Қишлоқ – энг яхши хотираларнинг бешиги
"Ishonch.uz" мухбири Машҳура Жўрақулованинг Жиззах вилояти Бахмал тумани Қора-Сув қишлоғидан тайёрлаган фотоҳикояси

Қишлоғимда қиш
Шаҳарнинг шиддати бўлган ҳар бир инсонда, албатта, қишлоқнинг ҳам соф ва беғубор қалби бўлади!
Қишлоғим...
Қалбга яқин манзилим, масофалар аҳамиятсиз унда.

Шаҳар шовқини, тирбандликлар, гавжум кўчалар, нотаниш қиёфалар, бир-бирига ўхшамаган нигоҳлар ва яна "мусаффо осмон".
Баъзан ҳамма-ҳаммасидан чарчагандек бўласан гўё. Кўзларингни юмасан-у, узоқ-узоқ хаёлларга толасан, чексизлик қалбингни қамрайди.



Шу пайт бирдан болалигинг, эски дўстларинг, ўша таниш кўчалар, ёнғоқ тагидаги сўри, ҳовлидаги дарахтлар, ўша эски тандир ва яна қир-у адирлардаги қўй-қўзилар кўз ўнгингда жонли гавдалана бошлайди.
Айниқса, қиш кунларнинг завқи бўлакча, алоҳида бир жўшқинлик бахш этади.
Эсимда, ҳар қор ёққанида, бувим "Оппоқ қор, қалбларга ором олиб кел, сенинг-ла барча дилхираликлар йўқолсин, қут-барака, сочинлик бўлсин, момо ерларимиз яхшилаб дам олиб, келгуси ҳосиллари мўл-кўл бўлсин", дея дуо қиларди.
Ниҳоят, қишки таътил вақти келади. Жомадоним олиб она қишлоғимга отланаман. Қулоқчинда мусиқа тинглаб, автобус деразасидан узоқларга боқиб яна хаёллар оғушига ғарқ бўламан.
Қишлоғим...
Мана неча йилдирки, сендан олисда, шаҳар шовқинига шўнғиб кетибман, сенинг-ла ўтган кунларимни эслаб ширин хотираларга бериляпман. Қизиқ, сенсиз ўтган, тафтингдан ором олмаган кунларимга ачинмаяпманми?!
Ўша қадрдон манзилимга етаман. Узун, тор кўча бўйлаб борарканман, бехосдан қўшни болакайга кўзим тушади.

Ҳа, у сиёсатдан йироқ, ҳаёт адолатсизликларини ҳали кўрмаган соддадил қишлоқ боласи.


Атроф оппоқ қор...
Қишлоқ уйлари томидан қуюқ тутун мўралайди, демак, сандалда олов гурунг, атрофида хотиржам оила "гурунг"и. Қўшни болача эса қўй-у эчкилар, от-у сигирлари билан суҳбатда, гоҳида эса хаёлга толади, ҳойнаҳой, кундалик ишларини режалаштираётгандир.


От – йигит кишининг қаноти, дейишади қадимдан. Қишлоқ уйларининг деярли ҳаммасида от боқилади, ёзда дала-даштда юришади, аммо қиш келиши билан ҳовлида қарашади. Қиш айни кўпкари, яъни "улоқ" мавсуми, тулпор отлар бу пайтда айни қўл келади, чавандоз ишқибозлари улоқ чопишади.

Сигир қут-барака, ризқ рамзидир. Сут-қатиқ, сарёғ, қурт – булар қишлоқ аҳлининг кундалик истеъмол маҳсулотлари.

Шунингдек, қишлоқнинг ҳар бир хонадонида ит боқилади. Сабаби қиш кунларида вафодор ит қўриқчи вазифасини бажаради.
Қор босиб, муз қопласа-да, қайнар булоқдан келадиган оби-ҳаёт...

Қолипга солингандек бир текис муз бўлакчалари...
Эсимда, мактабдан қайтар чоғимиз синфдошлар билан муз бўлакчаларини узиб "музқаймоқ" сифатида ердик.

Кумуш қорга бурканган навқирон тоғлар, узун тераклар ва яна қишнинг мўралаган қуёши...
Дарахтдаги курка... Ҳойнаҳой, Янги йил байрам дастурхони учун боқилаётгандир.
Қуёш ботиши билан осмонни қизиллик қоплади. Ҳа, демак, эртага ҳаво илийди. Қишлоқ аҳли об-ҳаво маълумотидан хабардор бўлиши шартмас, улар кўрганига ишонишади.


Қишлоғим – ҳаётимнинг бошланғич бекати, энг яхши хотираларимнинг бешигисан. Бу жойнинг соддалиги ва табиий гўзаллиги ҳар доим менга ўзгача руҳ бағишлайди.
Қишлоқ одамлари ўзининг самимийлиги ва меҳрибонлиги билан бу ерни янада жозибадор қилади.
Шу оддий маскан қалбим учун дунёдаги энг азиз жой бўлиб қолаверади.







