“Чегара ёпиқлиги боис фарзандларимни 9 ой кўролмаганман”
Тожикистондан Бешариққа келин бўлган юртдошимиз ҳикояси
Азал-азалдан ўзбек ва тожик халқи ёнма-ён, аҳил-иноқ яшаб келган. Бир-бирига қиз узатган, келин олган.
Маҳбуба Ҳамроқулова 2000 йилда Тожикистондан Бешариқ туманига келин бўлиб тушган.
Аммо чегаранинг ёпиқлиги, ўтказиш пунктларидаги расмиятчиликлар, ҳужжат тайёрлаш билан боғлиқ қийинчиликлар унинг бахтли яшашига монелик қиларди.
Шундай кунлар бўлганки, тўртинчи фарзандини дунёга келтирган пайтда, паспортига урилган виза муддати тугаб қолгани боис, 4 кунлик чақалоғи билан Тожикистонга қайтиб кетишга мажбур бўлган.
Фарзандлари эса, Бешариқда қолгани сабабли, уларни 9 ой кўра олмаган.
Шукрки, яхши кунлар келди. Икки қардош давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан бу каби муаммолар барҳам топди.
2019 йил 21 март санаси Маҳбуба Ҳамроқулованинг ҳаётидаги энг қувончли кун бўлди. Чунки ушбу санада унга фуқаролик паспорти берилди. Чегара постларининг очилиши икки томон фуқароларининг эмин-эркин, ортиқча оворагарчиликларсиз борди-келди қилишлари учун катта қулайлик яратди.
Ҳозирда Маҳбуба Ҳамроқулова оиласи билан фаровон яшамоқда. Икки ўғли қўлигул уста бўлди. Қизи эса олий ўқув юртига кириш учун астойдил ўқимоқда. Кенжа фарзанди ҳарбий бўлишни ният қилган. Энди унинг бошидан ўтган оғир кунлар ўтмишда қолди. Тўрт фарзанднинг онаси Маҳбуба Ҳамроқулова бугун Ўзбекистонда бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Жамшид Эргашев,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0