90 йилларнинг афсонавий мусиқаларини яратган бастакор

У асарлари ўғирланаётгани, муаллифлик ҳуқуқи топталаётганидан норози

18:02 | 02.07.2024
3.7k

Ishonch.uz бугун ўзбекистонликларнинг болалигини, хотираларини, муҳаббатини уларга эслатишга қарор қилди.

Шу мақсадда «Суюнчи», «Келинлар қўзғалони», «Тангалик болалар», «Масҳарабоз», «Ўтган кунлар», «Тўйлар муборак», «Яратганга шукр», «Абдуллажон» каби юзлаб машҳур ўзбек фильмларининг мусиқаларини басталаган композитор Мирҳалил Маҳмудов хонадонида бўлдик.

Асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё ва қатор Европа мамлакатларида ижро этилиб, эътироф этилган Мирҳалил Маҳмудов Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби ва «Офарин» мукофоти соҳиби саналади.

Мирҳалил Маҳмудов нафақат фильмларга мусиқа ёзган, шу билан бирга катта мусиқий асарлар яратган. Унинг қатор мусиқий асарлари бугунгача Ўзбекистондаги ва хориждаги турли саҳналар ва театрларда ижро этилади. Камтарона ҳаёт кечириб келаётган 77 ёшли қаҳрамонимиз бугунгача Тошкент давлат консерватриясида профессорлик қилиб, шогирдларига сабоқ бериб келмоқда.

Мирҳалил Маҳмудов умрини мусиқага бағишлади, 1980-1990 йиллардаги энг машҳур мусиқаларни тарихга муҳрлади.

3 та симфония, «Байрамона», «Фанфаралар» каби симфоник сюиталар, камер оркестр учун, скрипка ва оркестр учун концертлар, «Мухаммас ва уфор» туркуми, «Тошкент садоси», «Она Ўзбекистон», «Кўҳна Чош» ораториялари, «Ватан шаҳнози», «Элга баҳор келди», «Элим, насибанг улуғ!», «Ўзбекистон» қасидалари муаллифнинг серқирра ижодкор эканлигидан далолат беради. Ижодкор театр-саҳна мусиқаси ва киномусиқа соҳасида катта натижаларга эришди. Унинг «Синдирилган кўза», «Ишчи фарзанди», «Ака-ука совчилар», «Кумуш» каби кўплаб драма ва комедиялари ҳозирги замон саҳна ижодиётининг энг илғор намуналаридан ҳисобланади.

Ижодкорнинг фаолияти бўйича илмий иш қилган тадқиқотчиларнинг фикрича, Мирҳалил Маҳмудов соф ўзбекона колоритни ўзида мужассам қилган, миллий ҳиссиётларни юзага чиқара олган. У ўзга халқларнинг мусиқаларига эргашмагани, тақлид қилмагани, ўзбек кино санъатида мусиқа орқали образ ярата олгани билан қимматли. Ўзбек маданияти ва тафаккурининг шаклланишига ҳисса қўшган Мирҳалил Маҳмудов бугун ўз мусиқаларининг муаллифлик ҳуқуқи поймол этилаётганидан норози. Ижодкор билан суҳбатни You Tube каналимизда томоша қилинг.

Мафтуна Каримова,
Қувончбек Тўраев.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

744 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади
90 йилларнинг афсонавий мусиқаларини яратган бастакор | Ishonch.uz