Ички ишлар ходимлари Хоразмга саёҳат қилишди
Тошкент вилояти Ички ишлар ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ходимлар учун Хоразм вилоятига уч кунлик саёҳат ташкил этилди.

— Тўғриси, Хоразм вилоятига биринчи бор келишим, — дейди Оҳангарон туманида хизмат қилувчи майор Сарвар Умаралиев. — Айниқса, Ичан - қалъа менда алоҳида таассурот қолдирди. Боқий шаҳарлар – Самарқанд ва Бухородаги тарихий обидаларда бир-бири билан ўхшашлик кўрардим. Хива эса, ўзгача дунё экан. Ҳар бир объектнинг қурилиш архитектураси, дизайни умуман бошқача. Бу жойларга оила аъзоларимиз билан келишимиз янада қувонарли бўлди.
Саёҳатларга тез-тез бориб туриш аввало ходимлар ўртасида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлайди, шунингдек, руҳан тетиклашишига ёрдам беради деб ўйлайман. Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда бирлашган касаба уюшмаси қўмитасига катта раҳмат.
— Мен саёҳатга онамни олиб бордим, — дейди Тошкент туманида хизмат вазифасини ўтовчи яна бир ходим, майор Одилжон Турсунов. — Меҳмонхона шароитлари жуда яхши экан. Тарихий обидаларга борганимизда бизга гидлар ҳамроҳлик қилиб, батафсил тушунтиришлар берди. Онам бу ажойиб саёҳатни ташкил этганларни дуо қилиб, соҳа ходимларига юрт тинчлиги ва осойишталиги, халқ фаровонлиги йўлидаги хизматларига муваффақиятлар тилади.
Уч кун давомида саёҳатчилар Хоразмнинг бир нечта диққатга сазовор жойларида бўлиб, оила аъзолари билан кўнгилли вақт ўтказишди.
Охунжон Мустафоев,
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати
катта мутахассиси, лейтенант.







