Гулга бурканган чўл: дунёдаги энг қурғоқчил минтақаларидан бири —Атакама
Яқин кунларда сайёрамиз табиатида мутлақо кузатилмайдиган ҳолатлардан бири рўй берди. Нафақат Жанубий Американинг, балки Ер юзининг энг қурғоқчил ҳудудларидан бири бўлмиш Атакама саҳросида сўнгги ҳафталарда ёмғирлар кузатилди. Қақраб ётган ер ёмғирдан сўнг, ажиб кўриниш касб этди. Ер юзига турли-туман гуллар униб чиқа бошлади.
Инсонларнинг кўзи ўрганиб қолган қуп-қуруқ чўл саҳнида гиламдай тўшалган гуллар ва ўсимликлар ўсиб чиқди. Айрим олимларга кўра, Атакамада кузатилаётган ҳолдан кўпам қувонмаслик керак, чунки бу Ер юзидаги экотизимларнинг ўзгараётгани, иқлим ўзгариши сабаб табиий мувозанатларнинг бузилаётганини ҳам билдириши мумкин.
Атакама саҳроси, муболағасиз дунёдаги энг қуруқ ва қадимги чўлдир. Олимлар унинг ёшини 20 миллиондан 40 миллион йилгача (таққослаш учун, Антарктидадаги Мак-Мурдо қуруқ водийлари 11 миллион йил, Африкадаги Намибия чўлининг ёши 5 миллионга яқин, Саҳрои Кабир чўлининг ёши 3-4 миллион йилни ташкил этади) деб ҳисоблашади. Бу қурғоқчил чўлга йилига тахминан 10 мм ёғин тушади. Биринчи навбатда ўқувчиларни унинг номи қизиқтириши табиий. Бир назарияга кўра, чўлга биринчи бўлиб жойлашган туб америкалик қабилалар шундай деб аташган. “Атакама” таржима қилинганда “чўл минтақаси” деган маънони англатади. Минтақанинг туб аҳолиси очиқ манбаларда атакаменьо деб аталади.
Атакама чўли Чилида, Жанубий Американинг ғарбий соҳилида, Тинч океани ва Анд тоғлари оралиғида жойлашган. Унинг энг жанубий нуқтаси Чили пойтахти Сантягодан 800 км узоқликда ястанган. Шимолда у Перу билан чегарага деярли тегиб туради, шарқда Анд тоғларига туташган, жанубий чегарани эса чўл орқали оқиб ўтадиган ягона йирик дарё Лоа кесиб ўтади.
Географлар ҳудудда деярли ёғин бўлмаслигини табиий жойлашув билан изоҳлайдилар. Сабаби шарқдан келаётган илиқ, нам ҳаво оқимлари Жанубий Американинг ўрмонзорларига ҳаёт бахш этувчи намликни олиб, Атакамага кетаётганда баланд Анд тоғларига дуч келади. Бу тоғлар ҳаво массаларини секинлаштиради, уларни совиб, қуюқлашади ва ёмғир сифатида қуйилади. Шу сабабли, чўл яқинида оқиб ўтадиган Амазон дунёдаги энг катта дарё ҳисобланади. Худди шу сабабга кўра, Амазонкага яқин бўлса ҳам Атакама чўлида деярли ёмғир ёғмайди ва баъзи ҳудудлар асрлар давомида сув кўрмаган. Ҳатто чўлнинг айрим қисмларига 400 йил давомида умуман ёғин ёғмагани ҳақида фаразлар мавжуд. Антофагаста деб аталувчи минтақада ўртача ёғингарчилик йилига 1 ммни ташкил этади. Атакамадаги баъзи об-ҳаво станцияларида ҳеч қачон ёмғир қайд этилмаган. 1570 йилдан 1971 йилгача Атакамада айтарли ёғингарчилик бўлмагани ҳақида маълумотлар мавжуд. Чўлда қайд этилган ҳаво намлиги энг паст: 0%. Чўлнинг айрим баланд ҳудудлари денгиз сатҳидан 6885 метр баландликда бўлса ҳам бу ерда музликларни учратмайсиз. Олимларга кўра, бу ерлардаги дарёлар ўзанлари сўнгги 120 минг йил ичида қуриб қолган.
Қизиғи шундаки, бу ердаги шамоллар Тинч океанининг яқинлигига қарамай, намликсиз эсади. Бу Антарктидадан Чили қирғоқлари яқинига оқиб келадиган совуқ Гумбольдт оқими билан боғлиқ. Гумбольдт оқими устидан ўтадиган ва унинг таъсир зонасига кирадиган ҳаво массалари совийди, бунинг натижасида улар сув юзасидан намликни кўтаролмайдилар: улар шунчаки етарли иссиқликка эга эмаслар. Атакама, бу кенгликда жойлашган минтақа учун салқин жой: ёзда қирғоқдаги ўртача ҳарорат 20 ° C атрофида ўзгариб туради (тоғликларда ундан ҳам пастроқ), қишда эса 13 ° C га етади.
Анд тоғларига қанчалик яқинлашса Атакама чўли шунчалик баланд бўлиб боради, кўпчилик томонидан Чилининг энг гўзал минтақаларидан бири деб ҳисобланган Антиплано тоғларига туташиб кетади. Чили чўлининг қирғоқ зонасида ёғингарчилик жуда кам бўлса-да, январь ва февраль ойларида Антиплано минтақасида тропик ёмғирлар тез-тез учрайди, шунинг учун бу ерда кўплаб ҳайвонлар яшайди ва ўсимликлар ўсади, ҳатто қўриқланадиган ҳудудлар ташкил этилган.
Бу чўлда яшаш шароити шу қадар оғирки, ўтган асрнинг охирида чилилик ҳайкалтарош Атакамада чексиз чўл қумларида инсонларнинг заифлиги ва ҳимоясизлиги рамзи бўлган “Чўл қўли” деб номланган ўн бир метрлик ёдгорлик яратиб, ўрнатди. Ушбу ёдгорлик ифодалайдиган пессимистик руҳга қарамай, Атакама минтақасида миллиондан ортиқ одам истиқомат қилишини билишдан ҳайратда қоласиз. Табиийки, улар минтақанинг қурғоқчил ҳудудларида эмас, балки қирғоқ бўйидаги шаҳарлар, воҳалар ва тоғ-кон шаҳарчаларида (чўлда селитра, ош тузи, мис ва йоднинг катта захиралари мавжуд) яшайдилар. Кўпгина фермерлар қишлоқ хўжалигида тирикчилик қиладилар – улар махсус суғориш тизимидан фойдаланиб зайтун, помидор, бодринг ва бошқа экинларни муваффақиятли етиштиришади, шунингдек, чорвачилик билан шуғулланиб, лама ва алпака подаларини боқишади.
Бироқ, Атакамада сув манбаи ҳам бор: Лоа дарёси чўлдан оқиб ўтади. У Миньо вулқонининг ён бағирларида, Анд тоғларидан бошланади ва чангли ва тошлоқ тупроқлардан ўтиб, чўл бўйлаб шарқдан ғарбга Тинч океанига оқиб ўтади ва қирғоқлар бўйлаб воҳаларни ҳосил қилади - тор ўрмонларда акация ва кактуслар ўсади, умуман Атакамада 190 дан ортиқ ўсимликлар аниқланган.
Қизиқарли маълумот: сайёрадаги энг қурғоқчил чўлда омон қолиш учун Чили аҳолиси тумандан фойдаланишни ўрганди (Атакамада Тинч океанига яқинлиги сабабли бу одатий ҳодиса). Сувни йиғиш учун улар нейлон иплардан тўқилган нозик тўрлар бўлган туман тутқичларидан фойдаланадилар.Туман тўрга ёпишиб олади, конденсацияланади ва намликни ўрнатилган бочкага туширади (битта туман тутқичи кунига тахминан 18 литр сув тўплаши мумкин).
Саҳрода деярли ёғин ёғиши юр бермаса ҳам бироқ, табиат баъзида кутилмаган ҳодисаларга бой саналади. Масалан, 2025 йилнинг июнь ойида (сўнгги 20 йил ичида иккинчи марта) қурғоқчил чўл тўсатдан қор билан қопланган. Метеорологлар ушбу иқлим ўзгаришига ҳаво айланишини бузган глобал исиш сабаб бўлаётганини тахмин қилишди. Ёғин ёғиши оқибатида чўл юзаси турли-туман гуллар билан қопланди ва сайёҳларни ўзига жалб этди.
Чўлда мис ва бошқа фойдали қазилмаларнинг бой конлари, шунингдек, 1940-йилларнинг бошларигача фаол равишда қазиб олинган натрий селитрасининг энг йирик табиий манбаи мавжуд; бу ресурслар XIX асрнинг бошидан бери Чили ва Боливия ўртасидаги чегаравий баҳс мавзуси бўлиб келган.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0