“Мен учун Ватан онамнинг юрагидан бошланади…”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида уюшма аъзоси Муҳаммад Исмоилнинг “Бошимдаги тожим онам” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда элнинг суюкли шоир ва ёзувчилари, адабиёт ихлосмандлари, шоирнинг ижодкор дўстлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо очиб берди.
Китоб тақдимоти ҳазил-мутойибага бой бўлди. Шоирнинг замондошлари сўзга чиқиб, энг илиқ фикрларни билдирди.
– Дўстимиз Муҳаммад Исмоилнинг ушбу китоби билан танишиб чиқар эканман, яширмайман муаллифга чин кўнгилдан ҳавас қилдим. Сабаби 60 ёшда онасига бутун меҳр-муҳабатини изҳор қилиш, эркаланиш, қалбининг туб-тубидаги изҳорларини билдириш катта бахт. Ҳақиқатдан ҳам ҳаммамиз учун меҳрни инсонийликни энг буюк сиймоси оналаримиз қалбидан бошланади. Президентимизнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан билдирган табригида маънавий тарбияни “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз” деган ғоя асосида аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар, – деди Минҳожиддин Ҳожиматов.
— “Бошимдаги тожим онам” номли китоб бугун барча ижод ихосмандларини бир жойга жамлаганидан мамнунман, – деди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев. –Муаллиф “…Мен учун Ватан онамнинг юрагидан бошланган. Менинг шоирлигим шу юракнинг тарбиясида вояга етди. Шу юрак ҳароратидан тафт олди, шу тафт қўлимга қалам тутқазди” дея қоралайди.
Китобни кўздан кечирар эканмиз, оналарнинг фарзанди учун барча қийинчиликларга бардош бериши, ўз жигарбанди учун керак бўлса жонини қурбон қилишгада тайёрлиги тасвирланади. “Адабиёт ва санъат” газетасида ишлаган йилларим кўп шоир-у- ёзувчилар шеър ва мақола, эсселар кўтариб келарди. Улардан “Онанг билан тушган расминг борми?” деб сўрасам мум тишлаб қоларди. Қанчадан-қанча шоирларнинг бисотида онаси билан расм тушишга ундаган инсон мен бўламан. Сабаби, инсон ғафлатда яшаркан. Ўзимнинг ҳам онам билан бирга тушган биттагина суратим борлигидан ниҳоятда ҳафа бўлиб кетаман. Китобни варақлаб, Муҳаммадга ҳавас қилдим. Бир-биридан ёрқин хотираларни эслатувчи суратлари бор.
Муҳаммаджон учун энг катта бойлик онанинг дуоси экани шу китобда яққол намоён бўлади. Зеро, миллатимиз она дуосини доим улуғ қадрият санаган. Бу китобни ўқиган одам ўзини тафтиш этади. Водийда ижодий учрашувларда бўлганимизда адабиёт мухлислари Муҳаммаджоннинг шеърларини унинг ўзи билан жўровозликда айтиб беришганига гувоҳ бўлганман. Ижодкор учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ҳаммамиз учун ушбу китоб, ибрат ва тафтиш китоби бўлди.
Фарида Афрўз, шоира:
— Муҳаммад Исмоил шу дунёнинг ўзида жаннатда яшаётган инсонлардан бири. У ҳаёти давомида ўзи учун бир қадам ташласа, онаси учун ўн қадам олдинга қадам босди. Балки, шунинг учун ҳам унинг ижоди сермаҳсулдир. Онангнинг юзга кириши бу ҳақиқий бахт. Мен ҳам бундан илҳомланиб, “Болам, сени бахтингга юзга кириб берсайдим” деб номланган шеър ёзган эдим. Онаси ёнида қўлини дуога очиб турган ҳар қандай кишининг иши юришади, омад кулиб боқади. Муҳаммаджон ўз сўзида турадиган, субутли одам. Бу хислат унга мард онасидан ўтган. Оналари билан кўплар қатори мен ҳам суҳбатда бўлганман, ниҳоятда меҳмондўст ширинсўз аёл. Миллат онаси бўлса, шу аёлдек бўлар-да, деб ўйлаганларим ёдимда. Муҳаммад Исмоилнинг ёзганларини одам эссе ўқигандек мазза қилиб ўқийди. Унинг шу пайтгача кўп китоблари нашрдан чиққан, аммо бу ўзгача файзли, илиқ китоб бўлибди.
Тадбирда Муҳаммад Исмоилнинг ижодкор дўстлари сўзга чиқди. Унинг ижодий фаолияти ҳақида батафсил сўз юритилди.
Янги китобда муаллиф ўз онаси тимсолида ўзбек оналарига таъриф беради. Шунингдек, адибнинг хулосалари, тажрибалари, сабоқлари, кузатишлари жамланган “Ён дафтаримдаги битиклар”и ҳам ушбу китобдан ўрин олган. Унда муаллиф инсон, жамият ҳаёти ҳақида ўз фикрларини баён этади.
Тадбир якунида иштирокчиларга “Бошимдаги тожим онам” китоби туҳфа этилди.
Феруза Раҳимова, Эъзоза Умрзоқова
ISHONCH
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0