Келажак кимнинг қўлида?
Дунё сиёсий тарихи ҳукмрон доиралар ўртасидаги сон-саноқсиз ихтилофларга гувоҳ бўлган. Буюк империяларни ташқи душман эмас, балки ичдан чириш, ҳокимият тепасидагилар ҳамда уни қўлга киритмоқчи бўлганлар ўртасидаги кураш қулатган. Бугун биз ҳам шунга ўхшаш жараёнлар гувоҳига айланяпмиз. Узоқ йиллар АҚШ ва дунёнинг каттагина қисмини бошқариб келган махфий давлат (deep state) қақшатқич зарбалар нишонига айланди.
Дональд Трамп – омма кўз ўнгидаги шахс. Бироқ унинг ортида анча мураккаб ва шаклланган кучлар бор. Уларни янада махфийроқ давлат (deeper state) деб атасак, асло адашмаймиз.
Албатта, бу фараз ғайритабиийдек туюлиши мумкин. Лекин яширин давлат ҳаётнинг барча асосий соҳаларини назорат қилаётган тузилма бўлса, ундан ҳам махфийроқ давлат бўлиши мумкинми? Бу шунчаки сўз ўйини эмас. Тарихга назар ташласак, бундай ҳодиса табиий эканига амин бўламиз. Ҳар қандай империянинг расмий ҳокимияти ниқоби ортида бир қанча сиёсий кучлар бўлган ва ҳукмрон доиранинг бир қатлами назоратни йўқота бошласа, унинг ўрнини таъсир кучи, ресурслари, келажак ҳақида собит қарашлари бор янги махфий аристократия эгаллаган.
Трампизмнинг дастлабки кўриниши (2016-2020) халқнинг либерал ҳукмрон доираларга қарши қўпол ва тартибсиз зарбаси эди. Аммо унинг иқтидорга иккинчи бор келиши (2024) биргина популистик тўлқин натижаси эмас. Уни режалаштирилган инқилоб дейиш мумкин. Мазкур инқилобда халқ ғазаби фақат қурол вазифасини ўтаб берди. Ҳақиқий куч эса технократлар ва акселерационистлар (технологик шиддатчилар – янги технологиялар, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни тезкорлик билан жорий этиш тарафдорлари) қўлида. Улар айнан deeper state – энг махфий давлатдир.
Либерал-глобалистик элита АҚШда бир неча ўн йиллар давомида шаклланган. Унинг тамойиллари жуда жўн: жамият онгини ОАВ ва маданият орқали назорат қилиш, иқтисодий фаолиятни молиявий институтлар ва халқаро келишувлар орқали тартибга солиш, сиёсий рақибларни бюрократия ва суд тизими орқали бостириш. Бироқ унинг битта камчилиги бор: у барқарорликни талаб этади. Вақтнинг XX асрдагидек осуда кечиши, ресурсларни секин-аста қайта тақсимлаш, ҳар қандай таҳдидни чегараларни емириш, оммавий миграция ва ижтимоий ислоҳотлар орқали зарарсизлантириш – либерал элита маъқул кўрган ҳаёт тарзи.
Бироқ XXI аср – тезлашув асри. Вақтнинг айни шу кесимида технократ-акселерационистлар саҳнага чиқди. Улар келажакнинг энг муҳим валютаси нефть ҳам, пул ҳам эмас, балки тезлик эканини англаб етишди.
Агар анъанавий яширин давлат бюрократик институтлар ва медиа қудратига асосланган бўлса, янги яширин давлат алгоритмлар, маълумотлар ва технологик ҳукмронликка таянади. Унинг етакчилари — Силикон водийсидан чиққан шахслар: Питер Тиль, Илон Маск, Марк Андриссен, Вивек Рамасвами кабилар.
Технократ-ўнгчилар (tech right) мафкураси "Қоронғи маърифат" (Dark Enlightenment) ғояларига асосланган бўлиб, бу концепция Кертис Ярвин ва Ник Лэнд томонидан ишлаб чиқилган. Уларнинг асосий тезислари анъанавий сиёсатга таҳдиддек янграйди: “Демократия – самарасиз. У тараққиётни секинлаштиради, инновацияларга тўғаноқ бўлади ва бошқарувни омма меҳрини қозониш учун чексиз курашга айлантиради.
Либерал мафкура эскирди. Гендер сиёсати, тенглик, ижтимоий адолат каби тамойиллар ривожланиш йўлидаги тўсиққа айланди.
Келажак – технократияники. Давлат институтларини сунъий интеллект, алгоритмлар ва рақамли платформалар алмаштиради”.
Бу ёндашув ҳукмрон доиралар ўртасида ихтилоф келтириб чиқарди. Айрим технократлар (Google, Meta, Amazon) либерал йўналишга содиқ қолди, бошқалари эса (Маск, Тиль, Андриссен) янги тартибга овоз берди. Улар популизмга ишонганлари учун Трампни қўллаб-қувватлаётганлари йўқ. Аксинча, уни эски тизимни вайрон қилиб, келажакка йўл очувчи восита сифатида кўрмоқдалар.
АҚШда элиталар ўртасидаги кураш давом этаётган бир пайтда, Европа деярли пиёдага айланиб боряпти. Иккинчи жаҳон урушидан кейин у АҚШга вассаллик ришталари билан боғланган эди. Бироқ Трамп келиши билан ушбу келишув илдизига болта урилди. АҚШ молиявий ва ҳарбий ҳимояси остида яшаб келган Европа ҳукмрон доиралари бундан буён ўз муаммолари қаршисида якка-ёлғиз қолишганини англаб етдилар. Ҳадикли чоралар сабаби шундан. Европа Иттифоқи фавқулодда саммит ўтказиб, мудофаа учун 800 миллиард евро ажратишга қарор қилди. Европа инвестиция банкини эса ҳарбий дастурларни молиялаштириш йўлига ўтказиш режалаштирилди. Буларнинг барчасини назоратни сақлаб қолиш, фуқаролар эътиборини ички муаммолардан ташқи таҳдидларга қаратишга бўлган уриниш сифатида баҳолаш мумкин. Бироқ улар вазиятни назорат остида ушлаб тура оладиларми?
Агар воқеалар ҳозирги ўзанда давом этса, қуйидаги натижалардан бирига гувоҳ бўламиз:
Европада ҳарбийлашув жараёни бошланади. Асосий мақсад ички норозиликларни камайтириш ва иқтисодиётни урушга сафарбар қилишга йўналтирилади.
Ижтимоий муаммолар Европада кескин вазиятни юзага келтиради. Агар инқироз назоратдан чиқса, европаликларнинг қашшоқлашган қатламлари инқилобий ўзгаришлар тарафдорига айланади.
Европа парчаланади. Франция ва Германия глобалистик йўналишни сақлаб қолишга ҳаракат қилса, Венгрия ва Италия каби давлатлар тараққиётнинг муқобил йўлларини қидира бошлайдилар.
Нима бўлганда ҳам, Трамп ва техно-ўнгчилар бугунги Европани иттифоқчи эмас, балки бошқариш мумкин бўлган ресурс сифатида кўряптилар. Улар учун Европа Иттифоқи – тарихни тезлаштиришга тўғаноқ бўлаётган эски тузилма, холос.
Илон Маск “Биз ҳал қилувчи чегарага етиб келдик” деб ёзганида, фақат технологик келажакни назарда тутмаган кўринади. Сиёсий воқелик ҳам ортга қайтмас тус оляпти. Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган глобал тартиб поёнига етяпти. Халқаро институтлар мавқеи пасаймоқда, эски сиёсий элиталар жон-жаҳди билан ҳокимиятга чирмашса-да, тобора ожиз ва нотавон кўриняпти.
Авваллари келажакни тахмин қилса бўларди. Бугун эса у гирдоб мисоли ўзидан аввалги барча нарсаларни ўз домига тортиб кетяпти. Унинг ортида нималар борлигини ҳеч ким билмайди. Бу энди тадрижий эволюция эмас, балки шиддатли тезлашиш, мавҳумликка сакраш билан баробар қадам.
Эски тартиб икки исканжа ўртасида қолган. Биринчиси – элиталардан, уларнинг ёлғонидан, мафкурасидан, назорат остидаги реаллигидан чарчаган омма исёни. Улар оддий ечимларни, аввалги дунёни қайтаришни талаб қилишяпти. Трампга овоз беришмоқда, радикалларни қўллаб-қувватлашмоқда, норозилик намойишларига чиқишмоқда. Иккинчиси – ҳокимиятнигина эмас, балки бошқарув тизимини ҳам ўзгартираётган технократлар инқилоби. Улар сиёсат, давлатлар ва демократик таомиллар эскирганига, келажак алгоритмлар, сунъий интеллект ва маълумотларга эга бўлганларники эканига ишоняптилар. Ушбу тўқнашувда яширин давлат эскилик сарқитига айланяпти. У энди вазиятни назорат қила олмаяпти – бошқармаяпти, тийиб турибди, холос.
ХХ аср глобал тартибига асос солганлар янги аср тезлигига мослаша олмадилар. Улар институтларга таяниб яшадилар, аммо дунё рақамли платформаларга кўчди. Улар жамиятни ОАВ ташвиқотига таяниб бошқариш мумкин деб ўйладилар, аммо жамият онгини назорат қилиш ижтимоий тармоқлар алгоритмларига ўтиб кетди.
Бундай вазиятда Питер Тиль, Илон Маск, Вивек Рамасвами, Марк Андриссен учун демократик институтлар аҳамиятсиз. Уларни қизиқтирган нарса – ҳокимиятни муҳандислик тизими сифатида қайта қуриш, кераксиз унсурларни олиб ташлаш, одамларни алгоритмларга алмаштириш.
Хўш, яқин йилларда дунёни нималар кутмоқда?
Биринчидан, эски қоидалар емирилади. Сиёсий институтлар аста-секин кучсизлана боради, халқаро ташкилотлар ўз аҳамиятини йўқотади, миллий давлатлар эса инқирозлар гирдобида қолади. Европа бу зарбани кўтара олмаслиги мумкин, чунки унинг элиталари бундай сценарийга тайёр эмас.
Иккинчидан, технологик инқилоб ҳокимият қуролига айланади. Энг яхши бошқарувчилар эмас, энг яхши башоратчилар ғалаба қозонади. Сунъий интеллект, улкан маълумотлар таҳлили ва тотал рақамли назорат ҳукмронликнинг асосий механизмларига айланади.
Учинчидан, либерал глобализм қулайди. Дунёни шартномалар, саммитлар ва бюрократия орқали бошқариш даври бора-бора ўтмишда қолади. Унинг ўрнига тартибсизлик, технологик рақобат ва келажакни куч билан қайта тақсимлаш келади.
Тўртинчидан, анъанавий сиёсат ҳам ўзгаришларга учрайди. Катта корпорациялар, трансмиллий технотузилмалар ва рақамли платформалар давлатлар функцияларини ўз зиммасига олиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Бугунги дунё ана шундай тарихий ўзгаришлар остонасида турибди. Янги ўтиш даврини кимлар ўзгартиради? Жараёнлар назорати кимнинг қўлига ўтади? Вақт қайси йўналишда тезлашишини ким белгилайди?
Ана шу саволларга жавоб топа олсак, воқеалар ривожига ҳам аниқлик киритган бўламиз.
Бу фақат АҚШ ва Европага тааллуқли жараёнлар эмас. Ўзгаришлар бутун дунёга, шу жумладан, Марказий Осиёга ҳам таъсир қилиши, шубҳасиз.
Биз ҳамиша турли сиёсий кучлар – Россия, Хитой, АҚШ, Туркия ва Кўрфаз давлатлари ўртасида мувозанат сақлаб келганмиз. Бироқ дунёдаги бугунги жараёнлар сабаб ушбу мувозанатни сақлаб туриш тобора қийин кечиши мумкин. Шу билан бирга, мавжуд воқелик геосиёсий чорраҳада жойлашган мамлакатларга янги таҳдидлар қатори янги имкониятлар ҳам тақдим этиши эҳтимолдан холи эмас.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон мисолида олиб қарайдиган бўлсак, мазкур жараёнлар минтақа учун қуйидаги оқибатларни келтириб чиқаради.
1. Эски халқаро тартибнинг ўзгариши. Марказий Осиё узоқ йиллар йирик сиёсий кучлар ўртасидаги мувозанатни сақлаб келди. АҚШ ва Европа минтақада глобал тартиб ўрнатувчи куч, Россия ва Хитой эса ҳудудий барқарорлик кафолати сифатида кўрилди. Табиийки, АҚШ элиталари ўртасида кураш кучайган, Европа таъсири камайган, Россия геосиёсий қарама-қаршиликлар гирдобида қолган бир пайтда, минтақадаги вазиятни ким белгилайди деган савол туғилади.
Агар дунё кўп қутбли, аммо тартибсиз кўриниш олса, мамлакатимиз Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари қатори ўзининг суверенитети ва миллий манфаатларини ҳимоя қила оладиган янги моделларни ишлаб чиқиши керак бўлади.
2. Технологик инқилоб. Маск, Тиль ва Андриссен илгари сураётган технократик инқилоб дунёдаги "ривожланган" ва "ривожланаётган" давлатлар ўртасидаги анъанавий тафовутни йўққа чиқаради. Бундан кейин глобал тизимда асосий ролни технологик анклавлар ва рақамли давлатлар ўйнайди, улар буюк давлатлар билан тенг рақобат қилишга киришади.
Хўш, ушбу вазият Ўзбекистон учун нимани англатади? Биринчидан, мамлакатимиз технологик иқтисодиётга кириш учун янги имкониятларга эга бўлади. Агар сунъий интеллект, блокчейн, рақамли молия ва кибериқтисодиётга ўз вақтида ва самарали эътибор қарата олсак, минтақанинг янги рақамли иқтисодиётида етакчи ўринлардан бирига даъвогарлик қилишимиз мумкин. Зарур инфратузилмани ярата олмасак, фақат чет эл технологияларини истеъмол қилувчи давлатлар қаторида қолиб кетишимиз турган гап. Қолаверса, янги тартибот даврида хомашё ва ишчи кучи экспортига қарамлик тобора аҳамиятсиз тус олади. Ҳозирги кунда миллий сунъий интеллект, рақамли валюта ва биотехнология стратегияларини ишлаб чиқиш ўта муҳим масалалардан бирига айланиб боряпти.
3. Глобал либерализм заифлашуви. Марказий Осиё узоқ йиллар давомида мафкуралар кураши майдони бўлиб келди. Ғарб ННТлари, АҚШ ва Европа институтлари демократия ва либерал қадриятларни тарғиб қилган бўлса, Хитой, Россия ва Туркия муқобил моделлар таклифини илгари сурди.
Бироқ глобал либерализм заифлашгани сари, Ғарб ўз ғояларини мажбуран сингдириш салоҳиятини йўқотяпти. Бунинг натижасида гуманитар лойиҳаларни, ОАВ ва фуқаролик жамиятини молиялаштириб келган Ғарб ташкилотларининг минтақага таъсири аста-секин йўққа чиқиши мумкин. Ана шундай бир шароитда минтақа давлатлари Ғарб стандартларидан фарқли, ўзига хос сиёсий йўлни топишга ҳаракат қилиши, шубҳасиз.
4. Интеллектуал ва маданий мустақиллик учун кураш. Агар эски либерал тартиб якун топса, унинг ўрнини қайси қадрият эгаллайди? Вариантлар кўп эмас: Хитой модели, Туркия неоусмончилиги ёки Янги Марказий Осиё модернизацияси. Айни пайтда мамлакатимиз бошқа моделлардан фарқли ўз мафкуравий йўналишини аниқ белгилаб олиш учун яхши имкониятга эга.
Қолаверса, янги сиёсий эврилишлар глобал иқтисодий маршрутларнинг ўзгаришига ҳам олиб келади.
Хитой неча йиллардан буён “Бир макон – бир йўл” лойиҳасини илгари сурмоқда. АҚШ денгиз йўналишларига босимни кучайтиргани боис Марказий Осиё қуруқлик орқали Хитой ва Европани боғлайдиган асосий ҳудудга айланиши керак.
Россия Европа билан аввалги иқтисодий алоқаларини йўқотган. Бу эса уни Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтиришга мажбур қиляпти.
Туркия ва Яқин Шарқ иқтисодий ҳамкорлик билан боғлиқ янги шаклларини таклиф қилиб, Марказий Осиёда таъсирини кенгайтирмоқда.
Агар мамлакатимиз ушбу имкониятдан самарали фойдалана олса, шубҳасиз, Евроосиё савдоси марказига айланади.
Бироқ бунинг учун транспорт коридорлари инфратузилмасини ривожлантириш – темир йўллар, автомобиль йўллари ва логистика марказларини модернизациялаш, янги логистика технологияларига сармоя киритиш, самарали ва тезкор юк ташиш тизимларини, рақамли савдо ва логистика платформаларини яратиш, блокчейн, автоматлаштириш ва сунъий интеллект асосида илмий таҳлил тизимларини жорий этиш талаб этилади. Қолаверса, минтақадаги барқарор вазият ҳам муҳим аҳамиятга эга.
5. Янги ҳарбий ва сиёсий воқелик. Янги воқелик кутилмаган инқирозлар ва можароларни келтириб чиқариши мумкин. Бу эса ҳеч қайси ҳарбий блокка аъзо бўлмаган давлатимиз учун турли кучлар ўртасидаги мувозанатли сиёсатни давом эттиришга ундайди.
Ҳар доим таъкидланганидек, Афғонистон, Кавказ ва Яқин Шарқдаги нотинчликлар минтақага таъсир қилади. Марказий Осиё давлатлари, эҳтимол, Туркия, Хитой ёки киберхавфсизликни таъминлайдиган технологик корпорациялар билан янги хавфсизлик иттифоқларини излашга мажбур бўлади.
Тарихдаги барча улкан ўзгаришлар аввалига ақл бовар қилмас жараён сифатида намоён бўлган. Бугунги дунё айнан шундай паллада. ХХ асрда шаклланган глобал тартибот эндиликда ўз самарасини йўқотмоқда. Башарият тарихи қатор тамаддунлар инқирозига гувоҳ бўлди. Энди эса эски глобалистик дунё тартиби тугаётганини кўрмоқдамиз.
Бу жараён натижасини ҳеч ким аниқ башорат қила олмайди. У ҳаддан ташқари тез, ҳаддан зиёд мураккаб ва назоратдан ташқари ривожланмоқда. Агар олдин тарих йиллар, ўн йилликлар давомида шаклланган бўлса, эндиликда у ойлар, ҳафталар, ҳатто кунлар ичида ўзгаряпти.
Бу жараёнлар ичида Марказий Осиё ҳам ўз ўрнини аниқ белгилаб олиши шарт. Ҳар бир цивилизация ўз келажагини танлаш имкониятига эга бўлган тарихий паллалар бўлган. Бу имкониятни қўлдан чиқарганлар замон чангалзорларида йўқолиб кетган, ундан фойдаланганлар эса янги давр етакчиларига айланган.
Бир қарашда, бу нафақат таҳдид, балки катта имконият ҳамдир. Агар Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари технологик жараёнларни ўзлаштириб, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект сингари соҳаларда ташаббускорликни қўлга олса, улар ўзларининг иқтисодий ва сиёсий мустақиллигини мустаҳкамлашлари мумкин. Акс ҳолда, янги трансмиллий технократия воситасига айланиб қолиш хавфи бор.
Хулоса шундан иборатки, дунё шиддат билан ўзгармоқда. Қайсидир қавмлар бу ўзгаришлар қурбонига айланади, қай бирлари эса уларни бошқаради. Тарих бугун туб бурилиш олмоқда – энди уни ким ёзишини фақат вақт кўрсатади.
Жаҳонгир Наҳанов
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0