“Декрет” кейинги “декрет”га уланса пул тўланмайдими?
Ушбу саволга меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперт Муҳаммадамин Каримжонов жавоб берди.
– Мен декрет таътилидаман. Бир ҳамкасбим ишга чиқинг, бўлмаса 2-туғуруққа декрет пули берилмайди деди. Шу тўғрими, илтимос аниқлик киритсангиз.
Нигора Олимова, Самарқанд вилояти
Бу саволга меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперт Муҳаммадамин Каримжонов жавоб берди.
– Бу мутлақо асоссиз!
Бола парвариши таътили шундай таътилга уланганда ҳам “декрет” пули берилади. Фарзандлар сонига ҳам ҳеч қандай чеклов йўқ. Бундай вазиятда такрорий ҳомиладорлик учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосда берилаверади. Яъни, ходим 1-фарзанди учун “декрет”га чиқиб, сўнг бола парвариш таътили давомида 2 ва 3-фарзандлари туғилса уларга ҳам “декрет” тўланаверади.
Соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 20 мартдаги буйруғига илова тарзда “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома киритилган. Унинг 29-бандига кўра, бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътил ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътилда бўлган аёлларнинг такрорий ҳомиладорлиги учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосда берилади.
Ҳисоб-китоб қандай қилинади? “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида” низом бандларига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Нафақаларни ҳисоблашда асос қилиб олинадиган ҳақиқий иш ҳақига иш жойидан, суғурта бадаллари ундирилиб тўланадиган жами иш ҳақи тўловлари киради.
Низомнинг 58-бандига кўра, ходим узрли сабабларга кўра иш ҳақига эга бўлмаган, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақидан нафақа ҳисоблаб чиқарилиши лозим бўлган ҳолларда нафақа тариф ставкаси (лавозим маоши) ва мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилиши лозим.
Бунда тариф ставкаси ёки энг кам иш ҳақи туман коэффициенти ва устамалар белгиланган жойларда ишлаганлик учун бериладиган устамаларни ҳисобга олган ҳолда асос қилиб олинади. Энди иккинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун “суюнчи пули” барчага берилмайди.
“Декрет пули ҳамда ”суюнчи пули” умуман бошқа нарсалар, шуни унутманг!
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0