Хусусий корхоналар ёки қўшма корхоналар ўз ходимига меҳнат таътили бермасликка ҳақлими?
Саволга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Мурожаатлар билан ишлаш шўъба мудири Гўзаля Рзаева жавоб берди.
— Албатта хусусий ва қўшма корхоналарда ишлаётган ходимлар ҳам меҳнат таътили олишга ҳақли. Ўзбекистон Конституциясининг 44-моддасига асосан, ҳар ким дам олиш ҳуқуқига эга. Ёлланиб ишловчиларга дам олиш ҳуқуқи иш вақтининг давомийлигини, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларини, ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини белгилаш орқали таъминланади.
Ушбу ҳолатда сиз ўз ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш мақсадида давлат ёки касаба уюшмалари меҳнат инспекциясига мурожаат қилинг.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маълумот учун! Меҳнат кодексининг 217-моддасининг ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кунни ташкил этади. Бундан келиб чиқиб айтиш керакки, сизга минимал йигирма бир календарь кун таътил берилиши шарт.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 218-моддасига асосан, қонунчиликда белгиланганидан ташқари, ҳар йилги асосий узайтирилган таътиллар бериш, шунингдек, ҳар йилги асосий узайтирилган таътилнинг давомийлигини унинг қонунчилик билан кафолатланган давомийлигига нисбатан кўпайтириш жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилиши мумкин.
Шундай экан, сизга бериладиган таътилнинг аниқ миқдорини билиш учун ишлаб турган жойингиздаги жамоа шартномаси билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз.
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0