Академияда қўшалоқ хурсандчилик

15:38 | 05.11.2026
•
11
Академияда қўшалоқ хурсандчилик
Катталаштириш

Касаба уюшмалари Федерациясига қарашли Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида 1-босқичга қабул қилинган талабаларни табриклаш ҳамда 11 ноябрь – «Касаба уюшмалари куни» муносабати билан байрамона тадбир бўлиб ўтди. Унда академия ректори Сайфулло Аҳмедов сўзга чиқиб, ўқишга қабул қилинган ёшларни қутлади ва уларга омад тилаб, рамзий рейтинг дафтарчалари ҳамда талабалик гувоҳномаларини тантанали топширди.

Шу билан бирга, касаба уюшмалари кунининг аҳамияти ҳақида гапириб, йиғилган ўғил-қизларнинг бўлажак касаба уюшмаси вакиллари эканини таъкидлади ҳамда ўзининг қимматли тавсия ва маслаҳатларини берди. Сўнгра талабалар касб сирларини пухта ўқиб-ўрганиш ҳақидаги қасамёдни қабул қилишди.

Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, таълим даргоҳида 1,5 мингдан ортиқ ёшлар таҳсил олмоқда. Улар меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги, инсон ресурсларини бошқариш, ижтимоий иш, менежмент, психология, метрология ва стандартлаштириш, иқтисод, ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ҳамда юриспруденция йўналишларида кундузги ва кечки босқичда ўқишмоқда.

Даргоҳда мунтазам равишда маънавий-маърифий тадбирлар, ўз соҳасида катта муваффақият қозонган инсонлар билан учрашувлар ташкил этилади. Яқиндагина Ректор кубоги учун «Энг китобхон талаба» танлови ўтказилиб, тадбирда ғолиб бўлган ёшлар махсус мукофотлар билан тақдирландилар.

– Академияга қабул қилинганимни шу байрамда яна бир бор юракдан ҳис қилдим. Бу ерда фақатгина билим олиб қолмасдан, ҳаётдаги энг қадрдон дўстларимизни топяпмиз. Академия жамоаси ҳам катта оиламизга айланиб бораяпти. Бу ердаги муҳит ва шароитлар аъло даражада. Биздан фақат яхши ўқиш талаб қилинади, – дейди биринчи босқич талабаси Шоҳжаҳон Номозалиев.

Тадбир ёшларнинг ижодий чиқишлари, устозлар ва меҳмонларнинг илиқ тилаклари ҳамда байрамона куй-қўшиқлар билан давом этди.

Зебо Намозова,
Жасур Соликов,
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади