“Қизил империя”нинг сўнгги раҳбари: Горбачев йўл қўйган хатолар
2022 йил 30 августда тарихдаги зиддиятли сиёсатчилардан бири Михаил Горбачев вафот этганди. Ушбу воқеага бугун роппа-роса икки йил тўлди.
Совет Иттифоқи дея аталмиш давлатга 6 йил раҳбарлик қилган, СССРнинг биринчи ва охирги президенти ҳисобланмиш Горбачев даври тарихда “қайта қуриш” номини олган ва муваффақиятсизлик билан якунланганди. Айнан Горбачев даврида дунёда ҳудуди бўйича энг катта давлат парчаланиб кетди. СССР собиқ раҳбарининг шахсияти, сиёсати ҳақида турфа фикрлар билдирилади. Қуйида Горбачевга оид айрим муҳим маълумотлар, унинг собиқ империяни сақлаб қолишга уринишлари ва хатоларини ёдга оламиз.
Ёшлик ва мансаб пиллапояларидан кўтарилиш. Михаил Сергеевич Горбачев 1931 йил 2 мартда Россия жанубидаги Ставропол ўлкасида, деҳқон оиласида туғилган. Унинг оиласи ҳам Сталин террорларидан четда қолмаган. Бўлажак раҳбарнинг она томонидан бобоси 1937 йилда троицкизм учун ҳибсга олинган, лекин бир йилдан кейин ҳибсдан озод қилинган. Шунга қарамасдан ёш Горбачев замонга мослашишнинг уддасидан чиқди ва ҳатто ўсмирлигида, 1948 йилда Қизил байроқ орденини олишга муваффақ бўлди. 19 ёшида у Москва давлат университетининг ҳуқуқшунослик бўлимига имтиёз асосида ўқишга кирди.
Ўқишни битириб, Ставрополга қайтган йигит маҳаллий прокуратурада узоқ ишламади. 1966 йилда Горбачев КПССнинг Ставропол ўлка қўмитасининг биринчи котиби, 1971 йилдан эса Марказий Қўмитанинг аъзоси бўлди.
Ўлка ҳудудида Кавказ минерал сувлари санаторийлари мавжуд бўлиб, уларда сиёсий бюронинг кекса аъзолари мунтазам равишда соғлиғини яхшилар эдилар. Горбачев Москвадан келган ҳурматли меҳмонларни кутиб олиш ва уларга қулайлик яратиш орқали коммунист арбоблар билан яхши алоқаларни ўрнатди. Ўша пайтда СССРда катта мавқега эга бўлган КГБ раиси Юрий Андропов шахсан унга ҳомийлик қилган деб ишонилади.
1978 йил 19 сентябрь куни кечқурун Леонид Брежневнинг махсус поезди Минерал Сувлар шаҳрида тўхтади. Ўша пайтда «Қизил тошлар» санаторийсида бўлган Андропов Горбачевни ўша ерга олиб келди. Горбачевдан аввалги раҳбар Константин Черненко ҳам шу ерда эди. Бу СССРнинг амалдаги ва бўлажак тўрт раҳбари йиғилган лаҳза бўлган. Шундан кейин Горбачев яна “кўтарилиш”да давом этди. Ўша йилнинг 27 ноябрида у Қишлоқ хўжалиги Марказий Қўмитасининг котиби, 1980 йил октябрь ойида эса Сиёсий бюро аъзоси бўлди.
Қари ва касал совет раҳбарларининг 1982-85 йиллардаги ўлимлари ортидан мамлакатда ҳокимият заифлаша бошлади. Марказлашган режали иқтисодиётга асосланган буйруқбозлик тизими нурай бошлаганди. Худди шу онда ҳокимият тепасига ўрта ёшли ва соғлом Михаил Горбачев келди.
Горбачев ҳақида сўз юритганда одатда фикр юритувчилар икки лагерга ажралади. Жиддий қораловчи ва жиддий оқловчилар. Аксарият ҳолатларда йирик зиёлилар ҳам СССР собиқ раҳбарини улуғлайди, уни демократликда, шаффофлик ва эркинликни жорий этганлигини айтиб мақтайди. Лекин тан олиш керакки, Горбачев “қайта қуриш” дея аталмиш жараённи замонни зайли ва кучли мажбурият туфайли жорий этганди. У ва унинг сафдошлари шу орқали чўкаётган улкан давлатни сақлаб қолишга уринди. Шунингдек, Горбачев ички сиёсатда ҳам бир қатор қўпол хатолар ва тартибсизликларга йўл қўйди.
Хатолар. Жумладан, Горбачевнинг хатоларидан бири (аслида тўғри ташаббус бўлган) 1985-87 йилларда ўтказган антиалкогол кампанияси эди. Гарчи совет раҳбари энг катта муаммолардан бирини ечишга уринган бўлсада, бу уриниш пала-партиш, тез ва аёвсиз ўтказилди. Натижада мамлакатда бир муддат ичкиликбозлик камайиб, табиий туғилиш ошган бўлсада, вазият изига тушиб кетмади. Кескин чора-тадбирлар халқни эсанкиратиб қўйди, қўлбола ичкилик ясаш, заҳарланиш ва чайқовчилик урчиб кетди. Энг ёмони, антиалкогол кампанияси узоқ истиқболли ва режали эмасди, сиёсий ричаглар заифлашгач, 90-йилларда аҳвол баттар оғирлашиб кетди. Қолаверса, бу кампания шундоқ ҳам абгор иқтисодга даҳшатли зарба берди.
Яна бир хатолардан бири таҳлилчилар томонидан жуда кўп муҳокама қилинади. Бу ГКЧП воқеасидир. ГКЧП Москвада давлат тўнтариши уюштиришга уринганда, Горбачев Қримдаги Форос оролига дам олишга кетганди. Мамлакат таназзулга юз тутаётган вақтда СССР раҳбарининг бу қадами пойтахт Москвада бошбошдоқлик вужудга келишига олиб келди. Ушбу бошбошдоқлик фонида кўпчилик Совет давлати деб аталмиш империяни қутқариб бўлмаслигини англаб етди. Ушбу воқеалар юз берган 1991 йил август-сентябрь ойларида иттифоқнинг бир қатор йирик ва муҳим давлатлари (жумладан Ўзбекистон, Украина ва бошқалар) давлат мустақиллигини эълон қилди.
Айрим таҳлилчилар Горбачевнинг ислоҳотларини “демократия ниқоби остида давлатни пароканда қилган ҳаракатлар” дея баҳолайдилар. Горбачев зулм ва қаттиққўллик билан бошқариб келинган давлат ричагларини алмаштирмоқчи бўлди ва бу СССРнинг ҳалокатини тезлаштирди, дейди улар. Совет Иттифоқида очиқлик сиёсати “жинни шишадан чиқариб юборди”. Совет одамлари узоқ вақтдан бери улардан яшириб келинган нарсалар ҳақида хунук ҳақиқатни билиб олишни бошладилар: Сталин қатағонлари кўлами, Молотов-Риббентроп пактининг махфий протоколлари, номенклатуранинг ҳашаматли ҳаёти, Афғонистондаги йўқотишлар ва армиядаги “дедовшина” билан боғлиқ ёқимсиз воқеалар. Матбуот кучли қуролга айланди, халқларда миллий ўзликни англаш кучайди.
Турли миллат намояндалари ҳам эркинлик ва ошкораликдан унумли фойдаланиб, республикаларнинг СССР таркибидан ажралиб чиқиши, моноэтник давлатлар тузишни тарғиб эта бошладилар. Қорабоғ, Фарғона водийси ва Днестрбўйида миллатлараро тўқнашувлар содир бўлди. Бу Горбачев ҳокимияти йўл қўйган катта хатолардан бири эди.
Бозор иқтисодига ўтишдаги кечикиш ҳам совет раҳбари йўл қўйган камчиликлар сирасига киради. Гарчи очиқлик сиёсати 1985 йилдаёқ тилга тушган бўлсада, Горбачев ҳокимияти бозор иқтисодига ошиқмади. Бу эса акс таъсир кўрсатди. Россиялик сиёсатчи ва тарих фанлари доктори Вячеслав Никоновга кўра, “бозор иқтисодига ўтиш кечикди ва бир неча йиллар ўтиб, ҳаракат бошланганда, имконият бой бериб бўлинганди”.
1989 йилда мамлакатда саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши секинлашди ва пасая бошлади, давлат бюджети тақчиллиги ошди (1991 йилда у ялпи ички маҳсулотнинг 20-30 фоизини ташкил этди, ишсизлик 1990 йилда 3,5%, 1991 йилда 4,2% гача ўсди. XII беш йилликда (1986-1990) ялпи миллий маҳсулотнинг ўсиш суръати пасайди, 1990 йилда эса ўсиш ўрнига пасайиш рўй берди.
Халқ қўлловини ололмаган Горбачев. Демократик ҳаракатларга йўл очиб берган бўлсада, Горбачевнинг ўзи бирон марта ҳам эркин сайловлар билан лавозимга сайланмаган. Уни ҳатто СССР президентлигига ҳам халқ сайламаган. 1990 йил 15 мартда СССР халқ депутатларининг навбатдан ташқари қурултойида Михаил Горбачев СССР президенти этиб сайланди. Унинг номзоди яширин овоз бериш учун бюллетенга киритилди. 2000 нафар депутатдан 1329 нафари (59,2 фоиз) “маъқул”», 495 нафари (37,2 фоиз) “қарши” овоз берди.1991 йил декабригача Горбачев СССР Мудофаа кенгашининг раиси ва СССР Қуролли кучлари Олий Бош қўмондони ҳам бўлган. Яна бир факт: совет давлати парчалагандан сўнг, Горбачев 1994 йилда Россия президентлигига номзодини қўйган. Аммо собиқ раҳбар унда шармандали натижа қайд этди. Сайловчиларнинг бор-йўғи 0,51 фоизи Горбачев учун овоз берди.
Горбачев ва Путин. Совет Иттифоқининг сўнгги раҳбари Россиянинг ҳозирги раҳбари бўлган Владимир Путин сиёсатини бир неча бор танқид қилган, лекин буни вазминлик билан амалга оширган. Авторитар ҳокимиятнинг вайронкорлиги ҳақида гапириб, Горбачев «Ягона Россия» партиясини КПСС билан таққослаб, оммавий ахборот воситаларига босимни қоралаган. Шунга қарамай, у Россиянинг президентининг ташқи сиёсатини бир неча бор маъқуллаган. Жумладан, у 2014 йилги Қрим аннекциясини қўллаб-қувватлаганди. Горбачев буни “тарихий хатонинг тўғирланиши” дея тарифлаганди. Собиқ раҳбарнинг бу сўзлари Украина томонини ғазаблантирди ва унга ўша пайтдаёқ мамлакатга кириш тақиқлаб қўйилди. Лекин барибир Путин Горбачевга ўта илиқ муносабатда бўлмаган. Буни 2022 йили Россия раҳбарининг Горбачевнинг дафн маросимларида иштирок этмагани ҳам тасдиқлайди.
Горбачев ва Ислом Каримов. Маълумки, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов республика раҳбарлигига келганда, Горбачев ҳам СССР раҳбари эди. Икки раҳбар ўртасидаги муносабатлар бироз мураккаб бўлган. Чунки Ислом Каримов Марказ билан мувозанатли сиёсат олиб борган. 1990-1992 йилларда Президент хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари сифатида ишлаган захирадаги полковник Саъдулло Муҳаммадқулов ўз хотираларида Горбачев ва Каримов ўртасида бўлиб ўтган қисқа суҳбатни келтириб ўтади.
Маълумки, ҳали совет давлати парчаланиб улгурмасдан, Ислом Каримов 1990 йил 24 мартда Олий совет томонидан Ўзбекистон ССР президенти этиб сайланади. Ҳатто ўшанда Михаил Горбачев заҳарханда билан “Энди ўн олтита Президент бўлар эканда!” деганида, Ислом Каримов “Ҳа, керак бўлса, ундан ҳам кўп бўлади”, деб жавоб берган экан.
Хуллас, бир сўз билан айтганда Михаил Горбачев ташқи сиёсатда ижобий ишларни амалга ошириб, совуқ урушга барҳам беришга ҳисса қўшган бўлсада, унинг қарорлари юз миллионлаб кишиларнинг тақдирига таъсир кўрсатди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0