Режасиз чиқаётган қарорлар ва исроф бўлаётган бюджет маблағлари
Яқинда Андижон шаҳрининг Навоий шоҳкўчасига олиб чиқувчи ички кўчалардан бирига асфальт ётқизилди. Йиллар давомида автоулов тугул пиёдаларга ҳам ноқулайлик туғдириб келаётган абгор йўлнинг янгилангани ҳудуддаги аҳолининг ҳам, теварак-атрофдаги идора ва ташкилотлар ходимларининг ҳам қувончига сабаб бўлди. Аммо орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, кўчанинг вилоят «Маърифат уйи» биқинидаги бир қисми кавланиб, янги асфальт кўчириб ташланди. Иш устида турганлар бу ҳолатга «Асфальт ётқизишдан аввал канализация таъмири билан боғлиқ бир иш ёддан кўтарилибди, узр энди, ҳечдан кўра кеч», дея изоҳ беришди.
Тўғри, бузармонлар ўз юмушларини бажаргач, кавланган ҳандақни ёпиб, теварак-атрофини пардозлаб қўйишди. Бироқ чиқитга чиққан асфальт уволи-чи?
Айни манзара бирор-бир авария ҳолати сабаб юзага келган ва онда-сонда кўзга ташланадиган ягона ҳолат бўлганида, тушуниш мумкин эди. Таассуфки, пухта режа йўқлиги, давлат идоралари, айниқса, коммунал инфратузилмага дахлдор ташкилотлар фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш талабга жавоб бермаслиги боис юқоридагига ўхшаш ҳолатлар кейинги йилларда одатий ҳолга айланди. Роппа-росса тўрт йил аввал – 2019 йил саратонида Андижон шаҳридаги гавжум ва серқатнов нуқталардан бўлмиш Тинчлик кўчасининг тахминан 500-600 метрлик қисми эски асфальт қолдиқларидан обдон тозаланиб, йўлнинг икки четидаги лоток қирғоқларигача ҳафсала билан асфальт босилди. Бироқ орадан икки ой ўтгач, махсус техникалар кутилмаганда равон кўчанинг бир томонини бошидан охирига қадар кавлай бошлашди. Аниқланишича, ичимлик суви қувурларини янгилашга аҳд қилишибди. Исроф бўлган асфальт, ишонинг, шаҳардаги тор ва ўйдим-чуқур ички кўчалардан бирини қоплайдиган даражада эди. Хуллас, қувурлар ётқизилди, устига шағал аралаштупроқ тортилди, аммо кўчирилган асфальт ўрни ямалмади. Оқибатда ёғин-сочинли кунларда кўчанинг бир томони дала йўлидан кўпам фарқ қилмайдиган лойга айланадиган бўлди.
Юқорироқ идорада «Йиллар давомида эътибор қаратилмаган қувурларни алмаштириш масаласи нега энди айнан асфальт босилгандан сўнг ёдингга тушди?
Увол бўлган хомашёнинг ҳисоб-китобини ким жойига қўяди энди?» дейдиган мард топилмади. Йўқса, ҳудудда мана шундай телба-тескари, пойинтар-сойинтар иш услуби бугунга қадар сақланиб қолмаган бўларди.
Қурилиш ва шаҳарсозлик қоидаларига кўра, аввал коммуникация тармоқлари билан боғлиқ монтаж ишлари якунланиши, сўнг йўлни текислаш, асфальтлаш жараёни бошланиши керак. Бироқ бугун қурилиш-таъмирлаш жараёни кӯпинча мана шундай режасиз, тартибсиз ва пойма-пой тарзда ташкил этилади. Бу ҳол, таъбир жоиз бўлса, шим кийишдан аввал туфлини оёққа илгандек гап.
Хизмат юзасидан катта-кичик раҳбарларнинг сайёр қабулларида кузатувчи сифатида қатнашишимизга тўғри келади. Ҳозирги қабулларнинг тўрт-беш йил аввалгисидан фарқли жиҳатларидан бири, кўчасини асфальт қилдириш масаласида мурожаат қилувчилар сони анча камайди. Чунки бугунга келиб, ички кўчалар ҳолатига эътибор бир неча карра ўсгани рост.
Ҳолбуки, 2017-2019 йилларда қабулларда энг кўп кўтариладиган муаммолардан бири асфальт масаласи бўлган. Шунданми, ўша йиллари Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов одамлар билан деярли ҳар бир мулоқотда муаммолар босқичма-босқич ҳал бўлишини айтиб, 1 километр йўлга асфальт ётқизиш учун 200 миллион сўм сарфланишини, вилоят бўйича асфальт ётқизилиши зарур бўлган ички кўчаларнинг умумий узунлиги эса 11 минг километрга тенглигини таъкидлашдан чарчамас эди.
Бугун эса, айтилганидек, асфальтлаштириш масаласи айтарли муаммо эмас. Бироқ асфальтни увол қилиш, сарфланган меҳнатни чиппакка чиқариш ва давлат бюджетига зарар етказиш ҳолатлари учун бирор масъул шахснинг лоақал бурнига чертиб қўйилганини кўрмадик ҳам, эшитмадик ҳам. Ҳолбуки, айни ҳолатни қарийб барча ҳудудларда учратиш мумкин.
Гап муайян масалалар юзасидан фаолияти бир-бирига боғлиқ идоралар ўртасидаги мувофиқлаштириш хусусида борар экан, аукционга қўйилган ер майдонлари борасида ҳам тадбиркорлар баъзан масъулиятсиз амалдорлар касрига овораю сарсон бўлаётганини қайд этмасак бўлмайди.
Мана, бир мисол. Икки йил аввал Балиқчи туманининг Қумтепа маҳалласи гузари ўрамида жойлашган ер майдони дўкон ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари қурилиши учун «E-ijro auksion» портали орқали кимошди савдосига қўйилади. Савдода тадбиркор Шукрулло Ҳожиматов ғолиб бўлади. Бироқ аукцион ғолиби томонидан пул тўлаш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида зикр этилаётган ҳудудда қурилиш ишлари олиб бориш мумкин эмаслиги хусусидаги гап-сўзлар болалайди. Суриштирилса, чиндан ҳам шундай: тадбиркорнинг сўровига биноан Чинобод электр тармоқлари корхонаси бошлиғи А.Султонов имзоси билан «айни жой электр тармоқларининг муҳофаза ҳудуди ҳисобланиши, шу боис бино-иншоотлар барпо этиш тақиқланиши, Балиқчи тумани ер ресурслари ва кадастр бўлими томонидан бу ҳақда ҳеч қандай сўровнома ёки ёзма мурожаатсиз электрон аукционга қўйилгани» ҳақида маълумотнома тақдим этилади.
Тадбиркор, ўз навбатида, ишга лоқайдлик билан қараган ва ерни сотувга чиқаришга хулоса берган масъулларга чора кўрилишини сўраб, икки бор прокуратурага мурожаат қилди. Аммо прокуратуранинг «кадастр ходимларининг хатти-ҳаракатларида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланмаган»и хусусидаги ҳамда адвокатнинг ўз мижозини ҳимоя қилиб ёзган битикларидан кўпам фарқ қилмайдиган жавоб хатидан сўнг тадбиркор қўлни ювиб қўлтиққа урди. Унинг аукционда қатнашиш олдидан тўлаган бошланғич тўлов пулини қайтариш масаласи ҳам очиқ қолди.
Учала ҳолатдан ҳам кўриниб турибдики, бугун маҳаллий ижро органлари, жумладан, коммунал идоралар фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш масаласи чиндан-да, ислоҳотга муҳтож. Сўз бораётган соҳаларда тартибли иш услубига ўтилмас ва жиддий хатолар учун муқаррар жавобгарлик белгиланмас экан, давлат маблағлари ҳавога совурилаверади, тадбиркорнинг ишончига эса путур етаверади...
Нурилло НЎЪМОНОВ,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0