Ёш болали ва ҳомиладор аёлларга иш фаолиятида имтиёз бериладими?
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори Алишер Раҳматов қуйидагича жавоб берди:
— Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни, уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб ишга қабул қилмаслик, ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш деб ҳисобланади.
Уларни ишга қабул қилишни рад этиш ва иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Шунингдек, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга дастлабки синов белгиланмайди.
Қонунчиликка кўра, йиллик асосий таътил ходимларга биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Лекин аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин, уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади.
Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади.
Ҳомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0