Яқин Шарқ яна ўзгаришлар арафасида
4 март куни Қоҳирада бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси саммитида Мисрнинг Ғазо секторини тиклаш борасида 53 миллиард долларга баҳоланаётган беш йиллик режаси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат тинчлик жараё¬¬ни учун муқобил йўлни таклиф қилиб, Дональд Трамп маъмуриятининг аввалги радикал таклифларини истисно этади
АҚШ режасига кўра, фаластинликлар бошқа араб давлатларига кўчирилиши, Ғазо эса қуролсизлантирилиб, халқаро ташкилотлар назоратидаги «Яқин Шарқ ривьераси»га айлантирилиши керак эди. Режа нафақат араб давлатлари, балки баъзи Европа ва АҚШ сиёсий доиралари томонидан ҳам кескин танқидга учради. АҚШ сенатори Крис Мёрфи ушбу ташаббусни телбалик деб атаган бўлса, етакчи араб давлатлари мажбурий кўчиришни минтақавий хавфсизликка таҳдид сифатида баҳолади. Бунга жавобан Миср, Саудия Арабистони, БАА ва Иордания аҳолини кўчиришни рад этиш, аммо Ғазони қайта тиклаш учун кенг кўламли дастурни амалга ошириш билан боғлиқ янги ечим таклиф қилди. Мазкур дастур араб дунёсида кенг қўллаб-қувватланаётган бўлса-да, унда Ғазо келажаги, ҲАМАС мақоми ва Исроилнинг бу ташаббусга муносабати борасидаги кўплаб саволлар очиқ қолмоқда. Ғазо секторини тиклаш бўйича Миср режаси чора-тадбирлар мажмуасигина эмас, балки узоқ йилларга мўлжалланган, пухта ўйланган стратегиядир.
У нафақат минтақани қайта тиклаш, балки унинг келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратишни мақсад қилади. Режа уч босқичдан иборат бўлиб, ҳар бир босқич кейингиси учун асос бўлиши керак. Олти ойга мўлжалланган фавқулодда барқарорлаштириш босқичида вайронага айланган Ғазода бир вақтлар гуллаб-яшнаган шаҳарнинг 50 миллион тоннадан ошиқ харобалари қолдиқларини тозалаш ишлари бошланади.
Шундан сўнг вақтинчалик тураржойлар, минглаб бошпанасиз қолган оилалар учун мобил уйлар ўрнатилади. Шу билан бирга, ўтиш даври маъмурияти ташкил этилади. Унга фаластинлик мутахассислар жалб этилиб, муҳитни бошқариш имкони яратилади. Бу жараён Ғазода бошқарув самарадорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Ушбу босқичнинг энг долзарб нуқтаси ҲАМАС ўз ихтиёридаги қурол-яроғларни Мисрга топшириши ва бу жараён халқаро кузатувчилар томонидан назорат қилинишидир. Бу Исроил ва Ғарб ишончини қозониш учун ҳал қилувчи босқич ҳисобланади. Икки йилга мўлжалланган ўрта муддатли босқичда илк инқироз бартараф этилгач, янги тураржойлар қурилади. 200 мингта янги уй-жой қурилиши минглаб оилаларнинг тинч ҳаётга қайтишига замин яратади. Фаластин хавфсизлик кучлари ташкил этилиб, улар Миср ҳудудида тайёргарликдан ўтади. Бу кучлар келажакда минтақада тартибни таъминлаш учун масъул бўлади. Шунингдек, йўллар, электр тармоқлари, сув таъминоти ва канализация каби инфратузилмалар тикланади. Айни босқичда Ғазо қайта тикланган, ҳаёти одатий ўзанга тушган ҳудудга айлантирилиши керак. 2030 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли режада эса Ғазони ривожлантириш кўзда тутилган. Ушбу босқичда ҳудудда қўшимча яна 200 мингта уй-жой қурилади.
Аэропорт ва саноат зоналари барпо этилади. Туризм инфратузилмаси ривожлантирилади, Ғазо минтақанинг иқтисодий нуқтаи назардан барқарор ҳудудига айланади. Асосий мақсад – Ғазони секин-аста Фаластин автономияси назоратига ўтказиш. Бу тинчлик жараёнининг ҳал қилувчи сиёсий босқичи ҳисобланади. Араб давлатлари лигаси Фаластин масаласига бағишланган навбатдан ташқари саммити якунидаги коммюникесида Ғазо секторида Фаластин ҳукумати бошчилигида вақтинчалик маъмурият ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. «АДЛ Фаластиннинг Ғазода салоҳиятли амалдорлардан иборат вақтинчалик маъмурият тузиш ҳамда уни Фаластин ҳукумати раҳбарлигида бошқариш қарорини қўллаб-қувватлайди. Бу қадам минтақада Фаластин маъмуриятини тиклаш йўлидаги ўтиш даври чораси сифатида кўрилади», дейилади ҳужжатда. Араб давлатлари етакчилари Ғазо секторини қайта тиклаш бўйича Миср режасини молиялаштириш учун мақсадли фонд ташкил этиш борасида келишувга эришди. Коммюникеда ушбу лойиҳани тўлиқ молиявий, моддий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди, шунингдек, халқаро донорлар ҳам бу жараёнга ҳисса қўшиши лозимлиги таъкидланди.
Араб давлатлари раҳбарлари АҚШ маъмурияти ва халқаро шериклар билан мулоқотни йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирдилар. Бу музокаралар Исроил босқинини тўхтатиш ва суверен Фаластин давлатини ташкил этиш мақсадида олиб борилиши керак. Ҳужжатда фаластинликларни мамлакат ичида ёки ташқарисига кўчиришнинг ҳар қандай шакли ноқонуний экани, бундай ҳаракатлар ҳеч қандай баҳона ёки асос билан оқланмаслиги кераклиги алоҳида урғуланди. Шунингдек, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг тўлиқ бажарилиши, иккинчи ва учинчи босқичларнинг амалга оширилиши, Исроил қўшинларининг Ғазо секторидан тўлиқ олиб чиқилиши талаб қилинди. Араб давлатлари етакчилари БМТ Хавфсизлик Кенгашини Ғарбий қирғоқ ва Ғазо секторида халқаро тинчликпарвар кучларини жойлаштиришга, фаластинликлар ва исроилликлар хавфсизлигини таъминлашга чақирдилар. Бир қарашда ушбу режа минтақани қайта тиклаш учун реал имконият яратиши мумкин. Бироқ унинг амалга ошиши бир нечта жиддий муаммоларга боғлиқ. Авваламбор, ҲАМАС тўлиқ қуролсизлантирилмас экан, Исроил Ғазони тиклаш ва унга ёрдам беришни рад этиши мумкин. У ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумлари очиқ қораланмагани боис АДЛ саммитидаги режани қабул қилгани йўқ. Саудия, Қатар ва Миср бундай сценарийни амалга ошириб бўлмайди, дея баҳолаяпти. ҲАМАС эса маъмурий назоратдан воз кечишини, аммо сиёсий саҳнадан бутунлай кетмаслигини маълум қилган. Агар янги ҳукумат ҲАМАС таъсири остида қолса, Ғазони тиклаш ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмаслиги мумкин. Аммо Миср режаси Ғазони қайта тиклаш ва тинчлик ўрнатиш учун аниқ йўл харитасини таклиф қиляпти. У минтақани инқироздан олиб чиқиб, узоқ муддатли барқарорлик яратади. Бироқ унинг муваффақияти Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишмовчиликлар қандай ҳал этилишига боғлиқ. Агар режа амалга ошса, Ғазо низолар ўчоғидан Яқин Шарқдаги иқтисодий ва сиёсий барқарор ҳудудга айланиши мумкин. Бироқ енгиб ўтиш душвор сиёсий зиддият ва келишмовчиликлар ушбу режанинг бажарилишини хавф остида қолдирмоқда. Нима бўлганда ҳам, Яқин Шарқда кучлар мувозанати ўзгармоқда. Араб давлатлари (Миср, Саудия, БАА) илк бор Вашингтон ва Тель-Авивга ўз кун тартибини сингдиришга муваффақ бўлди. АДЛ стратегик масалаларда бирдамликни намоён этиб, ўзининг сиёсий таъсирини оширди. ҲАМАС эса сиёсий саҳнада қолишга муваффақ бўлди, бироқ унинг келажаги ҳануз ноаниқ. Исроил мураккаб танлов қаршисида қолди. У энди янги воқеликни тан олиб, муроса йўлларини излаши ёхуд можарони янада кучайтириб, унга баттар олов пуркаши керак. Трамп режасини ҳеч бир йирик араб давлати қўллаб-қувватламагани билан боғлиқ дипломатик муваффақиятсизлик эса қайсидир маънода Вашингтоннинг минтақадаги нуфузини Хитой ва Россия фойдасига пасайтириши мумкин. Яқин Шарқ яна ўзгаришлар арафасида турибди. Бу сиёсий ўйинга тикилган дов анча юқори. Чунки унинг натижалари нафақат Ғазо, балки бутун минтақанинг келажагини белгилаб беради.
Жаҳонгир НАҲАНОВ
«ISHONCH»
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0