Иккинчи хотинга уйландингми, демак, иккаласини ҳам таъминлашинг шарт — Қирғизистон президенти

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Баткен вилоятининг Баткен тумани аҳолиси билан учрашувда оиласини ажримдан кейин ҳеч нарсасиз қолдириб кетаётган эркакларни танқид қилди. Учрашувда аёллардан бири турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳда бўлган пайтида бошқа аёлга уйланганини маълум қилди.

15:31 | 12.10.2026
•
30
Иккинчи хотинга уйландингми, демак, иккаласини ҳам таъминлашинг шарт — Қирғизистон президенти
Катталаштириш

Шундан сўнг у никоҳни бекор қилиш ва мол-мулкни тақсимлаш бўйича судга мурожаат қилган. Бироқ эркак ўзи содир этган, аёл бехабар бўлган ҳуқуқбузарликларни унинг зиммасига юклашга уринган. Бундан ташқари, у аёлни ҳужжатларни сохталаштиришда айблаб, гўёки никоҳ гувоҳномасини сохталаштиргани ва унинг мол-мулкини тортиб олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида ариза ёзган.

«У таниқли тадбиркор, судьяларга пора беради», — деди аёл. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда уч нафар фарзанди билан ўзи яшаб турган уйдан исталган вақтда ҳайдалиши мумкин. Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Адилбек Бийбосунов эса ажрим жараёнида эркакнинг укаси келинига қарши ёлғон кўрсатма берганини маълум қилди. Аёл қайнисига нисбатан чора кўришни сўраган. Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Садир Жапаров ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларни ишга адолатли ёндашишга чақирди.

«Демак, аёл уч нафар фарзанди билан кўчада қолибди, эркак эса иккинчи хотини билан хотиржам яшаяпти? Бунинг устига, у хотинига қарши кўрсатма беришни ўз укасидан сўраяпти. Бу қандай бўлиши мумкин? Бу адолатдан эмас!

Бу ишни назоратга олинг, аёлга ёрдам беринг. Демак, у пул тарқатиб, ҳамма масалани ҳал қиляптими? Агар иккинчи хотинга уйланмоқчи бўлса, биринчи хотинига ҳамма нарсани қолдириб, ўзи ҳеч нарсасиз кетиши керак эди. Эркаклар бутунлай бузилиб кетибди! Японияда ажримлар деярли учрамайди. Чунки қонунда оиласини тарк этган эркак собиқ хотини ва фарзандларини умрбод таъминлаши белгиланган. Иккинчи хотинга уйландингми, демак, иккаласини ҳам таъминлашинг керак», — деди Президент.

Аёл, шунингдек, турмуш ўртоғи иккинчи хотини билан никоҳдан ўтгани ҳақида гувоҳнома олганини маълум қилди.

«Кўп хотинлилик учун бизда жавобгарлик белгиланган. Милиция, прокуратура, унга ёрдам беринглар. Уни ўзингиз чақириб, виждонига ҳавола қилишингиз, «Сизда уят деган нарса борми ўзи?» деб сўрашингиз мумкин эди. Ҳеч бўлмаса, болалари ҳаққи-ҳурмати, уйни аёлга қолдиришга ёрдам беринг», — дея давлат органларига топшириқ берди Садир Жапаров.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади