Қисқаришга тушиб бўшаган ходимни ишга тикласа бўладими?
Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
–МК 561-моддаси 1-қисмига кўра, меҳнат шартномаси қонуний асоссиз бекор қилинган, ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган, меҳнат шартлари ўзгартирилган ёхуд ишдан четлаштирилган ҳолларда якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи орган ходимни аввалги ишига тиклайди, шунингдек аввалги меҳнат шартларини тиклайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 20.11.2023 йилдаги 26-сон қарорининг 62-бандида ҳам меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинганда ходим аввалги ишига тикланиши шартлиги белгиланган.
Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, ходим аввалги ишига тикланиши шарт экан. Аввалги иши қисқариб кетган бўлсачи? У ҳолда штат жадвалига ўзгариш киритилади, ходим аввалги ишига тикланади ва қисқариш жараёни яна қайтадан бошланади.
Истисно МК 561-моддаси 4-қисмида белгиланган. Унга кўра, ғайриқонуний равишда ҳукм қилинганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ёхуд ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги муносабати билан ишдан (лавозимидан) четлаштирилган ходимга аввалги иши (лавозими) берилиши керак, агар бунинг имкони бўлмаса (ташкилотнинг (унинг алоҳида бўлинмасининг) тугатилиши, қисқартиришга олиб келган штатлар ўзгариши ёки ишига (лавозимига) тикланишига тўсқинлик қилувчи қонунда назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлган тақдирда), аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши керак.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0