Дунёнинг энг ақлли одамларидан бири — Уильям Сайдиснинг аянчли тақдири
У моҳир математик, тилшунос ва юқори ақлий қобилиятга эга шахс эди. Бор-йўғи 18 ойлигида The New York Times газетасини ўқий олган, саккиз ёшга киргунга қадар тўртта китоб ёза олган. IQ даражаси эса 250 дан 300 гача баҳоланган (юқори даража). Шундай қобилиятларга эга бўлсада, вундеркинд Уильям Жеймс Сайдиснинг ҳаёти қисқа ва ғамғин кечди, фавқулодда истеъдод уни бахтли қила олмади. Ёшлигида “портлаган” истеъдод атиги 46 йил умр кўрди, ўзининг имкониятларини тўлиқ намоён этмади.
Унинг илдизлари Украинага бориб тақалади
Жеймс Сайдис 1898 йилда Нью-Йоркда дунёга келган. Отаси Борис Сайдис Россия империясига қарашли Бердичев шаҳрида, яҳудий оиласида туғилганди. (Бердичев ҳозирги Украина ҳудудига тўғри келади). У психолог бўлиб, Зигмунд Фрейдни жуда ёмон кўрарди ва унинг ғояларини танқид қиларди. Ўз ватанидаги тазйиқлар туфайли Борис АҚШга кўчиб келиб қўним топишга мажбур бўлди.
АҚШга келган Борис боласини ақлли ва кучли қилиб ўстиришга қарор қилди. Жеймс фавқулодда билимдон чиқди, олти ёшида у бир йилдан камроқ вақт ичида етти йиллик мактаб дастурини тамомлаб, Бостон мактаб ўқитувчиларини ҳайратда қолдирди.
Саккиз ёшида Уильям олтита чет тилини ўрганиб олди: француз, немис, лотин, иброний, юнон, рус тиллари. У шунингдек, "Вендергуд" деб атаган ўз тилини ҳам ўйлаб топди.
Борис ўғлининг заиф нуқтаси математика дея ўйларди. Ушбу фанни ўрганишга ёрдам бериш учун отаси Уильям билан уни ҳаётда амалий қўллаш нуқтаи назаридан муҳокама қилди. Натижада 12 ёшида йигит ўн иккилик саноқ тизимига асосланган логарифмлар жадвалини ишлаб чиқди.
Гарвардга ўқишга кирган болакай
Нуфузли Гарвард университетига киришда Уильям тўққиз ёшидаёқ муваффақиятга эришган. Аммо қабул комиссияси бола руҳий жиҳатдан талабаликка тайёр эмас деган қарорга келди ва кутишни таклиф этди. Бу орада журналистлар Сайдисни тинчини бузишди: уларнинг айримлари болакайнинг порлоқ келажагидан бонг урса, айримлари “Уильямни болаликдан маҳрум этган” ота-онасини танқид қилишарди.
Ниҳоят вундеркинд 11 ёшида Гарвардга кирди ва 16 ёшида уни имтиёзли диплом билан тугатди. Аммо улғайган сари унда одамлар билан мулоқот қилишда муаммо туғила бошлади. Мактабда у синфдошлари билан ўзаро мулоқотда қийналмасди, университетда курсдошлари билан орада жарлик ҳосил бўлди. Талабалар ўта ақлли билимдонни кўп мазах қилишарди. Шу даврда Сайдис оила қурмаслигини ва ёлғиз яшашни исташини эълон қилди.
Фаолият
Гарвардни тугатгач ёш йигитча Техасдаги Райс университетида ўқитувчи ёрдамчиси бўлиб ишга кирди, аммо фаолият узоққа бормади. Ўзидан ёш йигитнинг дарс беришига чидолмаган талабалар уни ҳақорат қилишди, Сайдис эса буни қабул қила олмади.
Шундан сўнг, у яна илмга қайтишга уринди, Гарвард ҳуқуқ мактабига кириб уни чала ташлаб кетди, сиёсатга қизиқиб Биринчи май намойишларида қатнашди, ҳатто 18 ой қамоққа ҳам ҳукм қилинди. У социализмга қизиқиб қолган ва Россиядаги воқеалардан таъсирланганди. АҚШ ҳукумати эса ушбу ғояларни қўлловчиларга қаттиқ чоралар кўришни бошлаганди. Оқибатда Сайдисни руҳшунос ва психолог бўлган отаси қутқариб қолди ва уни гуёки шифохонага даволаш учун жойлаштирди.
Уильямнинг кейинги йиллари деярли номаълум ҳолда ўтди: у кичик компанияларга бухгалтер сифатида ишга қабул қилинди ва кимдир унинг ўтмиши ҳақида билиши биланоқ, у ҳамма нарсани ташлаб, бошқа шаҳарга кетиб қолаверди.