Нега каптарлар дарахтга қўнмайди?

Шаҳар кўчалари, хиёбонлар ва кўп қаватли уйлар атрофида ҳар куни юзлаб каптарларни кўрамиз. Аммо ҳеч эътибор берганмисиз, нега улар чумчуқ ёки қарғалар каби дарахт шохларига деярли қўнмайди? Кўчаларда фақат катта каптарлар юради-ю, уларнинг полапонлари ҳеч кўринмайди? «Ishonch.uz» шаҳар муҳитининг ажралмас қисмига айланган бу қушлар ҳақида ажабтовур ва қизиқарли фактларни тўплади.

13:36 | 14.10.2026
•
20
Нега каптарлар дарахтга қўнмайди?
Катталаштириш

Дарахтга эмас, бетонга интилувчи «шаҳарликлар»

Каптарларнинг дарахтга қўнмаслиги сабаби миллион йиллик эволюцияга бориб тақалади. Бугунги шаҳар каптарларининг асл аждодлари - кўк ёввойи каптарлар яшил ўрмонларда эмас, балки тик қоялар, ғорлар ва тошли тоғ бағирларида яшаган. Кўп қаватли уйлар, карнизлар, деворлар ва бетон устунлар улар учун қадимий тошли қояларнинг айнан ўзидир. Табиий инстинкт уларни доим қаттиқ ва текис сиртларга етаклайди.

Оёқ ва тана тузилиши

Каптарларнинг оёқлари дарахт шохини мустаҳкам чангаллашга эмас, текис юзада эркин юришга мослашган. Оғир танаси ва тез учишга мослашган кўкрак мушаклари сабаб уларга ингичка, тебранувчи шох-шаббалар орасида мувозанат сақлаш жуда ноқулай. Фарзандларимиз тез-тез берадиган «Каптарларнинг болалари қаерда?» деган саволининг ҳам жуда оддий ва мантиқий жавоби бор. Каптарлар чумчуқ каби очиқ шохларга уя қурмайди. Уларнинг инлари биноларнинг чердаклари, том остидаги чуқур тешиклар ва кўздан йироқ тирқишларда жойлашади. Бошқа қушларнинг полапонлари пат чиқариши билан уяни тарк этса, каптар болалари инда нақ 30–40 кун (деярли бир ярим ой) давомида ота-онаси парваришида яшайди. Уядан илк бор учиб чиққан ёш каптар ташқи кўринишидан аллақачон катта қушлардек йирик ва мустақил бўлиб улгуради. Шу сабабли кўчаларда уларнинг жажжи ва нимжон болаларини кўрмаймиз.

Тинчлик рамзими ёки «қанотли каламуш»?
Сўнгги йилларда шаҳарларда каптарлар сони кескин кўпайиб кетгани кузатилмоқда. Баъзи ғарб мамлакатларида уларни ҳазиломуз тарзда «қанотли каламушлар» деб ҳам аташади. Бунга иккита асосий омил сабаб. Биринчиси санитария жиҳатданулар 60 дан ортиқ юқумли касаллик манбаи ёки ташувчиси бўлиши мумкин. Ахлати қуриб, чангга айланганда нафас йўллари орқали инсон соғлиғига хавф туғдиради. Иккинчиси эса инфратузилмага зарари. Кислотали чиқиндилари бинолар фасадини, тарихий ёдгорликлар ва автомашиналар бўёғини емиради.
Каптарларни заҳарлаш ёки отиш орқали йўқ қилиб бўлмайди. Бу, бир томондан, гуманизмга зид бўлса, иккинчи томондан, экологиядаги «популяцион компенсация» қонунига тўғри келади. Агар қушлар атайлаб йўқ қилинса, озиқ-овқат кўпайгани сабабли тирик қолганлари янада кўпроқ тухум қўя бошлайди ва популяция қисқа фурсатда аввалгидан ҳам кўпайиб кетади.

Муаммонинг оқилона ечими

Экологлар ва мутахассисларнинг таъкидлашича, шаҳарларда каптарлар сонини жиловлашнинг энг маданиятли йўллари қуйидагилардан иборат:
Озиқлантиришни чеклаш. Жамоат жойларида оммавий равишда дон сочмаслик ва маиший чиқинди қутиларини очиқ қолдирмаслик. Озиқ-овқат манбаи камайса, популяция табиий равишда меъёрга келади.

Тўсиқлар ўрнатиш. Кўп қаватли уйларнинг чердак ва вентиляция тешикларини ўз вақтида тўрлаб қўйиш. Халқимизда «Каптарга озор берма» деган эзгу нақл бор. Шарқ маданиятида тинчлик ва барака рамзи саналган бу қушлар билан бир муҳитда хавфсиз ва тоза яшаш учун аҳолининг экологик маданиятини ошириш кифоя.

Озода Мамадалиева
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади