Ислом цивилизацияси маркази одамларни яна музейларга қайтарди
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари деганда фақат янгилик ёки телевизион дастурлар тайёрлайдиган таҳририятлар эмас, балки журналистлар, блогерлар, ёш мутахассислар, замонавий технологиялар ва йирик медиа лойиҳаларни бирлаштирган яхлит тизим тушунилади. Бу тизимда маданий меросни замонавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этиш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Медиа форум давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директори ўринбосари Жаҳонгир Абдураҳмонов маданий мерос ва замонавий медиа ўртасидаги узвий боғлиқлик, миллий контент яратиш имкониятлари ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, бугун маданий мерос фақат музейларда сақланаётган қўлёзмалар, меъморий ёдгорликлар, археологик артефактлар ёки қадимий китоблар билан чекланиб қолмайди. У глобал ахборот майдонининг ҳам муҳим қисмига айланмоқда. Тарихий меросни расм, ҳужжатли фильм, подкаст, интерактив харита, онлайн-экскурсия, анимация, 3D моделлар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли архивлар орқали янги авлодга етказиш мумкин.
— Замонавий фойдаланувчига шунчаки матн билан танишишнинг ўзи кифоя қилмайди. У маълумотни кўриши, эшитиши ва у билан интерактив мулоқотга киришиши керак. Шу боис буюк ўтмишимизни, ўз тарихимизни замонавий ахборот тилида сўзлаш бугунги куннинг асосий талабларидан бирига айланди, — деди Ж. Абдураҳмонов.
Ислом цивилизацияси марказида интерактив ечимлар, VR-ресурслар, QR-кодлар, мультимедиа материаллари ва ташриф буюрувчиларга қўшимча маълумот олиш, экспозициялар билан виртуал танишиш имконини берувчи замонавий технологиялардан фойдаланилмоқда. Бу эса марказни нафақат маданий-маърифий маскан, балки сифатли миллий рақамли контент яратиш учун катта манбага айлантиради.
Марказ медиа соҳаси вакиллари — журналистлар, режиссёрлар, блогерлар ва контент яратувчилар учун ишончли тарихий фактлар, бой визуал материаллар ва мазмунли маълумотларнинг доимий манбаси бўлиши мумкин. Бунда асосий мақсад фақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қилиш эмас, балки тарих ва бугунги кун ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиб беришдир.
Масалан, Муҳаммад ал-Хоразмий меросини замонавий рақамли технологиялар ва алгоритмлар тараққиёти билан, Абу Али ибн Сино илмий меросини бугунги тиббиёт ютуқлари билан, ўрта аср астрономларининг кашфиётларини эса замонавий космик тадқиқотлар билан уйғун ҳолда тақдим этиш мумкин. Бундай ёндашув миллий меросни ёшлар учун янада тушунарли, жонли ва қадрли қилади.
Ж. Абдураҳмоновнинг қайд этишича, музей ва маданий масканларга қизиқишнинг ортиши ҳам жамиятнинг маданий даражасини кўрсатувчи муҳим мезонлардан биридир. Ислом цивилизацияси марказининг очилиши ўзбек халқи, айниқса, ёш авлодни тарих ва маданиятимиз билан янада яқинлаштириши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази миллий маданий меросни рақамлаштириш ва оммалаштириш йўналишида амалий лойиҳаларни ҳам йўлга қўймоқда. Хусусан, Марказий Осиёда ягона бўлган «Ўзбекистон медиафони» аудио-визуал ресурс платформаси ишга туширилган. У орқали тарихий обидалар, буюк алломалар ва миллий қадриятлар ҳақида юқори сифатли визуал ресурслар базасини шакллантириш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади миллий контент ҳажмини кескин ошириш, оммавий ахборот воситалари ва медиа соҳаси вакилларини сифатли ресурслар билан таъминлаш ҳамда Ўзбекистон ҳақидаги рақамли медиа маҳсулотларнинг кўламини кенгайтиришдан иборат. Бу, ўз навбатида, мамлакатнинг визуал хотирасини сақлаш ва уни халқаро ахборот майдонида кенг тарғиб этишга хизмат қилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0