Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири тор доирада музокара ўтказди
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган.
5 февраль, чоршанба куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим ўртасида тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокаралар бўлиб ўтди.
Унда, жумладан, Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш мақсадида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, ўзаро саноат кўргазмаларини ўтказиш, Саноат кооперацияси дастурини қабул қилишга келишиб олинди.
Малайзия ҳукумати Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватламоқда.
Етакчилар 2025-2026 йилларни Ўзбекистон-Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври деб эълон қилишга келишиб олдилар.
Иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделининг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Булар – нефть-кимё ва кимё, электроника ва яримўтказгичлар саноати, инновацион саноат, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, "яшил" энергетика, зиёрат туризми ва бошқалар.
Кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент вилоятида Малайзиянинг етакчи компанияси бошқарувида махсус иқтисодий зона ташкил этилмоқда.
Давлат раҳбарлари фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар. Жорий йилда Ўзбекистон ва Малайзияда маданият ҳафталиклари ўтказилади.
Етакчилар минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Терроризм, радикализм ва исломофобияга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Музокаралар якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни тайёрлашга қарор қилинди.
Якунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0