Президент республика бўйлаб 300 км узунликдаги зовурларни ёпиқ тизимга ўтказишни таклиф қилди
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Давлат раҳбари бугунги кунда Андижонда ҳавас қилса арзигулик ўзгаришлар бўлаётганини қайд этди.
Йиғилишда, жумладан, ердан унумли фойдаланиш бўйича Олтинкўл тажрибаси ҳақида тўхталиб ўтилди.
Олтинкўлдаги тадбиркор зовурни ёпиқ тизимга ўтказиб, 1,1 гектарда 20 та савдо ва сервис объекти қурган. Туман ҳокимлари ҳеч бўлмаганда 30 километр зовурни шу тизимга ўтказса, 1 мингта савдо-сервис объекти, 10 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан мутасаддиларга бутун республика бўйича трасса бўйидаги камида 300 километр зовурларни белгилаб, тадбиркорларга таклиф қилиш топширилди. Йил якунигача Олтинкўл тажрибаси асосида 10 мингта савдо-сервис жойи ва 100 мингта иш ўрни яратилиши белгиланди.
Шунингдек, вилоятдаги 21 минг гектар адирни 13 минг гектарига сув чиқариб, экин экиш мумкин. Мутасаддиларга республикадаги барча қир ва адирлардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Бундай ерларга сув чиқаришда насос ишлатиш учун электр энергияси нархи деҳқонларга оғирлик қилишини инобатга олиб, қуёш панели ўрнатиш учун молиявий инструментларни тезроқ ишлатиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0