпон айтганидек, адабиёт бизнинг юрагимиздаги кир ва доғларни тозалайди. Шунинг учун адабиёти бор миллат ҳамиша ривожланади. Кучли мамлакатларнинг адабиёти ҳам кучли, адабиёт миллатни ва халқни кучли қиладими, десангиз, мен бунга «албатта, ҳа», деб жавоб бераман.


– Интервьюларингизнинг бирида мактабларда эркак ўқитувчилар йўқлиги, қишлоқларда бутун бошли авлод отасиз вояга етаётгани, бунинг оқибати яхшилик билан тугамаслиги ҳақида куйиниб гапирган эдингиз. Ўша хавотирлар бизни узоқ куттирмагандек. Мана масалан, ўтган бир йилда 49 мингта оила ажрашибди. Демак, йилдан йилга тирик етим болалар сони ортиб бормоқда. Жамият таназзули ҳам аслида оила парокандалигидан бошланади, тўғри эмасми?


– Таассуфки, оилалар инқирози жуда катта муаммо ва ташвиш. Бир-бирини тушунмаслик, айниқса, қизларга, келинларга бўлган муносабат ҳамиша дилимни эзиб келади. Лекин бир нарса ҳам бор, адолатсизликларга энди кўпчилик кўнмаяпти, чидаб яшамаяпти, улар ҳаётини ўзгартиришга интиляпти, биз бу муносабатларда ҳам ўтиш давридамиз. Оила қуришда ва унинг ўсишида бошқаларнинг таъсири сақаланиб қоларкан, бу инқироз давом этади ва ўйлайманки, бу даҳшатли рақамлар ортиб боради.


Юқоридаги статистика ҳар биримизни ҳушёрликка чорлаши керак. Ҳеч ким шунчаки мажбурият ёки қоида тариқасида оила қурмаслиги лозим. Инчинун, мажбурий турмушнинг охири кўп ҳолларда парокандалик билан якун топмоқда. Оила қуришнинг эрта кечи йўқ. Бир қадрдон дўстимнинг бир гапи бор: «Мен ўттиз ёшдаман, дунё учун бу ёш оила қуриш учун энг мақбул ёш ҳисобланади, бизда бу олдинлаб кетгани учун мен айбдормасман». Менга унинг ишончи ёқади. У эрга тегиш ёши келгани учун тегмоқчимас, у ўз одамини топса тегади ва бунга бошқаларнинг аралашишини истамайди, энг муҳими, уни яқинлари тушунади. Ота-онаси «турмушга чиқ», деб қистамайди. Афсус, бундай ота-оналар жуда кам. Ундайлар кўпаймас экан, оғриқлар тугамайди, фожиалар ортиб бораверади.


Менингча, ҳар бир ёш ўз ҳаёти учун ўзи қарор қабул қиладиган, хорликка, зорликка қатъий қаршилик кўрсатадиган шахс бўлиб шаклланиши жоиз.


Хуллас, оила масаласидаги қарашларимиз ҳамон ўша юз йил олдинги давр билан бир хил. Жадидлар давридан буён бу масала долзарб. Ижтимоий муаммолар, ишсизлик ҳамон долзарб. Аслида оиланинг мустаҳкамлиги аввало моддиятга боғлиқ. Шу боис биз биринчи навбатда, ишсизликка қарши курашишимиз даркор.


Иккинчидан, муаллимларга, илмли шахсларга эътибор беришимиз керак. Жамиятда уларнинг обрўсини жойига қўйиш муҳим. Зиёли қатлам ўз ўрнида қадр топса, кўп масалалар ўз-ўзидан ҳал бўлар, балки. Бугун жамиятга илмли-билимли ўқитувчилар ҳар қачонгидан кўпроқ зарур. Зотан, бугунги болаларни фақат қўрқитиб, калтак билан тарбиялаш катта хато ва дунё бундан аллақачон воз кечган ва тўғри қилган.


Гап оилалар ҳақида кетаркан, яна бир нарсага алоҳида тўхталишни истардим. Кўпчилик эркаклар аёлларга паст назар билан қарашади. Бу мутлақо нотўғри. Чунки авлодларнинг ким бўлиб вояга етиши хотин-қизларга бўлган муносабатимизга боғлиқ. Хулоса ўрнида бир ривоятни келтирмоқчиман:


Айтишларича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: «Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?», – деб сўрабди.


Шунда ҳаким зот: «Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан», деб жавоб берган экан.


Агар биз аждодларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб, аёлларни ўқитсак, оиладаги муаммоларимиз ўз-ўзидан барҳам топади, назаримда.


– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!


Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ


суҳбатлашди



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
5/5

1

0

0

0

0

Қолдирилган изоҳлар (1)

22:35 | 11.03.2024

Rahmat katta!

Mақолага баҳо беринг
5/5

1

0

0

0

0

Мавзуга оид

Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат