Лицензиясиз бизнесга уч ойлик имконият
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримовнинг маълум қилишича, қонун билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими киритилмоқда.
Унга кўра, айрим фаолият турлари билан уч ойгача лицензия ёки рухсатномасиз шуғулланиш мумкин бўлади. Бунинг учун тадбиркор электрон тарзда ваколатли органни хабардор қилиши кифоя.
Янги тартиб тадбиркорга лицензия ёки рухсатнома талабларига мослашиш, фаолиятини синов тариқасида йўлга қўйиш ва унинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш учун қўшимча имконият беради.
Шу тариқа, бизнес бошлашдаги айрим маъмурий тўсиқларни камайтириш, вақт ва харажатларни тежаш ҳамда янги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда.
Қонун билан Оила кодексининг 69-моддасига ҳам ўзгартиш киритилмоқда. Энди болага отасининг исмини фамилия сифатида бериш имконияти қонунчиликда белгилаб қўйилади.
Амалда боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Миллий анъаналарга мувофиқ, ота ёки она томонидан бобонинг исмини фамилия сифатида бериш ҳам мумкин.
Сенаторларнинг қайд этишича, мазкур ўзгартиш фуқароларнинг миллий ва диний анъаналарга мувофиқ фарзандига фамилия танлаш борасидаги хоҳиш-истакларини амалга оширишга хизмат қилади.
Қонун билан “Архив иши тўғрисида”ги қонунга ҳам қатор ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, архив соҳасидаги ваколатли давлат органларининг ваколатлари аниқлаштирилади, нодавлат ва электрон архивларни ташкил этишга оид қоидалар белгиланади.
Қонун лойиҳаси қизғин муҳокамалардан сўнг сенаторлар томонидан маъқулланди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0