Шавкат Мирзиёев Иброҳим Раисийнинг вафоти муносабати билан Эрон томонига таъзия йўллади
Эслатиб ўтамиз, бортида Иброҳим Раисий бўлган вертолётнинг ҳалокати оқибатида жами 9 киши ҳалок бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Эрон шимолида юз берган фожиа оқибатида Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг вафот этгани муносабати билан ушбу мамлакат Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик билдирди.
Президент Матбуот хизмати хабарига кўра, ҳамдардлик билдирилган мактубда, жумладан, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Иброҳим Раисийнинг ёрқин хотираси халқларимиз қалбларида доимий сақланиб қолиши таъкидланади.
“Давлатимиз раҳбари дўст Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди”, – дейилади хабарда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ҳам ўзининг Telegram каналида эронлик ҳамкасбининг вафоти муносабати билан унинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.
“Эрон Президенти Иброҳим Раисий Жаноби Олийлари, қадрли биродарим Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён жаноблари ва бошқа Эрон ҳукумати аъзолари бўлган вертолётнинг ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабардан чуқур қайғудамиз. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги номидан ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва бутун Эрон халқига чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, – деб ёзади Саидов.
Эслатиб ўтамиз, бортида Иброҳим Раисий бўлган вертолётнинг ҳалокати оқибатида жами 9 киши ҳалок бўлган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0