«Шарафли йўл»: ёш журналист ва блогерлар ижоди эътироф этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан белгиланган қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ёш журналистлар ва блогерлар ўртасида «Шарафли йўл» видеороликлар кўрик-танлови ташкил этилди.
Танловдан кўзланган асосий мақсад — ёш ижодкорларнинг салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий медиа имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда Ватан, истиқлол ва юртимиз ҳаётини таъсирчан ёритишга рағбатлантириш, шунингдек, сифатли видеоконтент яратиш маданиятини ривожлантиришдан иборат.
«Шарафли йўл» кўрик-танлови учта йўналишда ўтказилди. Булар — профессионал ижодкорлар учун «Энг яхши видеоролик», «Сунъий интеллект ёрдамида яратилган энг яхши видеоролик» ҳамда «Мобилография асосида яратилган энг яхши видеоролик» номинацияларидир.
18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш журналистлар ва блогерлар ўз ижодий ишлари билан танловда иштирок этди. Танлов ҳақидаги илк эълондан сўнг ижодий ишлар 2026 йил 28 августга қадар қабул қилинди. Шу давр мобайнида иштирокчилар томонидан турли мавзуларда, замонавий ёндашув ва креатив ғояларга асосланган кўплаб видеороликлар тақдим этилди.
Танловнинг муҳим босқичлари, эълонлар ва жараёнлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг расмий Telegram канали орқали мунтазам ёритиб борилди.
Келиб тушган ижодий ишлар профессионал ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳоланди. Бунда иштирокчиларнинг ғояни ёритиш ва мазмунни очиб бериш маҳорати, тасвирий ечим, монтаж сифати, ижодий ёндашуви ҳамда видеоларнинг замонавий медиа талабларига мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Холис ва адолатли баҳолаш жараёни якунига кўра, энг муносиб ижодий ишлар саралаб олиниб, танлов ғолиблари аниқланди.
Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросимида уларга белгиланган совғалар ва эсдалик мукофотлари топширилди.
Тадбир доирасида, шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига тавсия этилган бир гуруҳ журналистларга Уюшманинг аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.
Тантанали тадбир якунида иштирокчилар эътиборига «Журналист» бадиий фильми намойиш этилди.
«Шарафли йўл» кўрик-танлови ёш журналист ва блогерларнинг ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий медиа соҳасидаги маҳоратини ошириш ҳамда истиқлол ғояларини таъсирчан ва креатив контент орқали кенг тарғиб этишга хизмат қилди.







