Ходимнинг дам олиш ва овқатланиш тартиби қандай?
Ушбу саволга соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Расулбек Аллаберганов жавоб беради.
Меҳнат кодексининг 204-моддасига биноан, ҳар бир ходимга иш куни (смена) давомида овқатланиш ва дам олиш учун давомийлиги икки соатдан кўп ва ўттиз дақиқадан кам бўлмаган танаффус берилиши шарт. Ушбу танаффус иш вақтига киритилмайди ва ходим бу вақт учун ҳақ олмайди, бинобарин, мазкур вақт оралиғида ходим иш берувчининг назоратидан озод бўлади ва ўз вақтини хоҳишига кўра тасарруф этади, ҳатто иш жойидан чиқиб кетиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Танаффус беришнинг аниқ вақти ва давомийлиги корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги индивидуал келишувда белгиланади. Агар ходимнинг кунлик иши тўрт соатдан ошмаса, ички қоидаларда бундай танаффусни бермаслик имконияти ҳам назарда тутилиши мумкин. Бироқ, агар иш вақти жамлаб ҳисобга олинадиган тартибда ишлаётган ходимларнинг иш куни саккиз соатдан ошиб кетса, иш берувчи уларга камида иккита дам олиш ва овқатланиш танаффусини тақдим этиши лозим бўлади.
Шу билан бирга, ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари туфайли танаффус бериш имкони бўлмаган иш жойларида (масалан, узлуксиз жараёнлар) иш берувчи ходимга иш вақти давомида дам олиш ва овқатланиш учун шароит ва жой ташкил қилиб бериши шарт. Бундай истисноли ҳолатлар корхонанинг ички локал ҳужжатларида аниқ кўрсатилиши лозим. Шунингдек, айрим тоифадаги ходимлар учун (масалан, оғир шароитда ишлайдиган ёки соғлиғига кўра имтиёзга эга шахслар) қонунчилик ва санитария нормаларида қўшимча дам олиш тартиблари ҳам белгиланиши мумкин.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0