Пенсия ёшига яқинлашиб қолган ходимни ишдан бўшатиш мумкин эмасми?
Меҳнат қонунчилигида пенсия ёшига яқинлашиб қолган ходим (2 йил олдин) билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас, деган талаб мавжуд эмас. Меҳнат шартномаси Меҳнат кодексида ва бошқа қонунларда назарда тутилган асослар бўйича бекор қилиниши мумкин.
Пенсия ёшига яқинлашиб қолган ходим билан Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 1- ва 2-бандларида кўрсатилган талаблар бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинса, у муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар:
- эркаклар — 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;
- аёллар — 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бундан ташқари, “Алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисида”ги йўриқномага биноан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш ва тўлаш тартиби белгиланади.
Муддатидан олдин пенсия суғурта қилинган ва мазкур йўриқноманинг 2-бандига мувофиқ ишдан озод этилган (ёки белгиланган тартибда ишсиз, деб эътироф этилган) ходимларга: эркаклар — 58 ёшдан 60 ёшгача бўлиб, умумий меҳнат стажи йигирма беш йилдан кам бўлмаган тақдирда, аёллар — 53 ёшдан 55 ёшгача бўлиб, умумий меҳнат стажи йигирма йилдан кам бўлмаган тақдирда тайинланади.
Ишсиз деб эътироф этилиб, муддатидан олдин пенсия тайинлаш учун ҳужжати тақдим этилган фуқароларга ишсизлик нафақаси тайинланмайди. Агар фуқаронинг муддатидан олдин пенсия олиш ҳуқуқи ишсизлик нафақасини олиб турган вақтда вужудга келса, ишсизлик нафақаси тўлови тўхтатилади.
Диққат! Пенсия ёшига яқинлашиб қолган ходим билан МКнинг 161-моддаси 2-қисми 1- ва 2-бандларида кўрсатилган сабабларга (асосларга) кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда, пенсия нақд бўлди, дегани эмас.
Пенсия ёшига яқинлашиб қолган ходим қонунчиликда белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилиши лозим, агар ишсиз деб эътироф этилмаса, муддатидан олдин пенсияга чиқолмайди.
Муддатидан олдин тайинланган пенсиялар ишламайдиган фуқароларга тўланади. Бундай пенсияни олаётган фуқаролар пенсия олиш ёшига (эркаклар 60 ёшга, аёллар 55 ёшга) етгунга қадар ишга кирган ҳолларда муддатидан олдин пенсия тўлаш тўхтатилади.
Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ жавоб берди
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0