Лайк ортидаги иллат: Ёшларни нима кутмоқда?
Технология ва интернетнинг шиддат билан ривожланиши ҳаётимизга катта таъсир кўрсатди. Бугунги кунда уларнинг иштирокисиз ҳеч бир соҳани тасаввур қилиб бўлмайди. Тўғри, технологиялар ҳаётимизни енгиллаштиради, вақт ва кучимизни тежайди. Аммо салбий жиҳатлари ҳам бор. Айниқса, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган турли хил видеолар, хусусан, вайнлар одамлар тафаккурига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Кўпчилик ушбу постлар зерикарли бўлмаслиги, вақтни мазмунли ўтказишга хизмат қилиши ҳақида ўйласа-да, улар атайлаб савиясиз тарзда тайёрланаётганидан хабардор эмас. Фикримни тушунарлироқ изоҳлаш учун бир мисол келтирай. Кимдир олий математика ҳақида гап очса, кўпчилик у ерда келтирилган назариялар ва масалаларни тушунмаслиги мумкин. Лекин мавзу карра жадвали ҳақида бўлса, кўпчилик уни тушунади, аммо барибир чекловлар бўлади. Агар мавзу фақат натурал сонлар ҳақида бўлса, бундай суҳбат ҳаммага тушунарли бўлади.
Худди шу принцип айрим блогерларнинг фаолиятида ҳам кузатилади. Улар «кўришлар» ва «лайклар» сонини ошириш, обуначиларни кўпайтириш мақсадида савиясиз ва мазмунсиз маҳсулотларни атайлаб тайёрлашади. Биз эса бундай контентни завқ билан «истеъмол қиляпмиз».
Энг ачинарлиси, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг аксарияти ёшлар эканлигидир. Мафкураси ва дунёқараши ҳали тўлиқ шаклланмаган бу қатлам савиясиз контентдан таъсирланмасдан қолмайди. Бу келажакда ёшларнинг фикрлаш тарзи ва қарашларига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шу боис биз ўзимиз кўраётган ва истеъмол қилаётган контентни танлашга масъулият билан ёндашишимиз лозим.
Раънохон УЗОҚБОЕВА,
Андижон давлат университети таянч докторанти
Mақолага баҳо беринг
0/54
0
0
0
0