Эндиликда декрет пули камаядими?
Савол: 1 январдан декрет пулларини ҳисоблаш тартиби ўзгардими, миқдори камаядими?
Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
Вазирлар маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон қарорига 4-илова — “Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, суғурталанган шахсларга нафақа миқдори қуйидаги тартибда ҳисобланади.
Нафақа ҳисоблаш формуласи:
Нафақа миқдори = ЎОИҲ ÷ 25,3 × СК × КС
Бу ерда:
ЎОИҲ — ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи;
25,3 — иш кунларининг ўртача ойлик сони
(365 — йиллик кунлар, 52 — якшанбалар, 9 — байрам кунлари = 304; 304 ÷ 12 = 25,3);
СК — суғурта стажига қараб қўлланадиган коэффициент;
КС — меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган ва жамғарма ҳисобидан қопланадиган кунлар сони.
Суғурта стажига қараб коэффициентлар:
10 ойдан 24 ойгача — 75%;
25 ойдан 60 ойгача — 85%;
61 ой ва ундан ортиқ — 100%.
Муҳим ўзгариш
Нафақа ҳисоблашда ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақининг фақат меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 бараваригача бўлган қисми ҳисобга олинади. Ушбу лимитдан юқори қисми инобатга олинмайди.
Қўшимча тартиблар:
Нафақа меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган давр учун тўланади.
Якшанба кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ҳисоб-китобга киритилмайди.
Содда мисол фараз қиламиз:
ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи — 20 млн сўм;
суғурта стажи — 24 ой;
амалда ҳисоблашда лимит сабаб 12 млн 710 минг сўм (энг кам иш ҳақининг 10 баравари) ҳисобга олинади.
24 ойлик стаж (75%):
(12 710 000 ÷ 25,3) × 75% × 106 кун ≈ 39 млн 938 минг сўм
61 ойдан ортиқ стаж (100%):
(12 710 000 ÷ 25,3) × 100% × 106 кун ≈ 53 млн 251 минг сўм
Илгари эса 20 млн сўмлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисоблангани учун декрет пули 80 млн сўмдан ортиқ чиқиши мумкин эди.
Аввал нафақа ходимнинг тўлиқ ўртача ойлик иш ҳақидан ҳисобланар эди.
Энди эса — энг кам иш ҳақининг 10 бараваригача бўлган қисмигина ҳисобга олинади. Шу сабабли кўп ҳолларда декрет пули миқдори камайиши мумкин.
(Энг кам иш ҳақи ошса, ҳисоблаш базаси ҳам ўзгаради.)




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0