Тиббиёт ходимлари манфаати ҳимоя қилинди
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти кенгаши мутахассислари томонидан ўтказилган режали ўрганишларда, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси томонидан ходимларга қонунда белгиланган устама ва қўшимча тўловлар ўз вақтида тўлаб берилмагани аниқланди.

Хусусан, ушбу вилоят муассасасида ишловчи 105 нафар ходимга 2022 йил давомида қисқартирилган қўшимча дам олиш кунлари ҳисобидан 38 миллион 682 минг 611 сўм, 112 нафар ходимга ишлаш шароитлари ўта хавфли бўлгани сабабли қўшимча меҳнат таътиллари белгилангани учун 35 миллион 324 минг 921 сўм, 122 нафар ходимга эса 47 миллион 279 минг 170 сўм қўшимча тўлов пул миқдорлари тўлаб берилмагани қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти кенгаши мутахассислари томонидан ушбу масала атрофлича ўрганилди. Масала суд тартибида кўриб чиқилди. Суд қарорига мувофиқ, барча ходимларга тўланиши шарт бўлган маблағлар ундириб берилди.
Муҳаммаджон РЎЗМЕТОВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
Республика кенгаши Тошкент вилояти бўйича меҳнат
ҳуқуқ инспектори







