Самарқанддаги ҳашам сабоқ чиқаришга асосми?
Бир инсоннинг йиғиб-тергани ҳавога совурилди. Уни қуриб битиргунча қанча меҳнат, сарф-харажат кетганди. Бу йўлда чекилган заҳматларни-ку, айтиб адоғига етиш қийин. Хом сут эмган бандамиз-да. Бу қўтир кўнглимиз нималарни тусамайди, дейсиз!
Тўйда тирик балиқни дастурхонга безак сифатида тортиқ қилишдан тортиб, лаган-лаган тиллаларни кўз-кўз қилишдан ҳузур-ҳаловат топадиган бўлиб қолдик. Камига “мардикор”ни Япониядан ёллаб “қўзиқорин” шаклидаги иншоотга пойдевор ҳам қўйвордиг-эй. Аммо нега ҳеч ким қандингни ур демаяпти, дея ҳайрон бўлаётганимиз ортиқча. Айнан қонуннинг ғашига тегадиган ишларга ружу қўя бошладик чоғи.
Самарқанд туманидаги Жуйисой маҳалласида айтилиши бўйича ўн йилдан ортиқ муддатда қуриб битказилган кўп қаватли бино озмунча тортишувларга сабаб бўлмади. Ҳайҳотдек шаҳарда шунча йил қурилиш талабларига зид бунёдкорлик иши бажарилса-ю, то қуриб битказилгунича бирор-бир масъулнинг кўзи тушмаган бўлса-я? Ахир битта товуққа катак қурсанг ноқонуний қурилиш, дея жаримага тортадиганларнинг кўзи шунча йил қаёққа қаради? Кўп муҳокама-ю тортишувлардан сўнг ҳолат бўйича Самарқанд тумани ҳокимлиги расмий муносабати эълон қилинди.
Унда баён этилишича, “Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг 2022 йил 6 июлдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар Ф.Х. томонидан тумандаги “Жуйисой маҳалласи ҳудудида ўзига тегишли ер майдонида ўзбошимчалик билан, шаҳарсозлик меъёрлари қоидаларига зид равишда ҳамда “Ўзоғирсаноатлойиҳа” институтининг хулосасига кўра зилзилабардошлик талабларига жавоб бермайдиган, қурилиш ости ер майдони 160 кв.м.дан иборат 12 қаватли бино (меҳмонхона)сини ўз ҳисобидан буздириш белгиланган. Мазкур қарорга нисбатан Ф.Х.нинг шикоятлари апелляция, кассация ва назорат тартибидаги судларида рад этилган. Қарор ижроси Мажбурий ижро бюроси Самарқанд тумани бўлими томонидан ижро этилмоқда".
Бундай бузиш талаби қўйилган иншоот Самарқандда ягона эмас. Шаҳарнинг Даҳбет кўчасидаги 14 қаватли турар-жой биносига ҳам шундай талаб қўйилганди. Қурилиш ташкилотчисига қонуний чора ҳам қўлланилди. Аммо бинонинг катта қисмида аҳоли яшаб келаяпти.
Қурилиши чала қисмига ҳам одамлар аллақачон пул тўлаб, эгалик қилолмасдан келмоқда. Мана 4-5 йилдирки, бу бино на бузилади, на қурилиши давом эттирилади. Туризм салоҳияти кундан кунга гуркираятган шаҳри азим ҳуснига мазкур иншоот чолдевори хунук манзара касб этаётгани ҳам бор гап. Ушбу иншоот тақдири хусусида мутасаддиларнинг чайланиб қолганлигини сира тушуниб бўлмаяпти.
Нурилла Шамсиев,
“Ishonch”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0