Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 687.70-7.17

  • EUR

    13 790.2623.94

  • RUB

    140.030.55

+17C

+17C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+17c

  • Hozir

    +17 C

  • 23:00

    +17 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Seshanba, 21-May

+17C

  • Hozir

    +17 C

  • 23:00

    +17 C

  • Seshanba, 21

    +17 +20

  • Chorshanba, 22

    +18 +20

  • Payshanba, 23

    +20 +20

  • Juma, 24

    +19 +20

  • Shanba, 25

    +18 +20

  • Yakshanba, 26

    +13 +20

  • Dushanba, 27

    +17 +20

  • Seshanba, 28

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Туркистонлик легионерлар қисмати

Мустақилликдан олдин яратилган тарих дарсликларида, илмий- тадқиқот марказлари нашрларида, оммавий ахборот воситаларида Туркистон легиони мутлақо ёдга олинмаган. Чунки бу ҳақда ёзиш коммунистик партия мафкураси ва совет сиёсатига тўғри келмас эди.
Колумнистлар
491 13:27 | 02.10.2023 13:27



Кейинчалик эса легион ҳақида элас-элас гап-сўзлар эшитила бошланди. Биз Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник, тарихчи Худойберди Соҳибов билан айнан шу мавзуда суҳбатлашдик.





– Устоз, марҳамат, сўз сизга!


– Тўғри таъкидладингиз, мустабид замонда бу мавзу «ёпиқ» эди. Туркистон легиони тўғрисида ёзиш тугул ҳатто давраларда гапиришга ҳам журъат етишмасди. Аниқроғи, бунга изн йўқ эди. Ҳолбуки, аслида Туркистон легиони Иккинчи жаҳон уруши даврининг ажралмас таркибий бир қисми, қолаверса, унинг ҳосиласи эди. Бинобарин, легионни ташкил этиш ишлари 1941 йил охирида бошланади. Кейинги йил баҳорида у тўлиқ шаклланиб, фаолият юритишга киришади.


Тарихий манбаларга кўра, урушнинг дастлабки йилларида ғарбий жабҳада икки миллион туркистонлик аскар хизмат қилган. Уларнинг ярмидан ортиғи ўша кезлар асир тушган. Ҳа, айтганча, туркистонликлар деганда бугунги Марказий Осиё давлатлари халқлари тушунилади. Ташкилот номи қадимги ҳудудимиз номидан олинган. У пайтлар минтақа халқлари миллатларга ажратилмас, барчаси ўзини туркистонлик ҳисоблар ва бундан фахрланарди. Ҳатто, легион байроғи ҳам Туркистон мухторияти замонига мос бўлган.


– Урушнинг илк йиллари минтақамизнинг кўплаб вакиллари нима сабабдан жанг майдонида пайдо бўлгани ҳақида тўхталсангиз.


– Аввало, шуни қайд этиш жоизки, Иккинчи жаҳон уруши бошланган кун, яъни немислар Польшага ҳужум қилган 1939 йилнинг 1 сентябрида Совет Иттифоқида умумий мажбурий ҳарбий хизмат жорий қилинади. Унгача туркис­тонликларга ишонч билдирилмаган ва улар ҳарб ишларига жалб этилмаганлар. Ўша йили 30 ноябрда бошланган Совет Иттифоқи ва Финляндия савашида улар илк бор жангга ташланганлар. Келгуси баҳорда бу қирғин тугагач, ватанларига қайтарилмай, «қизил аскарлар» сафида Украина ва Польшада хизматни давом эттириш учун юборилганлар.


Фашистлар Германияси 1941 йил июнида собиқ Иттифоққа қарши уруш бошлаши биланоқ аскарлар Ғарбий жабҳага жалб этилган. Жангларнинг илк кунлариданоқ иттифоқ республикалари, жумладан, Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг норғул йигитлари фронтга сафарбар қилинган. Албатта, улар пухта жанговар тайёргарликдан ўтганлар ва яхши қуролланганлар сафида бўлишмаган.


Туркия манбаларида 1941-1943 йилларда 4 миллион 487 минг 775 нафар туркистонлик урушга олингани айтилади. Бошқа маълумотномаларда бундан кўпроқ рақам келтирилади. Сирасини айтганда, илк уруш воқеалари синчиклаб ўрганилса, янада қизиқ далил-рақамлар юзага қалқиб чиқади. Мен эса фақат мавзуимизга дахлдорларига тўхталаман.


Урушда қатнашган йигитларимизнинг аксарияти рус тилини билишмаган, билганлари ҳам «моя-твоя»дан нарига ўтмаган. Боз устига, руслар ўрта осиёликларга унчалик ишонишмаган. Шу боис урушнинг дастлабки ойлари уларнинг қўлларига ёғоч милтиқлар бериб қўйишгани, ҳарбий анжомлар билан ҳаминқадар таъминлашгани тўғрисида ҳам маълумотлар бор. Шунга қарамай, улар олд фронтга ташланган. Тасаввур қилинг: орқангизда рус зобити, қаршингизда немис фашистлари. Уларнинг иккисидан ҳам қочиб қутула олмайсиз. Ё ҳаёт, ё мамот! Туркистонлик аскарлар уруш бошида нима учун немисларга асир тушганларининг асл сабабини шундан билиб олса бўлади. Немис халқи эса ҳисоб-китобни жуда тўғри олади. Ўша пайтда ҳам келажакка қараган, стратегик режа тузиб, туркистонликлардан самарали фойдаланишни кўзлаган.


– Англашимча, асирларни бир жойга тўплаш, уларнинг бошини қовуштириш учун Туркистон легиони ташкил этилган экан-да.


– Худди шундай! Урушнинг илк ойлари ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик ва қорақалпоқ асирлари Варшавадан 18 километр узоқликдаги Легионово деган жойда, сўнгра Германиянинг Ноигамбург ва Мюнзенген, Украинанинг Ровно шаҳарларидаги лагерларга жойлаштирилган. Кейинги йилларда бундай камплар Европанинг бошқа шаҳарларида ҳам кўплаб очилган.


72 кун яшаган Туркистон мухториятининг аввал ташқи ишлар вазири бўлган, кейин уни бошқарган Мустафо Чўқай ва ўтган асрнинг 20-йилларида Германияга ўқишга бориб, у ерда қолиб кетган Вали Қаюмхон бу ишга бош бўладилар. Лагерларга бориб, маҳбуслар билан суҳбатлашадилар. Туркистон батальонини тузиб, ота-боболаримиздан мерос ҳудудларни қайтариб олиш ниятида эканликларини очиқ айтадилар. Энг муҳими, улар ҳарбий асирлар жонини сақлаб қолмоқчи бўлишади. Бу иш ҳар ҳолда самара беради.


Бироқ айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлар авж ола бошлаганда 1941 йил 27 декабрда лагерма-лагерь юриб, касаллик юқтириб олган Мустафо Чўқай Берлинда вафот этади. 1942 йил бошида Вали Қаюмхоннинг бевосита интилишлари ва Вермахтнинг қўллаб-қувватлаши билан Туркистон миллий легиони тузилади. Унга Вали Қаюмхоннинг ўзи раҳбар бўлади. Лекин легионнинг барча лагерь ва батальонларини немислар бошқарган. Айрим рота ва взводларга легионерлар раҳбар қилиб тайинланган эса-да, ўринбосарлари немис бўлган.


Март ойида 1000-1200 кишилик жанговар батальонлар тузилиб, асосан завод-фабрикалар ва стратегик иншоотларни қўриқлашга жалб этилган. Шунингдек, улар Италия, Югославия ва Франциядаги партизан урушларида қатнашганлар.


– Илтимос, иложи бўлса, шу ўринда немислар легионлар ташкил этишга нега осонгина кўнишганига аниқлик киритиб ўтинг...


– Бунинг жавоби жуда оддий. Фашистлар Совет Иттифоқига бостириб киришидан йигирма йиллар аввал «қизиллар»нинг ўзлари ўйлаб топган «босмачилар»га қарши кураши ҳали хотирадан кўтарилмаган, 30-йиллардаги коллективлаштириш балоси авж олган, миллатларнинг асл зиёлилари қатағонга учраган, диний ва миллий камситишлар оғир асоратлар қолдирган эди. Қолаверса, бугунги минтақамиз мамлакатларига ҳурлик бериш, Германия протекторатида ҳимояси остида Катта Туркистон давлати тузиш ваъдалари амалга ошадигандек қабул қилинган.


Аслида фашистларнинг учинчи фронт очиш, яъни Ўрта Осиёга Афғонистон орқали кириш ва у ерда марказий ҳокимиятга боғлиқ бутафор – қўғирчоқ ҳукумат тузиш нияти бўлгани тарихий ҳужжатларда ўз ифодасини топган. Аммо бу режа совет қўшинларининг Эронда кўрсатган фаоллиги натижасида барбод бўлган.


– Демак, туркистонлик легионерлар ҳақиқий жангларда қатнашмаган бўлиб чиқадими?


– Тўғрироғи, ҳаммаси эмас, бир қисми урушга кирган, холос. Аслида улар бу терс жангга руҳан тайёр бўлишган. Фашистларнинг «Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиқсак, Туркистонни сизларга қайтариб берамиз», деган ваъдаларига ишонишгани туфайли уларнинг сафида бўлиб, Туркистон озодлиги учун курашишга шай туришган.


Аксарият йигитларимиз Германиянинг фронт ортида, турли ёрдамчи бўлинмаларда хизмат бурчини ўташади. Артеллерия омборларини қўриқлашда, темир йўллар қуришда, уларнинг таъминоти ва сапёрлик ишларида фаолият юритишади. Уруш даврида жами 202 та ёрдамчи бўлинма бўлган бўлса, уларнинг 111 тасида туркистонликлар меҳнат қилади. Лекин уруш натижаси кўриниб қолган кейинги бир-бир ярим йил ичида легионерларимизнинг ҳам қарашлари ўзгаради ва ёппасига партизанлар томонига ўта бошлашади.


Мисолларга мурожаат қилсак, фашистларга асир тушган андижонлик Ғулом Алиев 1942-1944 йилларда легионда хизмат қилади. Ғалабага тўрт кун қолганда, яъни 5 майда советлар томонидан қўлга олинади. Архив ҳужжатларига кўра, тергов жараёнида у қуйидагиларни баён этади: «1944 йил 25 декабрда – Янги йил арафасида дўстим Исоқжон Нарзиқул билан немисларни уйга таклиф қилиб, зиёфат берамиз, роса «водка»лар ичказиб, маст қиламиз. Кейин эса... уларни қўшинга тизамиз. Исоқжон билан немислардан фойда йўқлигини англаб, шу йўлни танлагандик. ­Кейин словакларга, полковник Большински бошчилигидаги партизанлар отрядига қўшилиб, фашистларга қарши кураш олиб борганмиз». Бу немисларга нафратни, партизанларга қўшилганликни англатадиган муҳим далилдир.


– Миллий Туркистон бирлиги қўмитаси тўғрисида қандай фикрдасиз?


– У 1942 йилнинг август ойида ташкил қилинади ва Вали Қаюмхон раҳбар этиб тайинланади. Замонавий тилда айтганда, бу ташкилот мафкура билан шуғулланиб, легионнинг сиёсатини белгилаб берган. Қўмитанинг 15 та бўлими бўлиб, уларда минтақамизнинг маҳбусга айлангунга қадар таниқли бўлган зиёлилари, олимлари ва ижодкорлари ишлашган. Масалан, 25-30 кишидан иборат Миллий ташвиқот бўлими аскарлар орасида сиёсий мавзуларда суҳбатлар ўтказган. Саломатлик бўлими докторлари ва фидокорлари яраланган аскарлар ва ногиронлар дардига малҳам бўлишган. Ижтимоий бўлим зиммасига ногиронларга ва адолатсизлик қурбони бўлганларга ёрдам бериш чораларини кўриш вазифалари юкланган.


Таъсис этилган «Миллий Туркистон» журналининг илк сони «Бизнинг йўл» шиори остида ўша йил 15 августда нашрдан чиққан. «Янги Туркистон» ҳафталик газетаси эса 1943 йилдан чоп этилган. Уруш охиригача адади 15 мингдан 80 минг нусхага етган. 1945 йил апрелида сўнгги сони босилган.


Яна бир ташкилот – Туркистон миллий ёзувчилар бирлиги атрофига тутқунликдаги шоир ва ёзувчилар жамланадилар. Улар миллий ва адабий мавзуларда асарлар ёзиб, чоп эттирадилар. Чунончи, Фитратнинг беш пардали «Ҳинд инқилобчилари» пьесаси лотин графикасида 1944 йилда босилади. Унга сўзбоши ёзган Аҳмаджон Умархон ўғли Туркистон халқлари узоқ йиллардан буён рус империализми қўли остида эзилиб келганини, мустақилликка эришиш учун бир неча марта тарихий курашлар олиб борилганини уқтириб ўтади.


Уруш давомида «Манас» достонининг бир қисми, Абай ва Махтумқулининг шеърий тўпламлари алоҳида китоб шаклида нашр этилади. Шунингдек, 30-йилларда қатағонга учраган туркистонлик шоир ва ёзувчиларнинг асарлари ҳам Берлинда дунё юзини кўради.


– Анча жиддий-ку бу фаолиятлар...


– Андак шошманг, ҳали ҳаммасини айтиб улгурмадим. Ҳар бир зобит ва аскар махсус кийимга эга эди. Унинг ўнг енгида «Туркистон, Аллоҳ биз билан!» деган ёзув бўлган. Аъзоликка қабул қилиш чоғи номзод қўлларини Қуръони карим ва икки қилич устига қўйиб қасам ичган. Бу маросимда, албатта, Туркистон байроғи бўй кўрсатиб турган.


Эсингизда бўлса, режиссёр Равиль Ботировнинг 1966 йили экранларга чиққан «26-си отилмасин!» фильмида Туркистон легионига оид лавҳалар акс этган. Унда «легиончилар» жамоа бўлиб намоз ўқиган эпизод ҳам бор. Советлар замонида бу лавҳа фильмдан атайин ё билмай кесиб ташланмаган. Легионда намоз ўқишга рухсат берилганини, диний эркинликка хуруж бўлмаганини совет фильми ҳам тасдиқлайди. Уни томоша қилган миллионлаб кишилар легион қаҳрамони фаолиятини қўллаб-қувватлайди.


Собиқ асир Ҳусан Икромнинг хотирлашича, Миллий Туркистон бирлик қўмитаси Қуръони каримни ихчам ҳажмда тайёрлатиб, барча аскарларга тарқатган. Ҳайит байрамлари кенг нишонланган, ҳатто Қурбон ҳайитда қўйлар сўйилиб, эҳсонлар қилинган. (Диний эътиқодга рухсат бўлгани яна тасдиқланади).


1944 йил июнь ойида Венада Миллий Туркистон бирлиги қўмитасининг 70 кишилик Миллий парламенти тузилади. Унга ҳар миллатдан икки нафар вакил аъзо бўлиб киради. Ташкилий йиғилишда мингдан ортиқ киши қатнашади. Миллий парламент хорижда миллий ҳукумат ўлароқ қабул қилинади.


Мен тилга олаётган бу воқеаларнинг аксарияти архив ҳужжатларига асосланган. Улар орасида айрим шахсларга ва легион қошида тузилган батальонларга тааллуқли маълумотларни ҳам кўрганман. Қўшинларнинг барчаси немисларнинг махсус хизматлари ёрдамида тузилган. Дастлаб «Шарқий батальонлар» пайдо бўлган. 1943 йили эса татарлар, бошқирдлар ва озарбайжонлардан иборат «Темур номидаги Туркистон батальони» шаклланган. У Францияда Англия – Америка қўшинларига, беларусь партизанларига қарши курашган. Кўп йўқотишлардан сўнг Лицманштат шаҳрига қайтарилган.


Айрим полклар Белоруссияда «қизиллар»га қарши курашган, бошқалари 1944 йилда Чехословакияга, Италиянинг Верона-Падуя районига жойлаштирилган. 180-200 кишилик «СС» алоҳида дала ротаси разведка мактаби курсантларидан иборат эди. Шубҳасиз, улар орасида туркистонликлар ҳам бўлган.


[caption id="attachment_16386" align="aligncenter" width="820"] Туркистон легиони аскари формаси ва белгилари[/caption]


– Туркистон легиони тўғрисида Вали Қаюмхон ва Рўзи Назарлар ҳам ўз фикрларини билдиришган бўлса керак?


– Бу легион ҳақида гап очилганда, аввало, Мустафо Чўқай ва Вали Қаюмхон эсланади. 1918 йили Туркистондан қувилган Чўқай минтақа озодлиги учун курашни сўнгги нафасигача тўхтатмаган. Уруш бошланганда Парижда истиқомат қиларди. Туркистонликларнинг асир тушиши унга тинчлик бермасди. Ўтган асрнинг 20-йилларида Германияга ўқишга кетган Вали Қаюмхон эса шўролар тазйиқидан чўчиб, ўша мамлакатда қолиб кетади, олий маълумотли бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топади.


Икковлон концлагерларда қолаётган туркистонликлар ҳолидан хабар олиб, уларга кўмаклашишга бел боғлайди. Фашистлар бундай ҳамкорликка хайрихоҳлик билдиришади. Суҳбатлар асноси туркистонликлардан иборат батальон тузилиши ва у советларга қарши курашга киришиши мумкинлиги айтилади. Немис фашистлари советлар устидан осонгина ғалаба қозонишдан умидвор бўлишгани боис аввалига бу таклифни рад этишади.


Қандайлигидан қатъи назар, Мустафо Чўқай ва Вали Қаюмхоннинг мақсади ота-боболари ҳудудларини қайтариб олиш эди. Вали Қаюмхон «Би-Би-Си» ва «Озодлик» радиоларидаги суҳбатларида «Асирга тушган ёшлар Европа, қолаверса, фашистлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун ўз мафкурамизни шакллантиришга мажбур бўлганмиз», деган фикр билдиради.


Америкада яшаётган 92 ёшли собиқ ҳарбий асир Рўзи Назар 2009 йил 7 март куни «Би-Би-Си» мухбири билан мулоқот чоғи «Туркистон озодлиги учун биз легионерлар ҳатто шайтон билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эдик», дейди. У советларнинг Афғонистондаги интервенцияси даврида мужоҳидлар қўлига асир тушган бир неча ўзбек йигитини қутқарган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонга келиб турган.


– Туркистон легиони ташкил этилгач, генерал Власов тутқунлар ва қочоқлардан иборат армия тузади. Фашистлар эса икки легионнинг қўшилишига монелик билдиришмайди. Шундай эмасми?


– Немисларнинг бир неча ойда СССРни босиб олиш бўйича «Барбаросса» режаси барбод бўлгач, асирлар орасидан большевикларга қарши курашни бошқарадиган «номзод» қидира бошлашади, таъбир жоиз бўлса, сопини ўзидан чиқармоқчи бўлишади.


Қарангки, 1942 йилнинг ёзида фашистлар қуршовида қолган совет армияси генерали Андрей Власов немисларга таслим бўлади ва уларнинг шартига розилик билдиради. Ораларида ҳатто икки нафар генерал бўлган бир миллионга яқин аскарни тўплаб, ўз армиясини тузади. Шу жараёнда Туркистон легионини ҳам қўшиб олиш пайида бўлади. Мурод-мақсадлари бутунлай бошқа легиончилар эса бу таклифга кўнишмайди. Ҳатто, 1944 йили туркистонликларнинг Миллий парламент йиғилишида қатнашган 400 делегат бир овоздан Власов қўшинига қўшилишга қарши овоз беради. Вали Қаюмхон эса октябрь ойида нацистлар раҳбарларидан бири Гиммлерга ёзма мурожаат қилиб, ундан Туркистон легиони рус асирларидан иборат армияга қўшилишга розилик бермасликни сўрайди.


1945 йилнинг баҳорида Власовга жанг қилиш учун рухсат берилади. У 12 майда Германия капитуляциясидан кейин Америка оккупация қилган ҳудудга ўтиш чоғида қўлга олинади.


Агар иккала гуруҳ фаолияти солиштирилса, Власов қўшини ғирт сотқин бўлиб чиқади, туркистончилар эса, гарчи фашистларга хизмат қилган бўлса-да, уларнинг асл ғоясини ҳимоя қилишмаган.


– Туркистон легиони тақдири нима билан тугади?


Иттифоқдош давлатлар – Америка, Буюк Британия ва собиқ СССР етакчилари 1945 йил февралида Ялтада тўпланишади. Бутун дунё тарихида муҳим роль ўйнаган ушбу конференция ишидан ва натижаларидан кўпчилик воқиф. Аммо унинг катта аҳамиятга эга яна бир қароридан омма бехабар бўлса керак, деб ўйлайман.


Йиғилиш иштирокчилари ҳар бир мамлакат урушда асир тушган ўз ватандошини қайтариб олишга ҳақли деган тўхтамга келишади. Бу ғарблик асирлар учун қувонарли воқеа эди. Бироқ Совет Иттифоқидан Германияга асир тушганлар учун ўлим билан баробар эди.


Орадан кўп ўтмай, АҚШ, Буюк Британия ва Франция армиялари ўз қўлларида ушлаб турган туркистонлик ва бошқа миллат тутқунларини мажбуран СССРга қайтара бошлайди. Германияда ўз легионини яратган ва «қизиллар»га қарши курашган 200 мингдан ортиқ туркистонлик ва ўзга миллат асирлари бу ишга қарши чиқишади. Иттифоқдош давлатларнинг зобит ва аскарлари, айниқса, рус зобитлари немислар сафида Қизил армияга қарши курашган асирларни тутиб, советларга таслим этадилар. Маҳбуслар пешма-пеш вагонларда собиқ Иттифоққа жўнатилади.


– Узр, «асирларни тутиш» нималигини тушунмадим...


1943 йил апрелида ҳар бири мустақил Ҳарбий денгиз флоти, Мудофаа ҳамда Ички ишлар комиссарликларининг «СМЕРШ» – «Смерть ­шпионам» («Жосусларга ўлим») контрразведка бўлинмалари тузилган. Улар уч йил давомида Ватан сотқинлари, унга хиёнат қилганлар, ҳарбий қисмни ташлаб қочганлар устидан иш олиб борган. Шу тариқа салкам 630 минг «жиноятчи»ни аниқлаб, қамоққа ташлаган. Маҳбусларнинг бир қисми йўлда ёки манзилга етиб боргач, отиб ўлдирилган, қолганлари Сибирга сургун қилинган. Бундай даҳшатли фожиалардан огоҳ топган бошқа асирлар ўз жонларига қасд қилишни афзал кўришган.


СМЕРШ ўз вазифасини бажариш жараёнида кўп ҳийла-найранглар ишлатади. Унинг қабиҳликлари совет киноларига фахр билан муҳрланади. Асирлар «Сизлар ота-онангиз бағрига қайтасиз, фарзандларингиз билан дийдорлашасиз» қабилидаги алдовлар билан кемага чиқарилади. Унга сиғмаганлар афсус-надомат чекиб, дўстларига қўл силтаб қолишади. Кема эса, кўздан ғойиб бўлар-бўлмас, портлатиб юборилади...


Советларнинг зулмкорлигини билган иттифоқдошлар 1945 йил ноябрь ойида асирларни қайтармаслик ташаббуси билан чиқадилар, аммо энди кеч бўлганди, такрор-такрор огоҳлантиришларга ҳеч ким қулоқ солмайди. Мен легиончи Эргаш Шермат Булоқбоши Туркия матбуотига берган интервьюларидан бирида урушдан кейин тирик қолган туристонликларнинг бошига оғир кулфатлар тушгани ҳақида айтганини ўқиганман.


Ўшанда туркистонликлар олдида иккита йўл бор эди ё русларнинг қўлига тушмаслик учун чоралар кўриш, ёки Қочқинлар бўйича бошқарма лагерларига бориб жойлашиш. Афсуски, ҳар икки йўлдаги уринишлар ҳам натижа бермайди. Ялта конференцияси қарорлари муқаддас ҳисобланиб, қатор давлатлар мурожаатлари рад этилади. Қизил ярим ой жамияти ҳам кўмакка тайёрлигини билдирса-да, амалда бунинг имкони йўқ эди.


Алқисса, тахминан 70 минг туркистонлик советларга бўйсиндирилади. Урушдан сўнг 100 минглаб туркистонлик Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларида яшаб қолишади, бир қисми Туркияга, кейинчалик Америкага кетади. Шундай қилиб, мингларча ота-оналар фарзандларидан айрилади, аёллар тул, фарзандлар етим бўлиб қолади.


– Туркистон легионидан қочиб, Ватанга қайтганлар ҳақида маълумотлар борми?


– Албатта, бор! Юқорида эслатганимиздек, уларнинг баъзилари мажбурлаб юртга олиб келинган, айримлари ўз ихтиёрлари билан киндик қони томган жойга қайтган. Аксариятининг асир тушгани исботланмаган, аммо орадан йиллар ўтиб, турли воқеа-ҳодисалар туфайли бошига ташвиш ёғилганлари, арзимаган баҳоналар билан ҳамқишлоқлари туҳматига учраганлари ҳам бўлган. Баъзи кишилар ўзаро келишолмай қолса, «Фалончи сотқин бўлган, урушда душман томонга ўтиб, советларга қарши жанг қилган», деган маломат ёғдирган. Қарабсизки, улар устидан тергов олиб борилиб, узоқ муддатга қамалган ёки Сибирга сургун қилинган.


1956 йил 17 сентябрда СССР Олий Кенгаши Президиумининг «1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши даврида оккупантлар билан ҳамкорлик қилган совет фуқароларини амнистия қилиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, совет армияси ва флотининг Жиноят кодексининг 193- (жанг майдонидан қочиш ва асирга тушиш) ва 58-1 «б» (Ватанга хиёнат, душман тарафга ўтиб кетиш) моддалари билан судланган барча ҳарбий хизматчилари афв қилинадиган бўлди...


– Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ Нюрнберг суди ҳақида ҳам бирров тўхталсангиз...


У нацистлар Германиясининг бир неча ҳарбий жиноятчилари устидан ўтказилган илк суд ишидир. Илгари нацистлар партиясининг съездлари шу ерда чақирилгани сабабли атайин танланган Нюрнберг шаҳрининг Адлия саройида бўлиб ўтгани учун тарихга шу ном билан кирган.


Суд немис, рус, француз ва инглиз тилларида олиб борилади. АҚШ таклифига биноан унда янги усул – синхрон таржима қўлланилади. Пировардида 24 нафар асосий айбланувчининг тенг ярми ўлимга лойиқ кўрилади, 3 нафари умрбод, қолганлари турли муддатларга қамалади. Умуман олганда эса, суд якуни бўйича 24 киши ўлим, 118 киши қамоқ жазосига ҳукм қилинади, 35 нафар айбланувчи оқланади. Оқланганлар орасида Вали Қаюмхон ҳам бор эди. У икки йил қамоқда ётади. Аммо Туркистон легиони на советларга, на немисларга қарши урушда қатнашгани исботланмайди...


Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки тўғрисидаги янги маълумотларда илк бора дом-дараксиз йўқолган 158 минг кишининг номи келтирилади. Эҳтимол, улар орасида легиончилар ҳам бордир...


– Бугунги кунда Туркистон легиони қатнашчилари ҳақида хабарлар борми?


– Бугунги мулоқотимизда туркиялик тадқиқотчи журналист, асли туркистонлик, Ўзбекистоннинг дўсти Чағатой Кўчар лутфан тақдим этган маълумотлардан ҳам фойдаландим. Унинг айтишича, шу йил апрель ойида юз ёшни қоралаган сўнгги легиончи Мажид Бей Америкада вафот этган.


– Шўролар замонида Туркистон легионига муносабат қандай бўлгани ўз-ўзидан аён. Мустақиллик йилларида-чи, бу борада ўзгаришлар сезилдими?


– Суҳбатимиз бошида таъкидлаганимдек, легион ҳақида батафсил бўлмаса-да, мақолалар бериш бошланди. Ҳатто, тарихга оид китобларда ҳам у ҳақда, оз бўлса-да, маълумотлар учрайди. Хусусан, заҳматкаш тарихчи, профессор Рустамбек Шамсутдинов шу мавзуга оид чиқишлар қилди.


2000 йили «Шарқ» нашриёт-матбаа концернида чоп этилган «Ўзбекистоннинг янги тарихи» туркумидаги иккинчи «Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида» китобида 1942 йили Туркистон миллий қўмитаси ташкил этилгани, Вали Қаюмхон унинг президенти этиб тайинлангани ҳақида батафсил маълумот берилган. Легионнинг вазифалари, бажарган ишлари ҳақида сўз юритилган. Суҳбатимизни ушбу асардан олинган қуйидаги иқтибос билан якунламоқчиман:


«... Легионерларга ижтимоий-сиёсий баҳо бериш ҳам мураккаблигича қолмоқда. Совет тарихшунослигида улар бир хилда, совет халқининг «сотқинлари», деб таърифланган. Ғарбий тарихшуносликда, кейинги вақтларда эса, бизнинг матбуотимизда «кўнгиллилар» – булар ­мустабид тузумга қарши ғоявий курашчилар, немис армия­си ёрдамида сталинча зулмдан мамлакатни озод қилиш учун қуролли кураш олиб боришга тайёр турган кишилар эди, деб баҳоланмоқда. Умуман, «Туркистон ­легиони» масаласида турлича фикрлар мавжуд. Бу масалани чуқур ўрганиш ва холисона баҳо бериш тарихчи олимлар олдида турган муҳим вазифалардандир».


– Худойберди Соҳибович, далил ва рақамларга бой мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!



Аброр ҒУЛОМОВ суҳбатлашди
Суҳбат “ISHONCH” газетасининг 2023 йил 21 сентябрь сонида чоп этилган.


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0