Ўз соғлигингизга эътиборсиз бўлманг!
Деярли ҳар куни йўл ёқасида сотилаётган нон, мева, айрону яхна ичимликлар, музқаймоқ ва сомсаларни кўрсангиз керак. Эҳтимол, шундай маҳсулотлардан истеъмол қилган ҳам бўлиб чиқарсиз. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, йўлда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари санитария - гигиена қоидаларига қанчаликтўғри келади?
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодекси 2-қисмига тегишли 402-моддасида товарнинг сифати масаласига урғу берилган. Унга кўра сотувчи сотиб олувчига сифати олди-сотди шартномасига мос келадиган товарни топшириши шарт.
Қўшимчасига сотувчи билан сотиб олувчи ўртасидаги келишувга мувофиқ қонунда назарда тутилган тартибда товарнинг сифатига қўйилган мажбурий талабларга қараганда юқорироқ талабларга жавоб берадиган товар топширилиши мумкин. 405-моддага мувофиқ сотувчи яроқлилик муддати белгиланган товарни сотиб олувчига шундай мўлжал билан топшириши керакки, токи ундан яроқлилик муддати тугагунга қадар ўз вазифаси бўйича фойдаланиш мумкин бўлсин.
Энди ўйлаб кўринг, қачон, қаерда, қандай шароитда ишлаб чиқарилганлиги таркиби ва яроқлилик муддати сизга номаълум бўлган маҳсулотлар соғлигингизга қандай таъсир қилади? Яхши эмас, албатта.
Чунки йўл нафақат чанг-ғубордан «тўйинган», балки қуёшнинг иссиқ тўлқинларидан ҳам «ҳароратланган» бўлади.
«Санэпид» қўмита хабарида, музқаймоқ истеъмоли ҳақида харидорлар огоҳлантирилиб, жумладан, шундай дейилади:
«Музқаймоқ солинган идишларнинг бугунги кунда санитария-гигиена жиҳатдан ҳолати талабга мутлақо жавоб бермайди. Маҳсулотни кўча-куйда сотиш учун тегишли рухсатнома ва сертификат йўқ. Сотувчилар махсус уст-бош, кийим билан таъминланмаган.
Қолаверса, тиббий кўрик дафтарлари ҳам мавжуд эмас. Талабга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган ходимлар ҳар 6 ойда тиббий кўрикдан ўтиши шарт.
Истеъмолчи ушбу сифати кафолатланмаган маҳсулотни истеъмол қилиши оқибатида зарарланиш эҳтимоли юқори. Шунингдек, юқумли касалликларнинг тарқалишига ҳам замин яратилади.
Кўчма бочкаларда сақланадиган ва сотиладиган турли яхна ичимликлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Сомсаларга келсак, микробланишдан ташқари, йўлда сотиладиган сомсаларнинг сифати, айниқса, гўштининг янги-эскилиги, истеъмол учун яроқли ёки яроқсиз экани доимо шубҳа остида. Табиийки, иссиқ об-ҳаво териб қўйилган сомсалар яроқлилигига путур етказади. Бунда сомса ичидаги маҳсулот ошқозон ёки ичакда оғриқ ва безовталик пайдо қилиши мумкин.
Қисқаси, дуч келган жойда сотавермай, тегишли ўринларда савдо қилиш, кўрсатилган талабларга мос келадиган ҳолатда сақлаш, фақат истеъмолга яроқли маҳсулотларнигина сотиш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилибгина қолмай, олди-сотди маданиятини ҳам шакллантиради. Бу, ҳеч шубҳасиз, ривожланиш йўлидаги яна бир қадамдир.
Ҳулкар ЭСОНБЕКОВА,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0