Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкент шаҳрида «Men G‘olib» ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги муносабати билан «Men G‘olib» ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди.
“Humo Arena” спорт мажмуасининг майдончасидан 3 км ва 10 км масофага 1000 нафардан ортиқ югурувчилар старт олди. Ватанпарварлик югуриш мусобақасида нафақат мамлакатимиз қуролли кучлари вакиллари, куч ишлатиш тузилмаларининг ходимлари, ҳарбий ўқув муассасаларининг курсантлари, балки профессионал спортчилар ва ҳаваскор югурувчилар ҳам иштирок этди.
Тадбир асосий ташкилотчиси – Енгил атлетика федерацияси, бош ҳамкор – «Ўзбекнефтгаз» АЖ бўлиб, мусобақа Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати Рақамли технологиялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги қошидаги Ёшлар ишлари агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида бўлиб ўтди.
«Men G‘olib» оммавий югуриш мусобақаси анъанавий тарзда йилига икки марта – Ватан ҳимоячилари ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топган кун ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилади. 2021 йилдан бошлаб «Men G‘olib» югуриш мусобақаси Ўзбекистон куч ишлатиш тузилмаларининг вакиллари, ҳарбий хизматчилар, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида энг кутиладиган спорт мусобақаларидан бири бўлиб келмоқда.
Тадбир куни Ўзбекистон Республикаси ҳарбий ва куч ишлатиш тузилмаларининг раҳбарлари ўз ходимларининг жамоавий руҳини қўллаб-қувватлаш учун етиб келишди. «Men G‘olib» югуриш мусобақасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ҳамда Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Ҳамдам Қаршиев, Ички ишлар вазири ўринбосари Зафар Қурбонов, Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Санжар Зупаров, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари Сарвар Мамаюсупов иштирок этди.
– «Men G‘olib» оммавий югуриш мусобақаси ўз мамлакатининг чинакам ватанпарварлари учун муҳим воқеадир. Спорт оммавий югуриш мусобақаси ҳар бир ҳарбий-куч тузилмаларининг муносиб вакилларини бир старт майдончасида тўплаш ва уларнинг мардлиги, жасорати, Ўзбекистон равнақи ва тараққиёти йўлидаги фидокорона хизматлари учун уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш учун қулай имконият бўлди, – деди Виктор Маҳмудов ўзининг табрик нутқида.
Илк маротаба 10 км масофага югуришда иштирок этиш учун топширилган аризалар сони 3 км масофада югуришга аризалар сонидан ошиб, бу Ўзбекистонда югуришнинг тобора оммалашиб бораётганидан ва соғлом турмуш тарзига онгли равишда ёндашишдан далолат беради. Авлодлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, ёш авлодни Ватан ҳимоячилари байрами билан таништириш мақсадида катта ёшдаги болалар ота-оналари билан биргаликда «Men G‘olib» ватанпарварлик-югуриш мусобақасида 3 км масофага югуришди.
Мусобақалар якка тартибда ва жамоавий биринчиликларда ташкил этилди.
Жамоавий биринчиликда куч ишлатишш тузилмалар идораларининг 7 та жамоаси ва ўқув таълим муассасаларининг 6 та жамоаси «Men G‘olib» кубоги учун курашишди. Улар орасида Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси вакиллари ҳам бор эди. Ўқув таълим муассасаларининг жамоалари Қуролли кучлар академияси, Умумий хавфсизлик университети, Ички ишлар академияси, ФВВ академияси, Давлат хавфсизлиги хизмати академияси, Давлат Божхона қўмитаси институтининг курсантлари орасидан шакллантирилди.
«Men G‘olib» жамоавий мусобақаларида тўртинчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Якка тартибдаги биринчилик ғолиблари қуйидагилар бўлди:
✔️ 3 км (эркаклар):
1. Нодирбек Муталипов – 8:43
2. Отабек Тошқуватов – 8:46
3. Ҳасан Мирсоатов – 8:47
✔️ 3 км (аёллар):
1. Марям Тожибоева – 11:03
2. Виктория Морозова – 11:25
3. Ойдина Икромова – 11:30
✔️ 10 км (эркаклар):
1. Бекзод Байматов – 32:31
2. Шаҳрам Абдураҳмонов – 33:12
3. Муҳриддин Мирзалиев – 33:27
✔️ 10 км (аёллар):
1. Абдуллаева – 47:03
2. Лазиза Темирова – 47:03
3. Диана Вязикова – 47:04
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0